Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 32 / Божхона

Пинҳона таҳдид

 

2016 йилда Россия, Қирғизистон ва Қозоғистонда жами 850 нафардан ортиқ ўсмирнинг ўз жонига қасд қилишга урингани қайд этилади. Уларни бу қабиҳ ишга ҳаётнинг оғирлиги, ташвишнинг кўплиги ундагани йўқ. Ўсмирлар бор-йўғи компьютер ўйинларининг ишқибози бўлишган.

 

Сўнгги пайтда ижтимоий тармоқларда «Кўк кит», «Тинч уй» каби «ўлим гуруҳлари»нинг ўсмирлар ўртасида тарқалиб, уларни ўз жонига қасд қилишгача ундаётгани кенг жамоатчиликнинг жиддий ташвиш ва хавотирига сабаб бўлди. Ҳақиқатан ҳам ҳали онги тўлиқ шаклланмаган, мустақил фикр ва маънавий дунёқарашга эга бўлмаган ўсмирлар ана шундай қора тўрларнинг нишонига айланмоқда.

Хайриятки, республикамизда бундай ёт ғояларнинг ошкора тарғиб қилинишига қарши қонун йўли билан, яъни Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жиддий тўсиқ қўйилган. Амалдаги тартибларга кўра, зўравонликни тарғиб қилувчи материалларни республикамизга олиб кириш тақиқланган.

Масаланинг аянчли жиҳати шундаки, фойданинг кетидан қувиб, фақат мўмай даромадни кўзлаётган айрим «тадбиркорлар»ни ҳам, ҳеч иккиланмай, таҳдидли ўйинларнинг тарғиботчисига тенглаштириш мумкин. Сабаби улар ўз юртдошларининг саломатлиги ва ҳаёти учун хавфли бўлган маҳсулотларни ноқонуний йўллар билан олиб келадилар.

Пойтахтимиздаги «Тошкент-товар» ТИФ божхона постида темир йўл контейнерларидан бири ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Контейнердаги 20 тоннадан ортиқ юк пойтахтимизда фаолият юритувчи «Modern sweet» МЧЖ номига Латвиядан юборилган бўлиб, улар орасидаги салкам 5,8 тонна шоколад ва сақичларнинг истеъмол муддати деярли 3 йил аввал ўтиб бўлган экан.

Таҳлиллар давомида бунданда аянчли манзара намоён бўлди: маҳсулотлар орасидаги салкам 560 кг оғирликдаги сақичнинг саломатликка таҳдидидан кўра, ёшларимиз маънавиятига солиши мумкин бўлган таҳдиди хавфлироқ бўлиб чиқди. АҚШнинг «Wrigley» компанияси маҳсулоти ҳисобланмиш «Truth or dare» (FIVE), яъни «Ҳақиқат ёки журъат» деб баландпарвоз ном билан аталган сақичлар қадоғидаги ёзувлар ҳам ёшларнинг онгини заҳарлашга ундовчи ғоялар билан йўғрилгани маълум бўлди.

Бир қарашда ёрлиқдаги мухтасар жумлалар шунчаки кўнгилхушлик воситаси сифатида эътиборга арзимасдек туюлиши мумкин. Лекин...

Сақичлардаги ушбу жумлалар ортида қандай мақсад яширин эканлигини билиш учун республика Маънавият тарғиботи маркази экспертларининг хулосасини ўқиймиз:

«Мазкур маҳсулотларнинг номи ва унинг ичидаги сақичларга ўроғлик қоғозларда истеъмолчиларга қизиқ бўлиши ва ўзига жалб қилиш мақсадида турли шаклларда даъватлар, топшириқлар ва чақириқлар мавжуд бўлиб, бироқ ғоявий-мафкуравий жиҳатдан мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий, ижтимоий ислоҳотларга мос эмас».

Ёрлиқлардаги чақириқларга аҳамият беринг:

«Бўса олинг!»

«Шаҳвоний овозда гаплашинг!»

«Бўсангиз суратини ижтимоий тармоққа жойлаштиринг!»

«Хонадаги энг чиройли одамдан бўса сўранг»

«Қўлсиз ечининг!»

«Ёшликдаги энг аҳмоқона ишингизни такрорланг!»

«Дўстингизнинг белидан бармоқларингиз учи билан силанг!»

«Кимнингдир орқасидан музқаймоқ отинг!».

Бу каби даъвату топшириқларнинг сони 745 мингдан ошади!

Хўш, бу даъватлардан нима кутиш мумкин? Ёшларни ошкора одобсизлик ва чиркин одатларга етаклаётган чорловлар замирида аслида юқорида санаб ўтганимиз «Кўк кит», «Покемон Го», «Тинч уй» каби ўзини ўзи ўлдиришга мажбурловчи хавфли ўйинлар тарғиботи мужассам эмасми?!

Бундай сақични чайнаб кўрган ўсмир ундаги топшириқларни бажариб кўриши табиий! Чунки одатда ўсмирлар атрофдагиларга ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатишга иштиёқманд бўлади ва ҳар қандай ўйинда ғолибликка интилади.

Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, бу каби сақичлар Россия Федерациясининг «Ригли» компанияси томонидан ҳам «Правда или Действие» номи остида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.

«Урганч аэропорт» чегара божхона пости орқали «Санкт-Петербург–Урганч» йўналишидаги авиарейс билан учиб келган Н.Абдуллаева ҳам 1 ўрамда «5 Правда или Действие» ёзувли сақичларни олиб кираётганлиги аниқланган. Бу сақичлардаги даъватлар эса янада таажжубли ва хавотирли:

«Агар сен жинсингни бир кунга ўзгартирсанг, шу кунни қандай ўтказардинг?»

«Дунёда энг зўр жинсий алоқага чорловчи фикрингни ёз»

«Мана шу топшириқни пешонангга селфи қилиб ёпиштир!».

Бу топшириқлар нафақат ўсмирларни, балки катта ёшдагиларни ҳам эсанкиратиб қўйиши табиий. Ёшлар онги учун кураш кетаётган ҳозирги таҳликали замонда бу каби маҳсулотларни олиб киришга уринишни ҳеч иккиланмай халқимиз маънавиятига беришга уринилган зарба дейиш мумкин.

Кўриниб турибдики, хатарли ғоянинг тўрига тушиб қолиш учун энди Интернетга киришнинг ҳам ҳожати қолмаган – агар зийраклик кўрсатмасангиз, бу хатарни сиз ўз қўлингиз билан ўз фарзандингизга ўз пулингизга сотиб оласиз. Огоҳ бўлинг!

 

Ҳусен ТАНГРИЕВ,

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати катта инспектори.

Прочитано: 1555 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика