Трикотаж буюмларни ишлаб чиқаришда чиқиндилар қандай ҳисобдан чиқарилади? Уларни материаллар омборига кирим қилиш керакми?
Р.Расулов, бухгалтер.
– Ишлаб чиқариш жараёнида қуйидаги турдаги чиқиндилар ҳосил бўлади:
► фойдаланилмайдиган ва сотилмайдиган. Улар моддий харажатлар сифатида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархи таркибида чиқимларга ҳисобдан чиқарилади;
► ишлаб чиқаришда фойдаланиш ёки сотиш мумкин бўлган. Улар қайтариладиган ҳисобланади ва омборга кирим қилинади.
Қайтариладиган чиқиндилар – хом ашё, ярим тайёр маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган, бошланғич ресурсларнинг истеъмолбоплик хусусиятларини қисман йўқотган бошқа моддий ресурсларнинг қолдиқлари. Шу сабабли улардан харажатларни оширган ҳолда фойдаланилади ёки бевосита мақсадига кўра қўлланилмайди (Солиқ кодексининг 142-моддаси).
Ишлаб чиқаришга доир моддий харажатлар қайтариладиган чиқиндиларни чегирган ҳолда ишлаб чиқариш таннархига киритилади (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг Б бўлими 1-банди).
Қайтариладиган чиқиндилар:
► агар улардан ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкин бўлса, эҳтимол тутилган фойдаланиш нархида;
► агар бу чиқиндилар четга реализация қилинса, реализация қилиш нархида баҳоланади.
Ишлаб чиқаришдаги тузатиб бўлмайдиган яроқсиз маҳсулот сабабли ҳам чиқиндилар ҳосил бўлиши мумкин. Унинг қийматини айбдор ходимлардан ушлаб қолиш зарур. Айбдорларни аниқлашнинг имкони бўлмаганда – корхона харажатларига киритилади. Бундай харажатлар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 147-моддаси 27-банди).
Бухгалтерия ҳисобида мазкур операциялар қуйидагича акс эттирилади:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Асосий ишлаб чиқаришдан чиқиндилар кирим қилинди (эҳтимол тутилган фойдаланиш нархида ёки реализация қилиш нархида)
|
1090-«Бошқа материаллар»
|
2010-«Асосий ишлаб чиқариш»
|
Тузатиб бўлмайдиган яроқсиз маҳсулотдан чиқиндилар қиймати моддий зарар етказишда айбдор бўлган ходимлар ҳисобидан ушлаб қолинди
|
4730-«Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи»
|
2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар»
|
Тузатиб бўлмайдиган яроқсиз маҳсулотдан чиқиндилар корхона харажатларига ҳисобдан чиқарилди
|
9430-«Бошқа операцион харажатлар»
|
2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар»
|
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma Online» эксперти.