Раҳбар янги ходимни малака ошириш учун 1 йилга ўқишга юборяпти. Тўлов валютадаги маблағларимиз ҳисобидан тўғридан-тўғри университетга тўланади.
1. Фирмамиз (МЧЖ) ходимнинг ўқиш ҳақини тўлаши ва ушбу тўловни корхона харажатларига киритиши мумкинми? Бунда ходимда даромад юзага келадими?
2. Унинг иш жойи сақланадими? Агар ходим 1 йил бўлмаса, унга иш ҳақи ҳисоблаш ва хизмат сафари харажатларига аванс ажратиш керакми?
3. Агар ходим қайтмаса ёки келиши билан ишдан бўшамоқчи бўлса, қандай йўл тутиш лозим?
Л.Габдрахманова, бухгалтер.
1 |
Ҳа, ходимнинг ўқиш ҳақини тўлашингиз ва бу тўловни корхона харажатларига киритишингиз мумкин. Кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш харажатлари корхонанинг бошқа операцион харажатларига киради (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.3.1-банди).
Башарти солиқ тўловчи кейинчалик корхонангизда ишлаш учун малака ошираётган бўлса, унда солиқ солинадиган даромад юзага келмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 15-банди). Яъни ўқиш мақсади ва дастури ходим бажарадиган функцияларга ёки корхонанинг вазифаларига мувофиқ келиши керак.
2 |
Корхона малака оширишга юборган ходим хизмат сафарига юборилган деб ҳисобланади. Унинг иш жойи ва ўртача иш ҳақи сақланади.
Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган) Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарларига юбориш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартиби ва миқдорлари белгиланган. Тасдиқловчи ҳужжатлар асосида хизмат сафари жойига бориш ва у ердан қайтиб келиш, шунингдек нормалар доирасида уй-жойни ижарага олиш учун тўловлар ва суткалик пуллар жисмоний шахсларнинг даромадлари ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 7-банди). Нормалардан ортиқча суткалик пуллар эса меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромадга киритиладиган компенсация тўловлари (Солиқ кодексининг 174-моддаси 9-банди) ҳамда ЖШДС, ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинадиган тўловлар жумласига киради.
Шу ўринда хизмат сафарида бўлишнинг 61-кунидан бошлаб суткалик харажатлар дастлабки 60 кун учун тўловлар билан солиштирганда пасайтирилган нормалар бўйича тўланишига эътиборингизни қаратамиз (Меъёрларнинг 5-устуни, АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга 1-илова).
3 |
Агар ходим ишдан бўшашга ёхуд хорижда қолишга аҳд қилса, вазиятни ҳал қилишнинг 2 хил усули мавжуд:
1) ўқиш учун тўланган сумма ходимнинг даромадидан ушлаб қолинади. Бу ҳолда солиқ оқибатлари юзага келмайди, сабаби қайтарилиши лозим бўлган сумма даромад деб ҳисобланмайди;
2) ўқиш қиймати ходимнинг моддий наф тарзида олинган даромади деб тан олинади, унга ЖШДС солинади, бироқ ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинмайди (Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-банди).
Шу сабабли ходимни ўқишга юборишдан аввал ўқиш харажатларини тўлаш шартлари, ходим қайтиши билан корхонангизда ишлаб бериши тартиби ва муддатларини олдиндан белгилаб олишни тавсия этамиз.
Ходим билан келишувни расмийлаштириб, ушбу барча шартларни белгилаб олиш мумкин, унда келишув юзасидан мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда тарафларнинг хатти-ҳаракатлари алоҳида қайд этилади.
Лилия ХИСМАТОВА, «Norma Online» эксперти.