Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 31 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Пенсионерлик гаштини суринг

 

ёки пенсия ва нафақаларга доир сўнгги ўзгаришлар

 

Вазирлар Маҳкамасининг 27.06.2017 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 429-сон қарори билан 3 та норматив-меъёрий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Уларнинг барчаси фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини такомиллаштиришга қаратилгандир.

 

Алоқа ташкилотлари ўрнига бошқа ташкилот

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 19.02.2010 йилдаги 30-сон қарори билан тасдиқланган) 8-бандига мувофиқ, Пенсия жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни ҳисоблаб чиқиш бўйича операцияларни амалга оширади, ишламайдиган пенсионерларга пенсия ва нафақаларни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот (илгари – алоқа ташкилотлари) ва банклар орқали, ишлайдиган пенсионерларга эса – ташкилотлар орқали пенсиялар ва ижтимоий нафақалар тўлаш юзасидан топшириқларни расмийлаштиради ва беради. Бундан ташқари, Жамғарма пенсия ва нафақаларни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот (илгари – «O`ZBEKISTON POCНTASI» АЖ) ва тижорат банкларида пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловлари ҳамда бошқа тўловларнинг ўз вақтида тўланиши мониторингини олиб боради.

 

Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашдаги жиддий ўзгаришлар

Асосий ўзгаришлар Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган.

 

Архив маълумотлари мавжуд бўлмаса...

Иш ҳақи тўғрисида архив маълумотлари мавжуд бўлмаганда, иш ҳақи миқдорини аниқлаш 2005 йилдан кейинги давр учун жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек 2015 йилдан кейинги давр учун Жамғармага ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан келиб чиқиб амалга оширилади. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, иш ҳақини гувоҳлар кўрсатмаси асосида аниқлашга йўл қўйилмайди.

 

Суғурта бадали тўланмаса...

Ихтиёрий равишда суғурта бадаллари тўлаш ҳуқуқи берилган шахслар Жамғармага суғурта бадалларини тўламаган тақдирда, уларнинг иш стажига қўшиб ҳисобланмаган даврлар меҳнат фаолиятининг охирги ўн йиллик даврига киритилмайди.

 

Янги турдаги устамалар

Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга янги 113-1-банд киритилди. Унга кўра, ушбу Низомнинг ­112-банди «и» кичик бандига (Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматларга эга бўлган шахсларга) асосан пенсияга устама «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини белгилаш ва олий нишон – «Олтин Юлдуз» медалини таъсис этиш тўғрисида»ги Қонун билан тасдиқланган «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони тўғрисидаги низомга мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида белгиланади.

Ушбу Низомнинг 112-банди «к» ва «л» кичик бандларида (Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 28 октябрдаги 415-сон қарорига 1-иловада кўрсатилган ташкилотларда ишлаган имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган артистларга, 2-иловада кўрсатилган лавозимларда ва ташкилотларда ишлаган (эркаклар учун камида 25 йил ва аёллар учун камида 20 йил) театр, концерт ташкилотларининг артистлари ва бадиий ходимларига, театр ва мусиқа санъатининг ижодий ходимларини тайёрлаш билан банд бўлган таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркибига ва концертмейстерларига) назарда тутилган пенсияга устамалар пенсионер Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1995 йил 20 октябрдаги ПФ-1280-сон Фармони қўлланиладиган республика театр-концерт ташкилотларидан ёки театр ва мусиқа санъати ижодий кадрларини тайёрловчи таълим муассасаларидан ишдан бўшагандан сўнг пенсияни қайта ҳисоблаш учун мурожаат этган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб белгиланади.

 

Ишламайдиган пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби

Ишламайдиган пенсионерларга пенсия яшаш жойи бўйича Жамғарма бўлимлари томонидан пенсияни етказиб бериш (топшириш) юклатилган ташкилот ёки пенсионернинг хоҳишига кўра пул маблағларини фуқароларнинг депозит ҳисобрақамларига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали тўланади.

Ишламайдиган пенсионерларга пенсияларни тўлаш тартиби Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

 

Ишончнома орқали пенсия

Пенсия тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича амалга оширилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси ташқарисида расмийлаштирилган ишончномага ушбу ҳужжат расмийлаштирилган давлатнинг ваколатли органи томонидан апостиль қўйилиши лозим, бундан Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар конвенциясининг (Минск шаҳри, 1993 йил 22 январь) иштирокчи давлатлари – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар мустасно.

Бунда ишончнома берган шахс Жамғарма бўлимларидан бирига бир йилда камида бир марта келиб, тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак. Жамғарма бўлими томонидан пенсионернинг келиши имконияти мавжуд эмаслиги (соғлиғи туфайли, даволаш муассасаларида, шу жумладан руҳий касаллар учун стационар даволанишда бўлиш) тўғрисида маълумотлар олинганда, Жамғарма бўлимлари ходимлари тайинланган пенсияга бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш учун пенсионер турган жойга чиқишлари мумкин.

Пенсионер хорижий давлатда бўлган ва соғлиғи туфайли Ўзбекистон Республикасига келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолларда пенсионер Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига мурожаат этиб, хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳолати мавжуд эмаслигини, шунингдек пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаши лозим.

Ишончли вакил пенсия тўлашга таъсир этиши мумкин бўлган ўзига маълум барча ҳолатлар тўғрисида Жамғарма бўлимига хабар бериши шарт.

Ишончнома пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилотнинг бўлинмасида сақланади. Бунда пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилотнинг бўлинмаси ишонч билдирилган шахс томонидан ишончнома тақдим этилган санадан бошлаб 10 кун муддатда Жамғарманинг тегишли бўлимига пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилотнинг бўлинмасининг асосий муҳри ва раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланган ишончнома нусхасини юбориши шарт.

 

Пенсия ўз вақтида олинмаган бўлса...

Пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги 12 ойдан ошмаган давр учун тўланади.

Жамғарма бўлимининг айби билан ўз вақтида олинмай қолган пенсия пули ўтган давр учун муддати чекланмаган ҳолда тўланади.

Бунда ўтган давр учун тўловлар бир йўла тегишли ойлар учун ҳисоблаб чиқариб қўйилган ва олинмаган пенсиянинг суммаларига мос миқдорда тўланади.

 

Пенсионер вафот этганда

Оила аъзоларининг пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турганлиги ҳолати ўзини ўзи бошқариш органларидан олинган маълумотлар асосида белгиланади.

Кўрсатиб ўтилган (пенсионерга берилиши керак бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия суммаси) сумма, унинг учун пенсионер вафот этгандан сўнг 60 кундан кечикмай мурожаат қилинган тақдирда тўланади.

 

Маълумки, доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига кетишгача тайинланган пенсия (Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатлар бундан мустасно) Жамғарма бўлимига кетиш тўғрисида ариза берилган кундаги пенсия миқдори ҳисоб-китобидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ташқарисига жўнаб кетишдан 6 ой аввал миллий валютамизда тўланади.

 

6 ой аввал пенсия тўлаш пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот орқали бир марталик ведомость асосида, шунингдек тижорат банкининг филиалида пенсионернинг номига очилган банк ҳисобрақамига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

 

Бошқа муҳим ўзгаришлар

Пенсионер руҳий беморлар учун, шу жумладан суд қарори бўйича даволаш муассасаларида бўлган вақт учун пенсия қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома бўйича тўланади.

Тайинланган пенсияни тўлаш фуқаро хорижий давлатда бўлган даврида пенсия (ижтимоий нафақа) олганлиги ҳолати аниқланганда тўхтатилади.

Жамғарма бўлими Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки орқали чет элга ўтказилиши керак бўлган меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида тайинланган пенсиялар суммасининг ўз вақтида жўнатилишини таъминлайди.

 

Фаррухжон Файзиев,

ҳуқуқ магистри.

Прочитано: 1441 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика