Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 02 / Қонунчиликдаги янгиликлар

2018 йилда солиқлар тўланишини ўзгартирадиган янгиликлар

 

Президентимизнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ–3454-сон қарори билан 2018 йилга макроиқтисодий прогноз ва Давлат бюджети параметрлари тасдиқланди («СБХ» ва «Норма маслаҳатчи» газеталарининг олдинги ва ушбу сонлари ҳужжатлар пакетида чоп этилган).

 

Бу каби қарорлар ҳар йили қабул қилинади. Уларда бухгалтерлар, молиячилар ва иқтисодчилар учун муҳим бўлган нормалар акс эттирилади. Бюджет кўрсаткичлари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкалари, жорий этиладиган ва бекор қилинадиган имтиёзлар, солиқ ва бюджет сиёсатидаги ўзгаришлар муносабати билан қонуности ҳужжатларига киритиладиган тузатишлар шулар жумласидан. Бир сўз билан айтганда – бу келгуси йил учун мамлакатнинг асосий молиявий ҳужжати ҳисобланади.

2018 йил учун асосий янги нормалар қуйидагилардан иборат бўлди:

√ солиқ ва бошқа тушумларни маҳаллий бюджетлар фойдасига қайта тақсимлаш ҳамда Жўқорғи Кенгес ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг бюджет ваколатларини кенгайтириш;

√ юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи билан бирлаштириш, шунингдек илгари мавжуд бўлган 3 та мустақил ажратмани (Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ва Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасига) ягона тўлов – давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштириш;

√ Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига маҳаллий вакиллик органлари билан келишилган ҳолда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкаларини ошириш ва камайтириш ваколатини бериш;

√ маҳаллийлаштириш дастурига киритилган барча корхоналар ва экспорт қилувчи корхоналар учун экспорт улушига боғлиқ ҳолда бериладиган имтиёзларни бекор қилиш;

√ нотижорат ташкилотларга бизнесдан олинган даромадлар қисмида ягона солиқ тўловига ўтиш ҳуқуқини бериш ва бошқалар.

 

Иккита солиқ биттага бирлаштирилди

2018 йилдан бошлаб ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғининг бекор қилиниши муносабати билан солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимидаги корхоналар фақат юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлайди. Шу туфайли фойда солиғининг ставкаси аксарият тўловчилар учун 14% этиб белгиланди (ПҚ-3454-сон қарорга 7-илова). Расман олганда у оширилди (2017 йилда – 7,5% бўлган). Бироқ амалда, фойда солиғининг ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи (8%) билан бирлаштирилишини инобатга олганда у 0,9%га камайган.

Аукционлар ва оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромад олувчи юридик шахслар ҳам фойда солиғини 14% ставкасида тўлайди. 2017 йилда фойда солиғини улар алоҳида – 35% ставка бўйича тўлашган.

Қуйидагилар учун фойда солиғининг алоҳида ставкалари сақлаб қолинди:

√ тижорат банклари учун – 22%;

√ мобиль алоқа хизматлари кўрсатадиган уяли алоқа компаниялари учун. Рентабеллик даражаси 20%гача бўлганда солиқ ставкаси 14%ни ташкил этади. Рентабеллик даражаси 20%дан юқори бўлганда – рентабеллик даражаси 20 фоиздан юқори бўлган фойда суммасининг 50%и.

2018 йилдан мазкур икки солиқнинг бирлаштирилиши муносабати билан фойда солиғи ёки ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан тўлиқ озод этиш тарзидаги вақтинчалик имтиёзга эга бўлган юридик шахслар фойда солиғини 2 баравар пасайтирилган ставкада тўлаш ҳуқуқига эга бўлдилар. Пасайтирилган ставка улар томонидан имтиёзлар тугагунга қадар қўлланилиши мумкин (ПҚ-3454-сон қарорга 7-илова).

Мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалар ягона тўловга бирлаштирилди

2017 йилда умумбелгиланган солиқларни тўловчилар (кичик тадбиркорлик субъектлари, ЯСТ ва ЯЕС тўловчилар, шунингдек нотижорат ташкилотлар бундан мустасно) қуйидаги тўловларни тўлашар эди:

√ бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар – 1,6% ставка бўйича;

√ Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар – 1,4% ставка бўйича;

√ бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар – 0,5% ставка бўйича.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб ушбу ажратмалар ягона тўловга – Давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштирилди. У 3,2% ставка бўйича ундирилади.

Республика йўл жамғармаси ва (ёки) Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига тўловлар бўйича имтиёзларга эга бўлган корхоналар мажбурий тўловларни давлат мақсадли жамғармаларига имтиёзли – 1,5% ставка бўйича тўлиқ бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган ҳолда тўлашади.

 

Қуйидагилар солиқларни янги қоида бўйича тўлашади:

тайёрловчи ташкилотлар

Ўтган йили ялпи даромад тайёрловчи ташкилотлар учун солиқ солиш объекти бўлган эди. У реализация қилинган товарларнинг харид ва сотиш қиймати ўртасидаги фарқга тенг бўлиб, унга 33% ставка бўйича солиқ солинган.

2018 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш, навларга ажратиш, сақлаш ва қадоқлашни амалга оширадиган тайёрловчи ташкилотлар учун товар айланмаси солиқ солиш объекти ҳисобланади. Унга 4% ставка бўйича ЯСТ солинади (ПҚ-3454-сон қарорга 9-2-илова).

 

нотижорат ташкилотлар

Қонунчилик нотижорат ташкилотларга устав мақсадларига зид бўлмаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат беради. Бунда 2017 йилда улар ходимлар сонидан қатъи назар, умумбелгиланган солиқларни тўлашлари шарт эди. Уларда соддалаштирилган солиқ солиш тизимини қўллаш ҳуқуқи йўқ эди, чунки белгиланишига кўра нотижорат ташкилотлар бизнес субъектлари ҳисобланмайди. Амалда пуллик хизматлар кўрсатадиган ННТлар бизнес тузилмаларига қараганда ноқулайроқ солиқ шароитларида бўлган.

Эндиликда тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар қисмида уларга солиқ солиш тартибини танлаш ҳуқуқи берилди: умумбелгиланган ёки соддалаштирилган. 2018 йил 1 январдан бошлаб улар ходимлар сонидан қатъи назар, ЯСТ тўлашга ўтишга ҳақли.

Мазкур солиқни тўлашга ўтиш учун нотижорат ташкилотлар солиқ солиш тизими ўзгартирилаётган чоракнинг 10-санасидан кечиктирмай солиқ хизматини хабардор этишлари даркор.

 

юк ташувчилар

2018 йилдан юк ташиш бўйича хизматларни кўрсатувчи юридик шахсларга солиқларнинг энг кам миқдори жорий этилди. Киритилаётган тартибга биноан солиқ солиш тизимидан қатъи назар, улар томонидан тўланадиган солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларнинг жами суммаси транспорт воситасининг 1 бирлиги ҳисобида якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан мазкур фаолият тури бўйича тўланадиган қатъий белгиланган солиқ суммасидан кам бўлмаслиги керак.

Мазкур ҳолда 2018 йил учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси автотранспорт воситасининг юк кўтариш қобилиятига боғлиқ бўлади: 3 тоннагача – ойига ЭКИҲнинг 1,5 баравари; 8 тоннагача –ЭКИҲнинг 2 баравари; 12 тоннагача – ЭКИҲнинг 3 баравари; 12 тоннадан ортиқ – ЭКИҲнинг 3,5 бараварини ташкил этади (ПҚ-3454-сон қарорга 11-илова).

Қўшимча ҳисоблаб чиқарилган сумма фойда солиғини ёки ягона солиқ тўловини тўлаш ҳисобига киритилади (ПҚ–3454-қарорнинг 8-банди).

 

Қуйидагилар сақлаб қолинди

ягона солиқ тўловининг ставкалари

2018 йилда солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллайдиган корхоналар учун ЯСТ ставкалари 2017 йилги даражада сақланиб қолинди ­(ПҚ-3454-сон қарорга 9-1-илова).

 

солиқ бўйича қарзларнинг энг кам миқдорлари

2017 йил билан солиштирганда ундирувни солиқ тўловчилар мол-мулкига қаратиш учун солиқ бўйича қарзларнинг энг кам миқдорлари ўзгаришсиз қолдирилди. Аввалгидек улар ЭКИҲга нисбатан каррали равишда белгиланди:

√ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш зиммасига юклатилган юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари учун – ЭКИҲнинг 20 баравари;

√ жисмоний шахслар учун – ЭКИҲнинг 5 баравари.

Бунда солиқ бўйича қарзларнинг энг кам миқдорлари 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра ўрнатилган ЭКИҲдан (172 240 сўм) келиб чиқиб белгиланади ҳамда йил давомида у ўзгарганда қайта кўриб чиқилмайди.

Эслатиб ўтамиз, солиқ бўйича қарзлар суммаси белгиланган энг кам миқдордан кам бўлиб, бироқ тўлов, унинг муддати тугагандан кейин бир йил мобайнида сўндирилмаган ҳолларда ҳам ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратилиши мумкин.

 

Акциз солиғининг ставкалари ўзгартирилди

олиб келинадиган товарлар учун

1.10.2017 йилда тасдиқланган Ўзбекистонга олиб келинадиган алоҳида товарларга акциз солиғининг деярли барча ставкалари 2018 йилда ҳам ўзгаришсиз қолдирилди (ПҚ–3454-сон қарорга 12-2-илова).

