Маълумки, Президентнинг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон) кўра, порнографик мазмундаги маҳсулотларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш тақиқланган. Лекин чет давлатларга бориб-келаётганларнинг айримлари қонунчиликнинг бу талабини бехосдан «эсдан чиқарадилар»...
Москва-Қарши йўналишидаги 995-сонли авиарейс билан Қарши халқаро аэропортида парвозини якунлаган О.М.нинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли ноутбук хотирасида республикамиз ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 10 та порнографик мазмундаги видеолавҳа борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, О.М. эндигина 16 ёшга тўлган. Унинг яқинлари доимий равишда Россия Федерациясида ишлаганликлари боис, у Москва шаҳридаги мактабларнинг бирида таҳсил олиб, ўқиш давомида ушбу ноутбукдан мунтазам равишда фойдаланган. Қизиғи шундаки, унга тегишли бўлган ноутбукдан оила аъзолари ҳам доимий фойдаланишган. Мазкур ҳолат бўйича унга ҳампарвоз бўлган отаси Ж.М.дан нима сабабдан эътиборсизликка йўл қўйгани сўралганда, у бу «матоҳ»га тушунмаслигини, шу сабабли бунга эътибор бермаганини баҳона қилди.
Яна бир ҳолатда 624-сонли авиарейс билан Москва шаҳридан учиб келган Ш.Р.нинг ўзи ва қўл юклари белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли қўл телефони ҳамда ноутбук хотирасида қарийб 600 та порнографик мазмундаги видеолавҳа борлиги аниқланди.
Оқибатда О.М. ва Ш.Р.га нисбатан тегишли суд органларининг қарорлари билан жарима жазолари тайинланиб, ашёвий далил сифатида олинган қўл телефони ва ноутбуклар давлат эгалигига ўтказилди.
Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.