Мамлакатимизда экспортчи корхона ва тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини ҳар томонлама рағбатлантириш, уларга имтиёзлар бериш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Қонунчиликдаги бундай янгиликлар билан соҳа вакилларини таништириш мақсадида Навоий вилоят божхона бошқармаси ходимлари бевосита жойларга – дала, полиз ва боғларга ташриф буюришмоқда.
Вилоятнинг Хатирчи туманилик Илҳом Шерматов ўз хонадонида лимон, узум, олма сингари меваларни етиштириб, 15 йилдан буён ички бозорни шу маҳсулотлар билан таъминлаб келади.
Хонадонга ташриф буюрган божхоначилар экспортни қўллаб-қувватлаш борасидаги имтиёзлар, божхона расмийлаштируви учун лозим бўладиган ҳужжатлар тўғрисида маълумотлар беришди. Эндиликда деҳқон ва боғбонларга ўз маҳсулотларини четга олиб чиқишлари янада осонлашгани тушунтирилди. Хусусан, экспортёрларга қулайлик яратиш мақсадида вилоят божхона постларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт жараёнларини божхона кўриги ва расмийлаштирувидан ўтказиш ортиқча бюрократик тўсиқларсиз, навбатсиз, 24 соат мобайнида йўлга қўйилганлиги эслатиб ўтилди.
Қолаверса, Божхона кодексининг 248-моддасига мувофиқ, экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви божхона органига барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан 3 иш куни ичида амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, ҳозирда экспортга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кутиб қолиши натижасида сифати бузилишининг олдини олиш ва харидорга тезлик билан етказиб беришга кўмаклашиш мақсадида бу тартиб-таомиллар Навоий вилояти божхона постлари томонидан божхона органига барча ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг 3 соат ичида амалга оширилмоқда.
Юртимизда экспортга яратилаётган кенг имкониятдан мамнун бўлган И.Шерматов ушбу янгиликдан илҳомланиб, бу йилги ҳосилини мустақил равишда экспорт қилмоқчилигини маълум қилди.
Н.РАҲМОНОВА,
Навоий вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати ходими.