2018 йилда товарнинг божхона қийматидан 10% миқдорида карбоксиметилцеллюлоза ва унинг тузлари учун (3912 31 000 0) солиқ ставкаси жорий этилди.

 

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган товарлар учун

Республикамизда ишлаб чиқариладиган айрим акциз солиғига тортиладиган товарларга 2018 йил учун акциз солиғи ставкалари индексация қилинди ­(ПҚ–3454-сон қарорга 12-1-илова).

1. Алкоголли маҳсулотларга ставкалар қуйидагича ошди:

10% табиий равишда ачитилган натурал винолар (этил спирти қўшилмаган ҳолда);

20% бошқа винолар. Натурал винолар табиий равишда ачитиш усули билан спирт қўшмасдан олинади. Натурал виноларда спиртнинг табиий даражаси 13%дан ошмайди. Қувватлантирилган винолар виноматериалларга этил спирти қўшиш йўли билан олинади, уларда спирт даражаси 16 дан 19%гачани ташкил қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда қувватлантирилган винолар бўйича акциз ставкалари ва унинг индексацияси натурал виноларга нисбатан кўпроқ ошади. Тегишинча, қувватлантирилган виноларнинг қиймати натурал виноларга нисбатан кўпроқ суммага ошади;

27% коньяк. Агар олдинги йилларда коньякка солиқ ароққа солиқни индексация қилиш миқдорларида индексация қилинган бўлса, охирги 3 йилда коньяк бўйича индексация қилиш ароқ бўйича индексациясидан ошган;

25% ароқ, бошқа алкоголли маҳсулотлар ва этил спирти.

2. Пиво учун акциз солиғи 20%га ошди.

3. Тамаки маҳсулотлари учун ставка 125%га кўтарилди. Тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи индексациясининг юқорилиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) талаблари ва «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонун қоидалари билан боғлиқ.

4. Ўсимлик (пахта) ёғи ва техник мой учун акциз ставкалари 2 баравар пасайтирилди. Ўсимлик (пахта) ёғи республикамизда энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотларидан бири эканлигини инобатга олган ҳолда ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида (сўнгги йилларда ўсимлик ёғи импорти ошмоқда) акциз солиғи ставкалари пасайтирилди.

5. Нефть маҳсулотларига акциз солиғи ставкалари 2017 йилдаги даражада сақлаб қолинди. Бу нефть-газ тармоғи корхоналарининг молиявий аҳволини қўллаб-қувватлаш зарурати билан боғлиқ.

6. «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖда ишлаб чиқарилган автомобилларга акцизнинг фоиз ставкаси 5,4 маротаба камайтирилди. Бу республикамиз ички бозорида «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖ маҳсулотларига нархларни оптималлаштириш имконини беради ҳамда нархларни шакллантириш механизмини янада такомиллаштиришга ёрдам беради.

 

Абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов оширилди

Абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов миқдори 2018 йилда ойига 4 000 сўмгача (2017 йилда – 2 000 сўм) оширилди. Бунда тўловни тақсимлаш тартиби ҳам ўзгарди.

Абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов 1.01.2012 йилдан бошлаб жорий этилган, уни ҳисоблаш тартиби эса Мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 21.02.2012 йилда 2329-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланади.

 

Жисмоний шахсларнинг солиқлари

ЖШДС пасайтирилди

2015 йилнинг 1 январидан жорий этилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ солишнинг 4 даражали шкаласи ойига ЭКИҲнинг 1 бараваригача даромадларга «ноль» ставка, ЭКИҲнинг 1 дан 5 бараваригача даромадларга – энг кам ставка, ЭКИҲнинг 5 дан 10 бараваригача даромадларга ўртача ставка ва ЭКИҲнинг 10 бараваридан ортиқ даромадларга энг юқори ставка ўрнатилишини назарда тутади.

2018 йил учун солиқ солиш шкаласига ­(ПҚ–3454-сон қарорга 8-илова).

биноан:

√ энг кам ставка илгариги даражада қолади – 7,5 фоиз;

√ ўртача ставка 0,5 фоизга пасайтирилди – 16,5 фоиз;

√ энг юқори ставка ҳам 0,5 фоизга камайтирилди – 22,5 фоиз.

ЖШДСнинг мазкур ставкаларининг камайтирилиши ўртача ва юқори даражадаги даромадларга эга бўлган тўловчилар учун солиқ юкини пасайтириш имконини беради.

 

ижаранинг энг кам ставкалари олдингидек қолди

Мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадларга шартнома бўйича ўрнатилган ижара тўлови суммасидан келиб чиққан ҳолда солиқ солинади. Бироқ ушбу сумма белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари бўйича ҳисоблаб чиқилган миқдордан кам бўлмаслиги лозим.

Мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ойлик ­ижара ­тўловининг энг кам ставкалари 2017 йил билан солиштирганда ўзгаришсиз қолдирилди (ПҚ–3454-сон қарорга 25-илова). 2018 йил учун улар ижарага бериладиган кўчмас мулкнинг тури (турар жой, нотурар жой) ва унинг жойлашган жойидан (Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари) келиб чиққан ҳолда умумий майдонининг 1 м2 учун сўмда белгиланди. 1 та автотранспорт воситасининг ижара ставкаси автотранспорт воситасининг турига боғлиқ (енгил автомобиль, микроавтобус, автобус ёки юк автомобили).

Юридик шахслар учун давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳар йили вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

 

мол-мулкка солинадиган солиқ ошади

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг солиқ базаси ва ставкалари ўзгартирилди (ПҚ–3454-сон қарорга 18-илова).

2018 йил январь ойидан бошлаб мазкур солиқ фуқаролар кўчмас мулкининг кадастр қиймати асосида ҳисоблаб чиқарилади. Илгари солиқ ҳисоблаб чиқариладиган инвентаризация қиймати унинг бозор нархларини акс эттирмайди. Шунинг учун кадастр қийматининг инвентаризация қийматидан бир неча маротаба юқори бўлиши табиий ҳолдир.

Мол-мулкка солинадиган солиқ фуқаролар ҳамёнига зарар келтирмаслиги учун Президент иккита муҳим қарорни қабул қилди:

1) жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ставкалар кескин пасайтирилди. Агар белгилаш мумкин бўлган максимал ставка 2017 йилда 2,9%ни ташкил этган бўлса, 2018 йилда у 0,35%дан ошмайди.

2) 2018 йилда кадастр қиймати асосида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси бўйича чеклов ўрнатилди. У 2017 йилдаги солиқдан кўпи билан 1,2 марта ортиқ бўлиши мумкин.

Фуқаролар кўчмас мулкининг кадастр қийматини Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда тасдиқлайди. Бироқ ҳозирнинг ўзида белгиланишича, у 42 млн сўмдан кам бўлиши мумкин эмас. Кадастр қиймати мавжуд бўлмаган тақдирда унинг шартли миқдори ҳисоблаш учун қабул қилинади:

Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида – 210 млн сўм;

бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 90 млн сўм.

Кадастр органларида рўйхатдан ўтказилмаган янги турар жой эгалари мол-мулкка солинадиган солиқни шартли қийматнинг 2 карра миқдори ҳисобидан, яъни тегишинча 420 млн сўм ва 180 млн сўмдан тўлайдилар.

 

Экспортчи корхоналар учун имтиёзлар бекор қилинади

Ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни ЭАВда экспорт қилувчи корхоналар экспорт улушига боғлиқ ҳолда фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва ЯСТни пасайтирилган ставкалар бўйича тўлайди.

Реализациянинг умумий ҳажмида экспорт улуши:

15 дан 30%гача бўлганда – ушбу солиқлар бўйича белгиланган ставкалар 30%га камайтирилади;

30 ва ундан ортиқ % бўлганда – солиқ ставкалари 50%га камайтирилади.

1.04.2018 йилдан бошлаб ушбу имтиёзлар бекор қилинади (ПҚ–3454-сон қарорнинг 31-банди) ва экспорт қилувчи юридик шахслар фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва ЯСТни белгиланган ставкалар бўйича тўлаши даркор бўлади.

 

Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган ташкилотлар учун ҳам имтиёзлар бекор қилинди

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари рўйхатига (26.12.2016 йилдаги ПҚ-2698-сон қарорга 1-илова) киритилган қуйидаги ташкилотлар:

божхона тўловлари тўлашдан (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлар бундан мустасно) маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологик жараёнида фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик ускуна ва уларнинг эҳтиёт қисмларини, шунингдек компонентлар олиб кирганлик учун;

фойда солиғи, ягона солиқ тўлови тўлашдан (солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўлловчи субъектлар учун) маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулот қисмида;

мол-мулк солиғи тўлашдан маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланилаётган асосий ишлаб чиқариш фондлари қисмида озод қилинди.

2018 йил 1 апрелдан бошлаб бу имтиёзлар, шу жумладан амалда рўёбга чиқарилаётган маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича имтиёзлар бекор қилинди (ПҚ-3454-сон қарорнинг 31-банди).

 

Самир Латипов, Музаффар Мирзағаниев,
Ирина Ахметова,

«Norma Online» экспертлари.

Прочитано: 2736 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика