Norma.uz

Директорни қандай қилиб тўғри бўшатиш мумкин

 

Муассисларнинг ташаббусига кўра раҳбар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкинми? Бунга ким ваколатли? Уни меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига аниқ мувофиқликда ишдан бўшатиш таомили қандай ўтказилади? Қуйида ушбу масалаларни кўриб чиқамиз.

 

Жамиятнинг ижро этувчи органларини тузиш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш муассислар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатлари жумласига кирадиМасъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 30-моддаси).

Корхона раҳбари (директор) жамият муассислари умумий йиғилиши томонидан уставда белгиланган муддатга сайланади. У билан меҳнат шартномаси имзоланади. Бир томондан, раҳбар ўз корхонаси ходимлари учун иш берувчига, бошқа томондан – жамият иштирокчилари учун ёлланма ходимга айланади.

 

Раҳбар лавозим мажбуриятларини виждонан бажармаётган, мулкдорларни корхонанинг молиявий аҳволидан атайлаб бехабар қолдираётган, уни бузиб кўрсатаётган ва бизнесни деярли ўзлаштириб олаётган бўлса, нима қилиш керак?

У «икки томоннинг розилиги билан» ихтиёрий кетишни истамаса, бундай раҳбар билан меҳнат муносабатларига барҳам бериш учун мулкдорлар нима қилишлари лозим?

Умумий қоидага кўра, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида қўшимча, қонунда назарда тутилмаган меҳнат муносабатларини бекор қилиш асослари қайд этилиши мумкин эмас. Агар бундай шарт меҳнат шартномасига киритилган бўлса, у МКнинг ­5-моддасига асосан ҳақиқий эмас деб топилади.

Бироқ муайян тоифадаги ходимлар учун меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асосларини назарда тутиш мумкин, яъни айнан:

√ корхона раҳбари (директор, бошқарув раиси ва ҳ.к.);

√ раҳбар ўринбосарлари;

√ бош бухгалтер, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса – унинг вазифасини амалга оширувчи ходим (МКнинг 97-моддаси 5-банди).

Ушбу моддани қўллаш учун меҳнат шартномасини шундай тузиш зарурки, кўрсатилган мансабдор шахсларнинг муайян санадаги ишини аниқ ва равшан баҳолаш мумкин бўлсин. Бунинг учун меҳнат шартномасида уни бекор қилишга асос бўла оладиган баҳолаш кўрсаткичлари ва мезонларини кўрсатиш лозим.

Раҳбар фаолияти ҳақида сўз юритилганда уни баҳолашнинг қуйидаги кўрсаткичлари кенг тарқалган:

√ ярим йиллик (йил) якунларига кўра соф фойда кўрсаткичи;

√ корхонанинг рентабеллиги;

√ ишлаб чиқарилган маҳсулот (ишлар, хизматлар) сифати;

√ компания маблағларидан оқилона фойдаланиш ва ҳ.к.

Меҳнат шартномасида кўрсатилган ҳисобот санасига келиб кўрсаткичнинг муайян даражасига етиш бу ҳолда мезон саналади.

Раҳбар ўз ишида меҳнат шартномасида қайд этилган кўрсаткичларга эришмаган тақдирда у билан тузилган шартнома ушбу асосларга кўра бекор қилиниши мумкин.

 

МКнинг 97-моддаси 5-банди асосида муассислар раҳбарни ишдан бўшатишлари учун амалга оширишлари зарур бўлган хатти-ҳаракатлар:

1. Ҳисобот даври якунларига кўра меҳнат шартномасида назарда тутилган кўрсаткичларни бажармаганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш.

2. МКнинг 97-моддаси 5-бандига асосан раҳбар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш ва тегишли буйруқ чиқариш. Уни умумий йиғилиш раиси имзолайди.

3. Корхонанинг янги раҳбари тайинланиши тўғрисида қарор қабул қилиш.

4. Ишдан бўшатилган раҳбардан янги тайинланганига муҳр, бирламчи ҳужжатлар, электрон калитлар ва бошқаларни қабул қилиш-топшириш далолатномасини расмийлаштириш.

 

 

Раҳбар билан меҳнат шартномаси стандарт шаклда тузилган ва уни бекор қилиш учун қўшимча асослар унда назарда тутилмаган бўлса, МКнинг 97-моддаси 5-бандига асосан ишдан бўшатишнинг имкони бўлмайди.

 

Стандарт меҳнат шартномасига эга бўлган ҳолда беҳафсала раҳбарни қандай ишдан бўшатиш мумкин? Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида муассисларнинг ташаббусига кўра раҳбар билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш учун махсус асослар мавжуд эмас.

Меҳнат шартномасини иш берувчи (мулкдор, муассис)нинг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт (МКнинг 100-моддаси). Бу ҳолда қуйидагилар ишдан бўшатиш учун асос бўлиши мумкин:

√ ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;

√ ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги;

√ ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги;

√ ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги.

Соғлом ва ҳали пенсия ёшига тўлмаган раҳбарни ишдан бўшатиш анча узоқ ва сердиққат жараён. Ушбу вазиятда меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш ишдан бўшатиш учун сабаб бўлиб хизмат қила олади.

Меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш деганда қуйидагилар тушунилади:

√ ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган кундан ­эътиборан бир йил мобайнида такроран интизомга хилоф ножўя ҳаракат содир қилиши;

√ аввал меҳнат вазифаларини бузганлиги учун унга нисбатан таъсир чоралари қўлланилиши.

Бинобарин, бир вақтнинг ўзида қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлгандагина раҳбар муассисларнинг ташаббусига кўра ишдан бўшатилиши мумкин:

√ айнан меҳнат вазифаларининг бажарилмаганлиги;

√ ходимнинг мунтазам тусда меҳнат вазифаларини бажармаслиги;

√ ходимнинг узрли сабабларсиз меҳнат вазифаларини бажармаслиги;

√ аввал ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилганлиги.

 

Меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун раҳбарни ишдан бўшатишга доир муассисларнинг хатти-ҳаракатлари алгоритми:

1. Ҳақиқатда меҳнат вазифаларини бажармаганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш.

2. Раҳбар меҳнат вазифаларини бажармаганлиги учун маъмурий жазога ёки моддий жавобгарликка тортилиши тўғрисидаги, умумий йиғилиш раиси имзолайдиган буйруқ чиқариш.

3. Меҳнат вазифаларини такроран ҳақиқатан бажармаганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш.

4. Раҳбар меҳнат вазифаларини бажармаганлиги учун такроран маъмурий жазога ёки моддий жавобгарликка тортилиши тўғрисидаги, умумий йиғилиш раиси имзолайдиган буйруқ чиқариш.   

5. Мунтазам равишдаги қонунбузарликлари учун раҳбар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида муассислар қарор қабул қилишлари ва тегишли буйруқ чиқаришлари.

6. Муассислар корхонанинг янги раҳбари тайинланиши тўғрисида қарор қабул қилишлари.

7. Ишдан бўшатилган раҳбардан янги тайинланганига муҳр, бирламчи ҳужжатлар, электрон калитлар ва бошқаларни қабул қилиш-топшириш далолатномасини расмийлаштириш.

 

Ишдан бўшатилган раҳбар ҳужжатларни топширишдан бош тортиб, ҳақиқатда корхонани бошқаришда давом этса, қандай йўл тутиш лозим?

Қуйидагиларни тавсия этишимиз мумкин:

1. Барча муассисларнинг мавжуд муҳрни йўқ қилиш ва янгисини тайёрлатиш тўғрисидаги баённома қарорини қабул қилиш.

2. Хизмат кўрсатувчи банкка қуйидагиларни тақдим этиш:

√ муассисларнинг қарори ва янги раҳбар (директор) тайинланиши тўғрисидаги буйруқ нусхалари;

√ муҳр изи (янгисиники) ва янги тайинланган раҳбарнинг имзо намунаси.

3. «Солиқ тўловчи – юридик шахс тўғрисидаги қўшимча маълумотлар» 8-сон шаклини ДСИга топшириш.

4. Етказиб берувчиларни янги раҳбар тайинланганлиги тўғрисида хабардор қилиш.

 

Эҳтимолий оқибатлари: ишдан бўшатилган раҳбар мажбурий прогул вақти учун иш берувчидан ўртача ойликни ундирган ҳолда ишга тиклаш тўғрисидаги даъво аризаси билан ваколатли судга мурожаат қилиши мумкин.

Суд ходимга нисбатан маъмурий жазо қўлланганини, шу жумладан МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3, 4-бандларига асосан меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини ноқонуний деб топишга ҳақли.

Ушбу қарорнинг қабул қилинишида инсон омили салмоқли аҳамият касб этади. Суд қилмишнинг оғирлиги ва вазият жазо чорасига мувофиқ келмайди деб ҳисоблаши мумкин.

 

Хулоса: қонун ҳужжатларида раҳбарлар, раҳбарларнинг ўринбосарлари ва бош бухгалтерлар билан меҳнат шартномаларини уларни бекор қилиш учун қўшимча асосларни киритган ҳолда тузиш ҳуқуқи берилади. Ушбу тоифадаги шахслар билан меҳнат шартномаларини тўғри тузиб, муассислар ўзлари ва бизнесларини ноинсоф ёлланма ходимлардан ҳамда уларни ишдан бўшатишда муаммолардан ҳимоялаган бўладилар.

 

Ирина Пчелинцева, «Business Image» адвокатлик бюросининг адвокати.

Прочитано: 1724 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика