Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 36 / Янги қонун

Тадбиркорнинг ишончли ҳимоячиси

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди.

 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 майдаги Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти таъсис этилди. Эътиборли жиҳати, вакил институтининг Президентимиз ҳузурида ташкил этилгани унинг ўз фаолиятини мустақил ҳолда амалга оширишда кенг имкониятлар яратади. Муҳими, бу институт давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган ҳолда иш юритади.

Президент Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган янги Қонун тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Қонун 28 моддадан иборат бўлиб, унда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг мақоми, уни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартиби белгиланган. Вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари, асосий принциплари, унинг асосий вазифалари ва йўналишлари кўрсатилган. Вакилнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик тартиби ҳамда бошқа масалалар қамраб олинган.

 

Қонунга кўра, вакил тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлайди. У, ўз навбатида, мазкур ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга давлат органлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан риоя этилишини таъминловчи мансабдор шахсдир.

Вакил ўзининг сиёсий партияга ­аъзолигини ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёки тугатиши шарт. Илмий, педагогик ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

Вакил тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда қатнашади. Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширади. Тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлайди. Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганади. Қабул қилинган норматив-хуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсири самарадорлигини баҳолайди. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг ривожлантирилишини рағбатлантиришга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди.

 

Вакил зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши учун бериладиган ҳуқуқлар алоҳида моддада кўрсатилган. Қонуннинг 8-моддасига асосан вакил тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг давлат органлари ҳамда ташкилотлар томонидан оғишмай ижро этилишини ўрганади. Тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширувларини ўтказишнинг қонунийлиги мониторингини амалга оширади. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашув фактларининг олдини олиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар кўриш бўйича таклифлар киритади. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ёзма равишда огоҳлантиришлар эълон қилади.

 

Қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланганда, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади.

Вакил давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан ўз ваколатига кирувчи масалалар юзасидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотни сўраши ҳамда олиши мумкин. Зарур бўлган ҳолларда ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассисларини жалб этиб, ишчи гуруҳлар тузиш ҳуқуқига эга.

 

Бир сўз билан айтганда, мазкур Қонунда назарда тутилган нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали мулоқотни мустаҳкамлайди. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини рағбатлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатларига барҳам бериш имкониятини яратади.

 

Турғун ИСКАНДАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва

иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси.

Прочитано: 1572 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика