Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 32 / Солиқ солиш

Газ баллони ўрнатишга лицензия керакми?

 

Корхонамиз автомашиналарга метан газ баллонларини ўрнатиш фаолияти билан шуғулланмоқчи.

1. Бу фаолият тури билан шуғулланиш учун лицензия талаб қилинадими? Юридик ва жисмоний шахслар автомашиналарига ва давлат ташкилотлари учун хизматлар кўрсатилганда қандай алоҳида ҳужжатлар расмийлаштирилиши керак?

2. Автотранспорт воситаларига метан газ баллони ўрнатиш фаолияти билан шуғулланадиган корхонага қандай мажбуриятлар юкланади, уларда қандай солиқ оқибатлари вужудга келади?

Жавоҳир Бобохўжаев.

 

1

Йўқ, лицензия талаб этилмайди.

Бироқ сиз мазкур фаолият билан шуғулланиш учун қуйидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнини олишингиз керак бўлади:

ЙҲХББнинг автотранспорт воситаси ва (ёки) унинг қисми конструкциясининг йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги гувоҳномаси;

ЙҲХББ билан келишилган авто­транспорт воситаларининг алоҳида моделлари учун конструкцияларнинг техник лойиҳалари;

«Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясининг баллонларни техник текширув бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатномаси;

узеллар бирикмасининг (боғламининг) герметиклиги (зичлиги) ва мустаҳкамлиги жиҳатдан газ баллони тизимларини синаш бўйича лабораториянинг аккредитацияси тўғрисидаги гувоҳнома (ВМнинг 11.11.2015 йилдаги 326-сон қарори билан тасдиқланган Техник регламентга ­1-илова 1-банди 6-хатбошисининг «а»-«г»-кичик бандлари, бундан кейин – Техрегламент).

Техрегламентни техник тартибга солиш объектлари қуйидагилардир:

автотранспорт воситаларига газ баллони анжомларини ўрнатиш бўйича хизмат;

сиқилган табиий, камайтирилган нефть газларида ёки дизель ва газ шаклидаги ёқилғи аралашмасида ишловчи автотранспорт воситаларидан фойдаланиш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш (Техрегламентнинг 3‑банди).

Юридик ва жисмоний шахсларнинг автотранспорт воситаларига газ баллони анжомларини ўрнатишни расмийлаштиришда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

шартнома ёки бошқа ҳужжат (масалан, буюртма-ариза шаклида) (ФК 108-моддаси 1-қисмининг 1-банди);

автомобилга газ баллони анжомини ўрнатиш учун олдиндан ва узил-кесил тўловни тасдиқловчи ҳужжатлар (ушбу хизматни ўзларининг банк ҳисобварақларидан тўлаган юридик ва жисмоний шахсларнинг тўлов топшириқномалари; тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилишда ҳисоб-китоб терминалининг чеки; аҳоли билан нақд пулда ҳисоб-китоб қилганда НКМ чеки; электр энергияси вақтинча мавжуд бўлмаган тақдирда – квитанция);

автомобилни топшириш-қабул қилиш далолатномаси (икки нусхада, унинг бир нусхаси буюртмачига берилади). Автомобилнинг йўлдош (илова қилинадиган) ҳужжатлари, бутланганлиги ва техник ҳолати текширилади;

Техрегламентга биноан газ баллони анжоми бирикмаларининг (боғламларининг) герметиклиги (зичлиги) ва мустаҳкамлигини синовдан ва текширувдан ўтказишни тасдиқловчи ҳужжатлар1 (Техрегламентнинг 72-банди);

қайта жиҳозлаш тўғрисидаги далолатнома (агар синов ижобий натижа берган бўлса) (Техрегламентга 6-илова);

автомобилни топшириш-қабул қилиш далолатномаси (буюртмачига қайтарилган ҳолда) (икки нусхада, унинг бир нусхаси буюртмачига берилади).

Шу боис сизга Техрегламент, шунингдек тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (масалан, O’zDSt 1082:2011 «Сиқилган табиий газда ишлаш учун жиҳозланган ва фойдаланишда бўлган автотранспорт воситалари. Умумий техник шартлари ва синов усуллари», O’z DSt 35.110:2011 (БМТ ЕИКнинг 100-сон Қоидалари) билан танишиб чиқишни тавсия қиламиз.

Агар буюртмачингиз давлат ташкилотлари, корхоналари ва давлат улуши устувор бўлган хўжалик жамоаси ёки бюджет маблағларидан молиялаштириладиган ташкилот билан хизматингиз учун ҳисоб-китоб қилаётган бошқа шахслар бўлса, эътиборингизни қуйидаги ҳуқуқий нормаларга қаратишни тавсия этамиз.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товар, иш ва/ёки хизматларни етказиб берувчилар билан тузган шартномалари2 (шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар) улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин кучга киради (Бюджет кодексининг ­122-моддаси 3-қисми). Белгилаб қўйилганки, улар товарлар, ишлар, хизматларнинг барча турларини харид қилишда хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналарни харид қилиш бўйича тендер савдолари ўтказиш тўғрисидаги низомга3 (бундан кейин – Низом) амал қиладилар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (ВМнинг 21.11.2000 йилдаги 456-сон қарори 2-бандининг 2-хатбошиси).

Устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган табиий монополия субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) бир шартнома бўйича эквиваленти 300 дан 100 минггача АҚШ доллари бўлган миқдорда биржа томонидан ташкил қилинадиган алоҳида савдо майдончасида электрон савдолар воситасида харид қиладилар. Улар харид қиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати махсус Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланади (Президентнинг 5.04.2013 йилдаги ПҚ-1948-сон қарорининг 1-банди).

Биржа сайтида Ҳукуматнинг корпоратив харидлар комиссияси томонидан 2014 йил 5 апрелда тасдиқланган Табиий монополия субъектлари, устав фондидаги давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари томонидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) гуруҳининг рўйхатига товарлар (ишлар, хизматлар)нинг сараланган рўйхати жойлаштирилган. Унинг «Автотранспорт воситаларига қўшимча техник асбоблар ва анжомларни ўрнатиш бўйича хизматлар» номли 20-сонли гуруҳида «газ анжомини (метан, пропан) ўрнатиш» ҳам мавжуддир.

Битта контракт бўйича 300 АҚШ долларига тенг бўлган суммадаги давлат харидлари ва корпоратив харидлар ҳам буюртмачининг ташаббуси билан биржада ташкил этиладиган ва ўтказиладиган электрон савдолар орқали амалга оширилиши мумкин (ВМнинг 11.06.2013 йилдаги 166-сон қарорига 2-илованинг ­5-банди 1-хатбошиси).

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Online» етакчи эксперти.

 

Улгуржи савдо корхонаси бошқа турдаги қўшимча тадбиркорлик фаолиятини олиб борса, бухгалтерия ва солиқ нуқтаи назаридан улар бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши талаб қилинади (Солиқ кодексининг 353-моддаси).

Автомашиналарга метан газ баллонлари ўрнатиб бериш фаолиятидан олинган даромадлар учун 2017 йилда ЯСТ ставкаси 5% этиб белгиланган (27.12.2017 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорга 10-1-илова). Ушбу хизмат туридан олинган даромадларга солиқ солишда хизматлар ўз таннархидан паст баҳоларда реализация қилинса, хизматларнинг таннархи солиқ солиш объекти ҳисобланишини (Солиқ кодексининг 355-моддаси) инобатга олиш керак.

Хизматларнинг таннархи Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ аниқланади. Хизматлар таннархига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча моддий харажатлар (газ баллони ва керакли бошқа анжомлар), меҳнат ҳақи харажатлари, хизмат кўрсатиладиган бинонинг амортизация (ёки ижара) харажатлари каби харажатлар киритилади.

Аҳолига нақд пуллик хизмат кўрсатувчи корхоналарга қўйилган талаблардан бири улар билан ҳисоб-китобни амалга оширишда белгиланган тартибда НКМ ва тўлов терминалларидан фойдаланишдир (ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига 1-илова; 27.07.2009 йилдаги ­1986-сон Низом).

Солиқ кодексининг 72-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш билан товарларни реализация қилиш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш Назорат-касса машиналарининг давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машиналари мажбурий қўлланилган ҳолда амалга оширилади, бундан нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишни, фаолиятининг ўзига хос хусусияти сабабли НКМни қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган айрим тоифадаги юридик ва жисмоний шахслар мустасно.

Хўжалик субъектларининг тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва улардан фойдаланишга оид талабларга риоя қилмаслиги НКМ билан жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш тартибини, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишга тенглаштирилади ҳамда уларга қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик юкланади.

Фискал хотирали НКМни ва (ёки) тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда уларни ишлатмасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, худди шунингдек сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериш мажбурий бўлгани ҳолда бундай ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик – ЭКИҲнинг 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Замира ЖЎРАЕВА,

«Norma Online» эксперти.

 

 


1Далолатнома одатда баённома шаклида расмийлаштирилади.

2Шартномаларда 15 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади, ВМ томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно (Бюджет кодекси ­122-моддасининг 5-қисми).

3Тендер савдолари 100 минг АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқ битта контракт бўйича товарлар етказиб беришни амалга оширишда ўтказилади. 300 дан 100 минг АҚШ долларигача тенг суммадаги битта контракт бўйича етказиб беришларни амалга оширишда харидлар буюртмачи томонидан ташкил этиладиган махсус комиссия қарорига кўра энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида тендер савдолари ўтказмасдан (Низомнинг 5-4 ва 5-5-бандларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари) амалга оширилади (Низомнинг 5-банди). 300 АҚШ долларига тенг суммадан ошмаган миқдорда товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олинганда (рўйхати Давлат харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланадиган, давлат харидлари биржа орқали электрон савдо йўли билан амалга ошириладиган энг зарур товарлар (ишлар, хизматлар) бундан мустасно) тендер (танлов) ўтказмасдан етказиб берувчилар (бажарувчилар, пудратчилар) билан контрактлар тузилиши мумкин (Низом ­5-1-бандининг ­3-кичик банди).

Прочитано: 2114 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика