Сўнгги йилларда Сурхондарёда илғор технологиялар билан жиҳозланган корхоналар сони тобора ортиб бораётгани импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга хизмат қилмоқда.
Сурхондарё вилоятида 2017 йил давомида 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти томонидан қарийб 37 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Россия, Беларусь, Украина, БАА, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинди.
Импортёр мамлакатлардан бўлган Афғонистон Ислом давлати Ўзбекистоннинг дуккакли маҳсулотларига асосий харидорлардан ҳисобланади. 2017 йил давомида воҳадан хорижга экспорт қилинган 14,3 тоннадан ортиқ бу турдаги маҳсулотнинг 12 минг тоннадан ортиғи, яъни қарийб 84 фоизи айнан Афғонистонга етказиб берилган.
– Жорий йилда дуккакли маҳсулотларни нафақат Афғонистон, балки Ҳиндистон, Покистон, Эрон каби давлатларга ҳам экспорт қилдик,– дейди «Жарқўрғон-мева-сабзавот» МЧЖ вакили А.Раҳмонов. – Ушбу маҳсулотларнинг экспортига оид божхона расмийлаштирувини аввалгидан фарқли ўлароқ ўз иш жойимизда, масофадан туриб – электрон тарзда амалга оширяпмиз. Бу эса вақтимизни, сарф-харажатларимизни тежаб, маҳсулотларимизни божхона органларига бормасдан экспорт қилиш имконини бермоқда. Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб, мева-сабзавотларнинг ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ваколати доирасида хорижий ҳамкорларимиз билан бир нечта шартномалар тузиш арафасидамиз. Ўз маҳсулотларимизни мустақил экспорт қилишимиз даромад манбаимиз ортишига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилишининг янада кенгайишига хизмат қилади, деган умиддаман. Ушбу экспортёр ташкилот 2017 йилнинг 6 ойи давомида салкам 13,5 минг тонна турли хил мева-сабзавот маҳсулотларини хорижга экспорт қилган бўлиб, уларнинг 8,6 минг тоннасини дуккакли маҳсулотлар ташкил қилади.
Гавҳар МАҲМУДХОНОВА.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.