Бюджет ташкилоти ВМнинг 3.09.1999 йилдаги 414-сон қарорига мувофиқ солиқ имтиёзларидан фойдаланади. Солиқ имтиёзларини қўллаш натижасида бўшаган маблағлар ҳар йили белгиланган мақсадларга йўналтирилган. Бунда ташкилотнинг бухгалтерия ҳисобида тегишли проводкалар қилинмаган. Шу сабабли ташкилотда 17 йил давомида йиғилиб қолган бўшаган имтиёзли маблағлар қолдиғи турибди. Бундан ташқари, ташкилот солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлашдан озод қилиш натижасида бўшаган маблағлардан фойдаланиш тўғрисида ҳисоб-китобларни тақдим этмаган.
Агар ўтган даврлар учун ушбу маблағлардан фойдаланганлик тўғрисида ҳисоб-китоблар тақдим этилмаган бўлса, уларни ҳозир тақдим этиш зарурми?
А.Яхшибоев, бош бухгалтер.
– Имтиёзли маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоб-китоб ҳар йили йиллик молиявий ҳисоботга қўшиб солиқ органларига тақдим этилади. У солиқ ва божхона имтиёзлари берилиши натижасида бўшаган маблағлардан мақсадли фойдаланганлигини тасдиқлайди (АВ томонидан 2.04.2005 йилда 1463-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 14-банди).
Солиқ мажбуриятлари бўйича даъво қилиш муддати, яъни солиқ даври тугаганидан кейин 5 йил ичида ҳисоб-китобларни топширишингиз мумкин (Солиқ кодексининг 38-моддаси).
Хўжалик юритувчи субъектлар ҳисоб-китобларнинг тўғрилиги ва ўз вақтида тақдим этилиши учун масъулдирлар.
Бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 175-моддаси).
Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилган (МЖТКнинг 175-1-моддаси).
Бундай ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилган ва аниқланган пайтдан эътиборан 30 кунлик муддатда йўл қўйилган бузилишлар ихтиёрий равишда бартараф этилган бўлса, жарима санкциялари қўлланмайди (МЖТКнинг 271-моддаси).
Анжелика НАМ, «Norma Online» эксперти.