Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда Буюк Британияга мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш мавзусига бағишланган семинар ўтказилди.
Тадбирда вазирлик, идоралар ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари, хусусан, жорий йилнинг 2–5 сентябрь кунлари Лондонда ўтказиладиган «Fine Food 2017» халқаро кўргазмасида иштирок этадиган 19 тадбиркор қатнашди.
2016 йил Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 151 миллион 300 минг долларни ташкил қилди. Мамлакатимизда британиялик инвесторлар иштирокидаги 559 корхона фаолият кўрсатмоқда, улардан 159 таси тўлиқ хорижий капитал асосида иш юритмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Буюк Британиянинг 68 компанияси ваколатхонаси аккредитациядан ўтказилган.
Тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи «Бритиш-Америкэн Тобакко», лойиҳа-муҳандислик соҳасига ихтисослашган «Ворлей Парсонс», тоғ-кон соҳасида фаолият кўрсатаётган «Рио Тинто», кўргазма тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда ном қозонган «Ай-Ти-И» сингари компаниялар мамлакатимиз иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг муҳим механизми ҳисобланган савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон–Британия кенгаши самарали фаолият кўрсатмоқда. Кенгашнинг сўнгги 23-йиғилиши 2016 йил 16–18 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.
Семинарда Буюк Британияга мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишнинг шарт-шароитлари, олиб кирилаётган маҳсулотларга бўлган талаблар, бозорнинг умумий салоҳияти тўғрисидаги маълумотлар маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар эътиборига ҳавола этилди.
ЎзА материали асосида.