Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 32 / Солиқ солиш

Даромад солиғи: ҳисоблаш жиҳатлари

 

1-ВАЗИЯТ. Олий ўқув юрти битирувчиси 2016 йил 1 ноябрда ишга қабул қилинган. Меҳнат дафтарчаси бўлмаган. Ноябргача даромад олмаган. Ноябрь–декабрь учун унга 1 500 000 сўм иш ҳақи ҳисоблаб ёзилган.

1. Ҳисоблаб ёзилган даромад суммасига қандай шкалада солиқ солиш керак – йил бошидан ортиб борувчи якун билан декабрь шкаласидами ёки у атиги 2 ой ишлаганини ҳисобга олган ҳолда иккинчи ой шкаласидами?

2. Олий ўқув юртининг битирувчиси шу пайтгача ҳеч қаерда ишламаганлиги тўғрисида маҳалла қўмитасидан маълумотнома тақдим этиши зарурми?

 

1

Йил давомида ишга қабул қилинган ва бунгача бошқа иш жойига эга бўлмаган ходимларнинг даромадларига солиқ солишда ходимнинг даромади ҳам, солиқ солиш шкаласи ҳам ортиб борувчи якун билан ҳисобланишини инобатга олиш лозим. Бунда ходим ишлаган ойлар сони аҳамиятга эга эмас.

2016 йил ноябрь–декабрь учун ҳисоблаб ёзилган даромадга 2016 йил декабри шкаласида солиқ солиш керак. Ҳисоблаб ёзилган даромад суммаси (1 500 000 сўм) 2016 йил январь–декабрь учун ҳисоб-китобдан келиб чиққанда (12 х 130 240 = 1 562 880 сўм) 12 ЭКИҲдан камлигини инобатга олиб, ЖШДС 0%лик ставкада ушлаб қолинади, яъни нолга тенг.

 

2

Йўқ, зарур эмас.

Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни (МКнинг 80-моддаси 1-қисми):

√ паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни;

√ меҳнат дафтарчасини (биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно) ёхуд ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар учун асосий иш жойидан олган маълумотномани;

√ ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани;

√ маълумоти тўғрисидаги дипломни тақдим этади.

Ишга қабул қилиш вақтида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ушбу ҳужжатлардан ташқари қуйидагиларни тақдим этиши зарур:

√ солиқ тўловчига идентификация рақами (СТИР) берилганлиги тўғрисида гувоҳнома. Агар СТИР тўғрисида маълумотлар тақдим этилмаган бўлса, ЖШДС энг юқори ставкада ушлаб қолинади (Солиқ кодексининг 186-моддаси 5-қисми). Агар СТИР тўғрисидаги маълумотлар кейинроқ тақдим этилса, бухгалтерия ЖШДСни шкала бўйича қайта ҳисоблайди;

√ шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи (ШЖБПҲ) рақами ҳақида маълумотлар олиш учун жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси (АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 4-банди). Иш берувчи биринчи марта ишга кираётган фуқароларни ўзи солиқ ҳисобига олинган жойдаги Халқ банки филиалида жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўяди (Низомнинг 7-банди, ВМнинг 21.12.2004 йилдаги 595-сон қарорига 1-илова).

Ишга қабул қилаётганда маҳалла қўмитасидан маълумотнома тақдим этилиши биронта норматив-ҳуқуқий ҳужжатда назарда тутилмаган. Бундай маълумотнома бериш маҳалла қўмитасининг ваколатларига ҳам кирмайди («Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонун). Ишга кирувчидан қонунчиликда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади (МКнинг 80-моддаси 2-қисми).

 

2-ВАЗИЯТ. Ходим 2016 йил майда ишдан бўшатилган. Ишдан бўшатилганидан сўнг кейинги ойда (июнда) унга 2016 йил биринчи чораги учун мукофот ҳисоблаб ёзилган.

1. Ишдан бўшатилган ходимга ҳисоблаб ёзилган мукофотдан ЖШДСни қандай шкалада ҳисоблаш лозим?

2. Ходим илгариги иш жойидан олган қўшимча даромадлари ҳақида унинг янги иш жойидаги ташкилотга хабар бериш зарурми?

 

1

Жисмоний шахс меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин илгариги асосий иш жойидан олган даромаддан ЖШДС қуйидагича ушлаб қолиниши мумкин (Солиқ кодексининг 186-моддаси):

● йил бошидан ортиб борувчи якун билан шкала бўйича. Яъни ишдан бўшагандан кейин олинган даромадга у ҳисоблаб ёзилган ой шкаласида солиқ солинади. 2-вазиятда келтирилган маълумотларга кўра мукофотдан ЖШДС июнь ойидаги шкала бўйича ушланади;

● жисмоний шахснинг аризаси асосида энг юқори ставкада. Ушбу вариант танланганда ҳисоблаб ёзилган мукофот суммасига 23%лик ставкада солиқ солинади.

Жисмоний шахс илгариги иш жойида олган даромадга айрим имтиёзларни қўллаб бўлмайди, айнан:

● жисмоний шахсларнинг муайян тоифаларини солиқ солишдан тўлиқ озод қилувчи (Солиқ кодексининг 180-моддаси);

● моддий ёрдам бўйича (фавқулодда вазиятлар муносабати билан ва ходимнинг ёки унинг оила аъзоси вафоти муносабати билан кўрсатиладиганидан ташқари).

Ушбу ходимга илгариги асосий иш жойида тўланган даромад ва ушлаб қолинган ЖШДСнинг умумий суммаси ҳақида корхона меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин 30 кун ичида ўз солиқ инспекциясига ёзма равишда маълум қилиши шарт (Солиқ кодексининг 186-моддаси ­7-қисми). Ҳисобот таркибида бундай хабар беришнинг белгиланган шакли назарда тутилмаган, шу сабабли у эркин шаклда юборилади.

Агар олинган даромаддан ЖШДС шкала бўйича ушлаб қолинган бўлса, солиқ даври (2-вазиятда – 2016 йил) тугагандан кейин 30 кун ичида корхона ДСИга Асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотномани (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-илова) тақдим этиши шарт.

Даромад тўлангандан кейин 30 кун ичида тақдим этиладиган маълумотларда ҳам, йил якуни бўйича Маълумотномада ҳам бир хил маълумотлар акс эттирилади. Шу сабабли амалиётда маълумотларни эркин шаклда тақдим этиш мажбуриятига риоя этилмайди, солиқ ходимлари ҳам буни тасдиқлайдилар. Шу муносабат билан Солиқ кодексидаги мазкур норманинг зарурлиги борасида савол юзага келади.

 

2

Йўқ, жисмоний шахснинг янги иш жойидаги ташкилотга у олган даромад ҳақида хабар бериш керак эмас.

Жисмоний шахс олган даромад ва ундан ушлаб қолинган солиқ бўйича Тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисида маълумотномани (2439-сон қарорга ­2-илова) тўлдириш ҳамда уни жисмоний шахсга бериш лозим. Жисмоний шахс жами йиллик даромади тўғрисида декларация тақдим этганда солиқ органи солиқнинг якуний ҳисоб-китобини чиқаради.

 

3-ВАЗИЯТ. Ходим 2016 йил сентябрда ишга қабул қилинган. Январдан сентябргача даромади бўлмаган. Меҳнат дафтарчасидаги ёзув буни тасдиқлайди.

1. Меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар ходим йил бошидан ишламаганлигини тасдиқласа, у буни тасдиқлаш учун маҳалла қўмитасидан маълумотнома тақдим этиши шартми?

2. Агар маҳалла қўмитасидан маълумотнома тақдим этилмаган бўлса, ЖШДС қандай ҳисобланади?

 

1

Йўқ, шарт эмас. Ишга кираётган шахс иш берувчига тақдим этиши керак бўлган ҳужжатлар 1-вазиятда келтирилган.

Меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 1.1-банди). Агар ўтган йилда унга охирги ёзув қайд этилган бўлса, бу ходим жорий йилда ҳеч қаерда ишламаганлигини тасдиқлайди.

 

2

Агар ходим СТИР ва ШЖБПҲ тўғрисида маълумотларни тақдим этган бўлса, сентябрь учун даромадлардан ЖШДС 2016 йилнинг сентябри учун ортиб борувчи шкалада ушлаб қолинади.

 

4-ВАЗИЯТ. Ходим 2016 йил сентябрда ишга қабул қилинган. Ишга кириш чоғида 2016 йилнинг январь–май ойларидаги даромадлари тўғрисида маълумотнома тақдим этган, июндан сентябргача эса меҳнат дафтарчасига қараганда ҳеч қаерда ишламаган.

Сентябрь учун ЖШДСни қандай шкалада ҳисоблаш керак?

 

Янги асосий иш жойи бўйича ЖШДС илгариги ва янги иш жойида йил бошидан буён олинган жами даромаддан келиб чиқиб ҳисобланади. Жисмоний шахс жорий йилда ўзига тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган солиқ суммалари тўғрисидаги маълумотномани янги асосий иш жойидаги бухгалтерияга дастлабки иш ҳақи ҳисоблангунига қадар тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг 186-моддаси).

Январь–май ойларидаги даромадлар тўғрисида маълумотнома тақдим этилмаганлиги, ­июнь–августда эса меҳнат дафтарчасига кўра жисмоний шахс ҳеч қаерда ишламаганлиги боис сентябрь учун ЖШДСни ҳисоб-китоб қилишда охирги иш жойидан берилган маълумотномага асосан январь–май ойларидаги ва янги иш жойида ҳисоблаб ёзилган сентябрь учун жами даромад ҳисобга олинади. Тегишинча, ушбу даромаддан солиқ сентябрь учун ортиб борувчи шкала бўйича ҳисобланади.

 

МИСОЛ. Ходим 2016 йил 1 сентябрда 800 000 сўм миқдоридаги маош билан ташкилотга ишга қабул қилинди. 2016 йил январь–май ойларидаги даромадлари тўғрисида тақдим этган маълумотномага кўра у бошқа корхонада ишлаган. Бу даврда унга 3 000 000 сўм иш ҳақи ҳисоблаб ёзилган ва 176 160 сўм ЖШДС ушлаб қолинган, шундан 23 488 сўм ходимнинг ШЖБПҲга ўтказилган. 2016 йил июнь–сентябрь ойларида у меҳнат дафтарчасига кўра ҳеч қаерда ишламаган.

Ходим илгариги ва янги иш жойида календарь йил бошидан сентябргача олган жами даромад 3 800 000 сўмни (3 000 000 + 800 000) ташкил этади.

2016 йил январь-сентябрь учун ЖШДС суммаси 197 088 сўмга ((3 800 000 – 130 240 х 9) х 7,5%) тенг, шундан сентябрь учун – 20 928 сўм (197 088 – 176 160).

Январь–сентябрь учун ШЖБПҲга ажратмалар суммаси 26 278,4 сўмни ((3 800 000 – 130 240 х 9) х 1%) ташкил этади, шундан сентябрь учун – 2 790,4 сўм (26 278,4 – 23 488).

2016 йил сентябрь учун фуқароларнинг суғурта бадаллари суммаси – 60 000 сўм (800 000 х 7,5%).

Шу тариқа, 2016 йил сентябрь учун ходимга 719 072 сўм (800 000 – 20 928 – 60 000) иш ҳақи тўланади.

 

Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1931 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика