Корхона ҳужжатлари йўқотилган кўчар мулкни улуш сифатида киритиш йўли билан устав фондини шакллантиришни режалаштирмоқда. Бунинг устига, ускунани олиб кириш пайтида янги юридик шахс ҳали ташкил этилмаганлиги сабабли у олиб кирилаётганда бошқа юридик шахс номига расмийлаштирилган эди. Корхона муассиси – жисмоний шахс ускунани олиб киришга шошилди. Божхонада туриб қолиши ва сақланиши учун пул тўламаслик мақсадида уни бошқа юридик шахс номига расмийлаштирди.
Ушбу вазиятда устав фондига ҳиссани қандай қилиб қонунийлаштириш мумкин:
1) аввал тарафлар (директор ва муассис) қийматни келишиш далолатномасини имзолаган ҳолда муассислар йиғилиши баённомаси билан балансга қабул қилиш;
2) мол-мулкни мустақил баҳолашдан ўтказиш (бунга зарурат борми) ва бозор қийматида балансга қабул қилиш;
3) юкни божхонадан ўтказишда балансига расмийлаштирилган корхонадан ускунани сотиб олиш?
Л.Купцова, бош бухгалтер.
– Жамият иштирокчиси фақат ўз мулкидаги мол-мулкни устав фондига ҳисса сифатида киритиши мумкин.
Саволдан кўринишича, муассис – жисмоний шахс МЧЖ устав фондига ҳисса сифатида киритмоқчи бўлган мол-мулк айни пайтда бошқа юридик шахсга тегишли. Шу сабабли муассис аввал ушбу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олиши керак. Масалан, уни мол-мулк мулкдори бўлган юридик шахсдан сотиб олиши лозим.
Мулкий ҳиссанинг пул баҳоси чиқарилиши ва жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг жамиятнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинадиган қарори билан тасдиқланиши керак («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддаси). Ушбу талаб баҳолаш объекти тўлиқ ёки қисман давлатга тегишли бўлган ҳолларга татбиқ этилмайди.
Жамият иштирокчилари қарор қабул қилаётганда бундай мол-мулкнинг бозор нархларини ёхуд мол-мулкнинг ҳужжатлар* билан тасдиқланган ҳақиқий қийматини кўриб чиқишлари мумкин. Бироқ мол-мулкнинг ўзига учинчи шахслар ҳақли бўлмаслиги керак, сабаби мол-мулк МЧЖ устав фондига ҳисса сифатида киритилгандан кейин у мазкур МЧЖга мулк ҳуқуқида тегишли бўлади (ФКнинг 58-моддаси).
Мол-мулкка доир ҳужжатлар унинг хусусиятига, масалан, унинг техник тавсифлари, функционаллиги ёки фойдаланишга қўйиладиган талабларга боғлиқ. Кўп турдаги ускуналарга техник ҳужжатлар албатта илова қилинади. Ускунанинг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлса, улар ҳам асқотади. Импорт қилинган мол-мулкнинг қонуний равишда ЎзР ҳудудига олиб кирилганлиги ва расмийлаштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (БЮД) нусхаларини, ҳатто иштирокчи билан юридик шахс – аввалги мулкдори ўртасидаги мол-мулкнинг олди-сотди шартномаси нусхасини илова қилиш мақсадга мувофиқ. Юқорида санаб ўтилган барча ҳужжатлар иштирокчи мол-мулкни қонуний тарзда сотиб олганлигини тасдиқлайди.
Лайло Ашурова, «Norma Online» эксперти.
*Чеклар, олди-сотди шартномалари, прейскурантлар ва ҳ.к.