Norma.uz

Ишдан бўшайми ёки қисқартиришларини кутайми?

 

30.06.2017 йилда, жума куни корхона қайта ташкил этилиши ҳақида мени огоҳлантириб, ўз хоҳишимга кўра (17.07.2017 йил, душанба кунидан) ариза ёзишимни сўрадилар, 1 ой учун пуллик компенсация тўлашни ваъда қилдилар. Бу қонунга тўғри келадими?

Г.Р.

 

Иш берувчи хатти-ҳаракатлари билан қонун ҳужжатлари талабларини бузмоқда.

Корхона мулкдори алмашганда, худди шунингдек корхона қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилганда) меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверади. Яъни бу ташкилот ходимлари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўла олмайди (МКнинг 98-моддаси).

Бироқ янги мулкдор корхонанинг раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, унинг вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир (МКнинг 100-моддаси 2-қисми 6-банди). Шунга кўра, юқорида кўрсатилган ходимлардан ташқари ҳар қандай ходим билан МКнинг 100-моддаси 2-қисми 6-бандига кўра меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ноқонуний деб топилади (Олий суд Пленумининг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарорининг 40-банди).

Корхонанинг бир орган бўйсунувидан бошқа орган бўйсунувига ўтказилиши ҳам меҳнат шартномасининг амал қилишини тўхтатмайди.

Шу сабабли ходимнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ишни давом эттиришдан бош тортиши унинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади, чунки қайта ташкил этиш муносабати билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас.

Шу тариқа, иш берувчининг меҳнат шартномасини ўз хоҳишига кўра бекор қилишни сўраб ариза ёзишни талаб этиши қонунга зид. Бунинг учун ходимнинг ҳеч қандай мажбурлашсиз ихтиёрий хоҳиш билдириши зарур.

Шунга қарамай, ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ариза ёзса ва ишдан бўшатилса, кейинчалик меҳнат шартномаси ноқонуний равишда бекор қилинганини исботлаш қийин бўлади.

Ишдан бўшатилаётган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ҳисоб-китоб қилиниши (МКнинг 110-моддаси) ва фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланиши шарт (МКнинг 151-моддаси).

Ходимга ишлашда давом этишни ва ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ариза ёзмай, ходимлар сони (штати) қисқариши муносабати билан бекор қилинишини (шундай бўлса, албатта) кутишни тавсия этамиз. Бундай ходимлар ижтимоий жиҳатдан кўпроқ ҳимояланган бўладилар.

Масалан, МКнинг 67, 92, 100–102, 107–110 ва 151-моддалари талабларига мувофиқ, ходимлар сони (штати) қисқариши муносабати билан ишдан бўшатилаётган ходимга:

► тарафлар ўртасидаги келишувга биноан огоҳлантириш (камида 2 ой олдин) унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин (МКнинг 102-моддаси);

► ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади (МКнинг 109-моддаси);

► меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ҳисоб-китоб қилинади (МКнинг 110-моддаси);

► фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади (МКнинг 151-моддаси).

Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 10 календарь кун мобайнида Бандликка кўмаклашиш марказида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, аввалги жойида иш қидириш даврида, бироқ 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида бир ойлик ишдан бўшатиш нафақасини ҳисобга олган ҳолда унинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади (МКнинг 67-моддаси).

 

Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.

Прочитано: 1532 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика