Фирмамиз ходимига 2017 йил августда 24 иш кунидан иборат навбатдаги меҳнат таътили берилмоқда. 2016 йил ноябрда у 15 кун таътилда бўлган. Ўтган йилги таътил пулини бу йилги таътил пули ҳисоб-китобига киритиш керакми?
Ю.Мансурова, МЧЖ бухгалтери.
– Таътил пулини ҳисоблаш учун аввал ўртача ойлик иш ҳақи аниқланади. У ҳисоблаб чиқариш кунидаги
тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошини ҳисоблаш даврида белгиланган тариф ёки иш ҳақидан ошган сумманинг (тарифдан ортиқча тўловларнинг) 1/12 га оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илованинг 1-банди).
Таътил бошланишидан аввалги 12 ой ҳисоблаш даврига киритилади, тарифдан ортиқча тўловларга эса фуқароларнинг суғурта бадаллари ҳисобланадиган тўловлар – ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар, устама ҳақлар ва бошқа тўловлар киради.
Биринчи йил ишловчилар учун ҳисоблаш даври 12 ойдан кам бўлиши мумкин, сабаби биринчи иш йили учун таътил 6 ой ишлагандан кейин берилиши мумкин.
Агар ҳисоблаш даврида ходим таътилда бўлган бўлса, ҳисоблаш даврида белгиланган тариф ёки иш ҳақидан ошган сумманинг 1/12 қисмида ўтган таътил учун таътил пулининг тарифдан ортиқча қисми ҳам инобатга олинади.
МИСОЛ. Ходимга 2017 йил 1 августдан бошлаб 24 иш кунига (ҳисоблаш даври 2017 йил июль – 2016 йил август) таътил берилмоқда. Ходимнинг лавозим маоши – 800 минг сўм, ҳисоблаш даврида иш ҳақидан ошган тўловлар (мукофотлар ва йил якунлари бўйича тўланган ҳақ) 1 170 минг сўмни ташкил этди. Аввалги таътилдан (15 иш куни) 2016 йил ноябрда фойдаланилган. Таътил пули ходимнинг 2016 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра иш ҳақи (700 минг сўм) ва мукофотлар суммасидан (610 минг сўм) келиб чиқиб ҳисобланган ва 443,4 минг сўмни ташкил этган.
Ҳисоблаш даврига аввалги (ноябрдаги) таътил киради. Шу сабабли ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашда тарифдан ортиқча қисмда иш ҳақидан ошган ноябрдаги таътил пулининг бир қисми – 50,8 минг сўм (610 / 12) ҳам ҳисобга олинади. 15 кун учун таътил пулининг тарифдан ортиқча қисми 30 минг сўмни (50,8 / 25,4 х 15) ташкил этади.
2017 йил августдаги таътил пулини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 900 минг сўмни (1 170 + 30) / 12) ташкил этади. 24 кун учун таътил пули суммаси 850,4 минг сўмга (900 / 25,4 х 24) тенг.
Жавобларни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.