Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш вазифаси белгиланган.
Ана шу вазифалар ижросини самарали таъминлаш мақсадида маъмурий ишлар судлар томонидан корхона ва ташкилотларда сайёр тартибда кўриб чиқилмоқда. Навоий вилояти божхона бошқармасида ҳам Кармана туман Маъмурий ишлар бўйича судининг судьяси иштирокида вилоят божхоначилари томонидан аниқланган 19 та божхона қоидабузарлиги сайёр тартибда кўриб чиқилди. Хусусан, 2 ҳолатда божхона чегараси орқали порнографик мазмундаги материалларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, 1 ҳолатда 2 200 АҚШ доллари миқдоридаги нақд хорижий валютани, 1 ҳолатда 24 дона тарихий аҳамиятга эга бўлган тангаларни ноқонуний олиб чиқиш ҳамда божхона назорати остида турган товарларни ўз вақтида божхона режимига расмийлаштирмаганлик, божхона органига нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, шунингдек, божхона юк декларациясини нотўғри тўлдирганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг турли моддалари билан вилоят божхона бошқармаси томонидан юритилган маъмурий ишлар кўриб чиқилди ва жазонинг муқаррарлиги таъминланди.
– Бу каби сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад фақатгина айбдорга жазо тайинлаш эмас, балки содир этилган жиноий қилмишнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш, фуқаролар ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашдир, – дейди Кармана тумани Маъмурий ишлар бўйича суди судьяси Жамшид Тилавов.
«Суд зали»да маъмурий иш материали юритилган фуқаролар, маҳалла фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Н.РАҲМОНОВА,
Навоий вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати ходими.