Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 43 / Хўжалик юритиш қоидалари

Оилавий корхонадаги хоналар: фойдаланиш йўллари

 

Чакана савдо билан шуғулланувчи оилавий корхона келгусида аҳолига тренажёр залида хизмат кўрсатиш учун тренажёр ускуналари комплектини сотиб олди. Эшитишимизча, оилавий корхона хўжалик фаолиятида фойдаланиладиган ўз хоналарини нотурар жой фондига ўтказмаслиги мумкин экан. Оилавий корхона муассисларидан бири тренажёр зали учун хона берди, унда янги ускуналар ўрнатилиб, фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилди.

1. Муассис билан тренажёр зали учун хонани ижарага олиш шартномасини тузиш зарурми?

2. Тренажёр залида тренер бўлиб ишлаш учун қандайдир рухсат берувчи ҳужжатлар талаб этиладими?

Н.Раҳматуллаева, бош бухгалтер.

 

1

Иштирокчи хонани оилавий корхона умумий фойдаланишига берган бўлса, ижара шартномасини тузиш керак эмас. Акс ҳолда шартнома тузиш зарур.

Оилавий корхона иштирокчининг мол-мулкидан (сизнинг ҳолатда хонасидан) 2 хил йўл билан фойдаланиши мумкин:

1) иштирокчи оилавий корхонанинг таъсис шартномасида ушбу мол-мулкни иштирокчиларнинг оилавий корхона фойдаланишига берилаётган мол-мулки рўйхатида кўрсатади. Таъсис шартномаси рўйхатдан ўтказилган бўлса, оилавий корхона балансига берилган иштирокчиларнинг мол-мулки рўйхати қисмида унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Бунда қайта давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди («Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси). Кўрилган ҳолатда оилавий корхона иштирокчиси билан ОКнинг ўзи ўртасида ижара шартномасини тузиш талаб этилмайди;

2) ОКнинг таъсис ҳужжатларига кўра иштирокчи ушбу мол-мулкни корхона фойдаланишига бермаган. Бу ҳолда хонани ижарага олиш шартномаси ёки текин фойдаланиш шартномасини тузиш зарур.

Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, шу жумладан, ишлаб чиқариш, хўжалик бинолари ва бошқа иморатлар ОК фаолияти амалга ошириладиган жойдир.

Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни улардан ОК фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди, бундан фаолиятнинг айрим турлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно (Қонуннинг 16-моддаси). Шундан келиб чиққан ҳолда турар жой хонасини нотурар жой фондига ўтказишингиз керак эмас деб ҳисоблаймиз.

 

2

Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун жисмоний шахс аттестациядан ўтиши ва тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома олиши зарур (Низом, ВМнинг 13.07.2012 йилдаги 214-сон қарорига 1-илова). Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича Республика комиссияси томонидан талабгор 3 йилда 1 марта аттестациядан ўтказилади. Талабгор Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш марказига (Комиссиянинг ишчи органи) мурожаат қилиши ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

√ тренерлик фаолиятининг турини кўрсатган ҳолда ариза;

√ талабгорнинг шахсий анкетаси;

√ пропискаси мавжуд бўлган паспортининг нусхаси;

√ олий ёки ўрта махсус, касбий жисмоний тарбия маълумоти тўғрисидаги диплом (мавжуд бўлса);

√ иш жойи бўйича тасдиқланган меҳнат дафтарчасининг нусхаси ёки ундан кўчирма (мавжуд бўлса);

√ жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ошириш курсларида ўқиганлик тўғрисидаги сертификат (мавжуд бўлса);

√ соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги тиббиёт (психиатрия, наркология ва физиология) муассасаларининг маълумотномалари;

√ жисмоний шахснинг СТИР гувоҳномаси нусхаси;

√ аттестациядан ўтказилганлиги, тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома расмийлаштирилганлиги ва берилганлиги учун тўловни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси. Аттестациядан ўтказилганлик, тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатномани расмийлаштирганлик ва берганлик учун тўлов кунидаги ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Комиссиянинг ишчи органи тақдим этилган ҳужжатларни 15 кун муддатда кўриб чиқади ҳамда аттестациянинг биринчи босқичи ўтадиган сана ва жой тўғрисида ёки аттестациядан ўтказишнинг рад этилиши ҳақида қарор қабул қилади. Аттестациянинг ўзи 2 босқичда ўтказилади, ундан муваффақиятли ўтган тақдирда, тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома берилади.

 

Лайло Ашурова,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2060 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика