Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 32 / Хўжалик юритиш қоидалари

МЧЖни қайта ташкил этиш: ҳаракатлар алгоритми

 

МЧЖ муассисларининг баённомасига биноан иштирокчилар жамиятни янги юридик шахсни ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилдилар, жамиятдан чиққан иккита иштирокчи (умумий улуши 30%) унинг муассислари бўлади.

МЧЖни бу тарзда қандай қайта ташкил этиш мумкин?

Кейинчалик «ягона дарча»да рўйхатдан ўтказиш учун қандай ҳужжатлар зарур бўлади?

Е.Швец.

 

Умумий йиғилиш

Биринчи босқичда жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши қуйидагилар тўғрисида қарор қабул қилади:

√ ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисида;

√ ажратиб чиқариш тартиби ва шартлари тўғрисида;

√ янги жамиятни ташкил этиш тўғрисида ва тақсимлаш балансини тасдиқлаш тўғрисида;

√ қайта ташкил этилаётган жамиятнинг таъсис ҳужжатларига жамият иштирокчилари таркибининг ўзгариши, уларнинг улушлари миқдорлари аниқланиши билан боғлиқ бўлган ўзгартишларни ва ажратиб чиқариш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган бошқа ўзгартишларни киритади;

√ зарурат бўлган тақдирда ўзга масалаларни, шу жумладан жамиятнинг органларини сайлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади.

Ажратиб чиқарилаётган жамиятнинг иштирокчилари таъсис шартномасини имзолайдилар. Ажратиб чиқарилаётган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши унинг уставини тасдиқлайди ва жамиятнинг органларини сайлайди («Масъу­лияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 53-моддаси).

 

Тақсимлаш баланси

Тақсимлаш баланси қайта ташкил этилган жамиятнинг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан барча мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган бўлиши керак. У қолган ҳужжатлар билан бирга янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш ёки мавжуд жамиятнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш учун тақдим этилади (ФКнинг 51-моддаси). Тақсимлаш балансини тузишга доир талаблар 23-сон БҲМС «Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш»да (10–13-бандлар, АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1484-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўрсатилган.

 

Рўйхатдан ўтказиш

Сўнгра тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона маркази орқали янгидан вужудга келган юридик шахсни рўйхатдан ўтказинг ва қайта ташкил этилаётган жамиятни қайта рўйхатдан ўтказинг. Буни электрон тарзда ёхуд ўзи келган ҳолда амалга ошириш мумкин. Юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 9.02.2017 йилдаги 66-сон қарорига 1-илова) талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Юридик шахс электрон тарзда рўйхатдан ўтказилганда ариза берувчи қуйидагиларни амалга ошириши шарт:

1) Ягона интерактив давлат хизматлари порталида фойдаланувчининг шахсий кабинети ёки «Тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинети»дан эркин фойдаланиш имконига эга бўлиши ва «Бизнесни рўйхатдан ўтказиш» хизматини танлаши;

2) белгиланган шаклдаги ариза (Низомга 5-илова) билан тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимига хизмат кўрсатишга сўровномани шакллантириши;

3) сўровномани шакллантираётганда лотин алифбосидаги эркин номлардан фирма номини танлаши. Номнинг бир хиллигини тизим автоматик тарзда текширади. Танланган фирма номи 60 календарь кунига ариза берувчи номига сақланиб туради (Низомнинг 11-банди);

4) электрон кўринишдаги сўровномага давлат тилидаги таъсис ҳужжатлари («pdf» форматида сканер қилинган нусхалари); тақсимлаш балансини илова қилиши.

Ариза берувчи таъсис ҳужжатларини ўз ихтиёрига кўра қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда намунавий шакллар асосида ёки бошқа шаклларда расмийлаштириш ҳуқуқига эга;

5) сўровномани шакллантириб бўлгач, давлат божини тўлаши. Тизим томонидан уни тўлаш усуллари таклиф этилади.

Тизим реал вақт режимида 30 дақиқа ичида ариза берувчи томонидан тақдим этилган маълумотларни текширади ва улар тегишли маълумотлар базаларига мувофиқ бўлганда:

√ Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестрига автоматик тарзда тегишли ёзувлар киритиш йўли билан давлат рўйхатидан ўтказади;

√ рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани шакллантиради;

√ рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани, таъсис ҳужжатларини электрон ҳужжатлар репозиторийсида сақлайди;

√ электрон ҳужжатлар репозиторийсида давлат рўйхатидан ўтказишга, қайта рўйхатдан ўтказишга рад этишни шакллантиради ва сақлайди.

Давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг ташкил этилган юридик шахс банк ҳисобрақамларини очиш учун банкка мурожаат қилади. Бунда рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва таъсис ҳужжатларининг асл нусхаларини ёки нусхаларини тақдим этиш талаб қилинмайди.

 

Қайта рўйхатдан ўтказиш

Қайта ташкил этилаётган жамиятни қайта рўйхатдан ўтказишда ариза берувчи қайта ташкил этилган пайтдан бошлаб 30 кун ичида юқоридаги талабларни ҳисобга олган ҳолда тегишли шаклдаги (Низомга 9-илова) электрон кўринишдаги сўровномани шакллантиради. Таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш учун уларни янги таҳрирда қабул қилинг. Электрон кўринишдаги сўровномага қайта ташкил этилаётган жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори нусхасини ҳам илова қилиш мақсадга мувофиқдир.

Ариза берувчи ўзи келган ҳолда юридик шахснинг почта манзилига мувофиқ жойлашган жойдаги рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилади ва юқорида кўрсатилган қоғоз ҳужжатларнинг асл нусхаларини 1 нусхада, шунингдек:

√ унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ҳарбий билет, ҳайдовчилик гувоҳномаси, шахсини ва яшаш жойини тасдиқловчи бошқа ҳужжат);

√ ариза берувчи вакилининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат (ишончнома, шартнома, тадбиркорлик субъекти – юридик шахс муассисларининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган қарори, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳужжатлар);

√ давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги маълумотларни ёки унинг белгиланган миқдори тўланганлиги тўғрисида банк тўлов ҳужжатининг нусхасини тақдим этади. Давлат божи Адлия вазирлигининг махсус шахсий ҳисобрақамига тўланади.

Жамият қайта рўйхатдан ўтказилаётганда қўшимча равишда ажратиб чиқарилаётган юридик шахс муассисларининг қарори тақдим этилади.

Тадбиркорлик субъектларини электрон тарзда рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказишда давлат божи миқдори ўзи келган ҳолда рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказишдан кўра 2 баравар кам (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Ставкаларнинг 9-банди).

 

Лайло Ашурова,

«Norma Online» эксперти.

 

Прочитано: 2232 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика