Агар хорижий ҳамкорингиз сизга хизматлар кўрсатиши назарда тутилган контрактлар тузган бўлсангиз, ушбу ҳамкорингиз қайси давлат резиденти эканлиги ва ушбу давлат Ўзбекистон билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузган-тузмаганлигини билишингиз зарур. Агар бундай битимга биноан хорижий ҳамкор мамлакатимиз ҳудудида юридик шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан (тўлиқ ёки қисман) озод қилинишга ҳақли бўлса, унинг резидентлигини ҳужжатлар билан тасдиқлашингиз талаб этилади.
«Norma Online» эксперти Музаффар МИРЗАҒАНИЕВнинг материалини ўқиб, норезидентлар – юридик шахслар олган даромадлар ва уларни солиқ солишдан озод қилиш имконияти ҳақида маълумотга эга бўласиз.
Ўзбекистондаги корхоналар ва ташкилотлар хўжалик фаолиятини амалга ошириш чоғида хорижий компаниялар хизматларидан (ишларидан) фойдаланадилар. Резидент уларнинг ҳақини тўлаётганда хорижий ҳамкорнинг даромадидан солиқни ушлаб қолиши ва бюджетга тўлаши шарт (Солиқ кодексининг 155-моддаси).
Солиқ кодексида норезидентга тўлов манбаида фойда солиғини ушлаб қолмасдан ёки унинг пасайтирилган ставкасини қўллаган ҳолда даромадларни тўлаш имконияти назарда тутилган. Бунинг учун 2 та шартга риоя этиш лозим.
Биринчидан, ушбу имконият Ўзбекистоннинг иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартномасида белгиланган бўлиши керак. Мамлакатимиз 52 давлат билан бундай шартномаларни имзолаган. Уларда аҳдлашувчи давлатларнинг ҳар биридаги корхоналар ўзлари резиденти бўлган давлатда солиқларни тўлашга ҳақли эканлиги қоидаси назарда тутилган. Халқаро шартномаларда даромадлар солиқ солишдан тўлиқ озод қилиниши ёхуд пасайтирилган ставкаларни қўллаган ҳолда солиқ солиниши назарда тутилиши мумкин. Агар ушбу қоидаларда мамлакатимизнинг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади (Солиқ кодексининг 4-моддаси).
Иккинчидан, тўлов манбаи мамлакатимиз бундай шартнома тузган давлатда хорижий ҳамкорнинг резидентлиги борлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхасига эга бўлиши шарт. Ушбу ҳужжатни амалиётда резидентлик сертификати деб номлайдилар.
Сертификат қаерда олинади
Резидентлик сертификати хорижий компания резиденти бўлган давлатнинг ваколатли органи томонидан берилади. У шартноманинг ўзида белгиланади.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битимнинг (Берлин, 7.09.1999 йил) 3-моддасига мувофиқ ГФРга нисбатан «ваколатли орган» атамаси Федерал молия вазирлигини ёки у ўз ваколатларини берган органни англатади.
Россия Федерациясининг ваколатли органи Россия Федерацияси Молия вазирлиги ёки у ваколат берган вакил ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ваколатли органи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳисобланади.
Солиқ солиш мақсадида бошқа органлар ва ташкилотлар (ваколатга эга бўлмаган орган) берган ҳужжатлар хорижий ҳамкор резидентлигининг расмий тасдиғи ҳисобланмайди.
Ҳужжат мазмунига доир талаблар
Солиқ кодексида солиқ мақомини тасдиқловчи мажбурий шакл белгиланмаган. Солиқ резидентининг мақоми тўғрисидаги гувоҳнома ёки сертификат ёхуд хорижий давлат қонунчилиги билан белгиланган шаклдаги исталган бошқа ҳужжат тасдиқловчи ҳужжат бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ҳужжат зарур маълумотларни кўрсатган ҳолда эркин шаклда ҳам тузилиши мумкин. Асосийси, у хорижий давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган, хорижий ҳамкорнинг муайян мамлакатдаги резидентлиги мақомини белгиловчи маълумотларни ўз ичга олган бўлиши лозим.
Ҳужжат солиқ солиш мақсадида қўлланиши ҳисобга олинса, унда албатта қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
√ солиқ тўловчининг номи;
√ унинг солиқ мақоми тасдиқланадиган давр. Агар давр кўрсатилмаган бўлса, норезидент ушбу ҳужжат берилган календарь йил давомида Ўзбекистон солиқ солиш тўғрисида халқаро шартнома тузган давлатнинг резиденти деб тан олинади;
√ тарафлари Ўзбекистон ва тегишли хорижий давлат бўлган, унинг асосида солиқ резидентлигини тасдиқлаш тўғрисида ҳужжат бериладиган халқаро шартноманинг номи;
√ хорижий давлат ваколатли органининг ваколатга эга мансабдор шахси имзоси.
Қўшимча талаблар
Солиқ кодексининг 155-моддаси талабларидан келиб чиқилса, хорижий давлатнинг ваколатли органи берган резидентлик сертификати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консуллик орқали легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ҳолда тақдим этилади.
Консуллик орқали легаллаштириш
Хорижий давлатлардан келувчи расмий ҳужжатлар консуллик орқали легаллаштирилиши лозим. Ўзбекистондаги ташкилотлар ва муассасалар хорижий давлат ташкилотлари ва муассасаларидан келган, консуллик орқали легаллаштирилган ҳужжатларнигина кўриб чиқиш учун қабул қиладилар. Бундай талаблар Консуллик орқали легаллаштириш тўғрисидаги йўриқномада (АВ томонидан 12.03.1997 йилда 313-сон билан рўйхатдан ўтказилган) назарда тутилган.
У ҳужжатлардаги имзолар асллигини ҳамда уларнинг келиш давлати қонунларига мувофиқлигини белгилаш ва тасдиқлашдан иборат. Ушбу таомил ҳужжатлар халқаро муомалада ҳуқуқий кучга эгалигини тасдиқлайди.
Консуллик орқали легаллаштириш вазифаларини:
● хорижда – Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари;
● Ўзбекистонда – ЎзР Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармаси бажаради.
Шу тариқа, хорижий давлатнинг ваколатли органи берган резидентлик сертификати мазкур давлатдаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси томонидан албатта легаллаштирилиши керак. Агар ҳужжат бевосита Ўзбекистонда легаллаштирилса, ушбу таомилни ТИВ Консуллик бошқармаси бажаради.
Масалан, РФ ваколатли органи берган Россия Федерациясининг резиденти мақоми тўғрисидаги ҳужжат:
● Россия Федерациясида – Ўзбекистон Республикасининг РФдаги консуллик муассасаси;
● Ўзбекистон Республикасида – ТИВ Консуллик бошқармаси томонидан легаллаштирилиши мумкин.
Апостиль
Агар тегишли хорижий давлат Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи конвенция (Гаага, 5.10.1961 йил) аъзоси бўлса, ушбу ҳужжатларга апостиль қўйишнинг ўзи кифоя. Ўзбекистонда Гаага конвенцияси 15.04.2012 йилдан кучга кирган.
Апостиль (фр. apostille) – легаллаштиришнинг бундай шаклини тан олувчи мамлакатлар ҳудудида тақдим этиш учун ҳужжатнинг қонунийлиги тўғрисидаги маълумотларни тўлдиришнинг халқаро стандартлаштирилган шакли. «Апостиль» штампи фақат давлат намунасидаги ҳужжатларнинг асл нусхаларига қўйилади. У ҳужжатни бошқача тасдиқлаш ёки легаллаштиришни талаб этмайди ва Гаага конвенциясига аъзо бўлган барча давлатларнинг расмий органлари томонидан тан олинади.
Апостиль намунаси Гаага конвенциясига илова қилинади. Апостиль ҳужжатнинг ўзига ёки ҳужжатга қўшиб қўйиладиган алоҳида вараққа қўйилади.
У Гаага конвенцияси расмий тилларидан (француз ёки инглиз) бирида ҳам, апостиль қўйган давлатнинг миллий тилида ҳам тузилиши мумкин. Амалиётда апостилдаги ёзувлар кўпинча 2 тилда (Гаага конвенцияси тилларидан бири ва миллий тилда) такрорланади.
Шу тариқа, Гаага конвенциясига аъзо бўлган тегишли мамлакат резиденти сифатидаги солиқ тўловчининг мақомини тасдиқловчи расмий ҳужжатга апостиль қўйилиши керак. Бундай ҳужжатни консуллик орқали легаллаштириш талаб этилмайди.
Ҳужжатни берган хорижий давлатнинг ваколатли органи мазкур ҳужжатга апостиль қўяди (Гаага конвенциясининг 3-моддаси).
Нотариал таржима
Агар резидентликнинг солиқ мақомини тасдиқловчи ҳужжат чет тилида тузилган бўлса, солиқ органи унинг ўзбек ёки рус тилидаги таржимасини талаб этишга ҳақли.
Нотариус бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди («Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 68-моддаси).
Кўчирма ёки асл нусха
Солиқ кодексида назарда тутилишича, норезидентга даромадларни тўлаш чет давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган, унинг резидентлиги борлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда солиқ ушлаб қолинмаган ҳолда амалга оширилади (Солиқ кодексининг 155-моддаси).
Бунда ваколатли орган берган ҳужжат ҳақида (унинг нусхаси ҳақида эмас) бевосита сўз бормоқда. Шу сабабли Солиқ кодексининг 155-моддаси қоидаларини қўллаш учун айни резидентлик сертификатининг асл нусхаси бўлиши зарур.
Қачон тақдим этилади
Солиқ кодексининг 155-моддасида назарда тутилишича, норезидентга даромадларни тўлаш тўлов манбаида резидентлик сертификати мавжуд бўлган тақдирда солиқ ушлаб қолинмаган (ёки пасайтирилган ставка қўлланилган) ҳолда амалга оширилади.
Хорижий компания ҳақиқатан ҳам халқаро шартнома қоидаларини қўллашга ҳақли эканлигига манба ишонч ҳосил қилиши учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилингунга қадар сертификат тақдим этилиши керак.
Агар бундай ҳужжатли тасдиқ олинмаса, солиқ агенти халқаро битим қоидаларини қўлламай, Солиқ кодексида белгиланган ставкада солиқни ушлаб қолиши шарт.
Солиқнинг суммаси тўлов манбаида ушлаб қолинмаган ёки халқаро шартнома қоидаларининг ғайриқонуний тарзда қўлланилиши солиқ ушлаб қолинмаслигига (тўлиқ ушлаб қолинмаслигига) сабаб бўлган тақдирда, резидент солиқнинг ушлаб қолинмаган суммасини ва у билан боғлиқ пеня суммасини бюджетга киритиши шарт (Солиқ кодексининг 165-моддаси).
Мақом қачон тасдиқланади
Солиқ кодексининг 155-моддаси қоидаларини қўллаш мақсадида хорижий компания резидентлик сертификатида кўрсатилган вақт даври мобайнида Ўзбекистон томонидан қайси давлат билан солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи халқаро шартнома тузилган бўлса, ўша давлатнинг резиденти деб эътироф этилади.
Агар резидентлик сертификатида хорижий давлатдаги солиқ мақомини тасдиқлайдиган давр кўрсатилмаган бўлса, ушбу ҳужжат берилган календарь йил шундай давр деб эътироф этилади.
Кўпинча биргина хорижий ҳамкор билан ҳар йили контрактлар тузилади. Агар контракт узоқ муддатли бўлса ва у бўйича норезидентда доимий муассаса аломатлари юзага келмаса, резидентлик мақоми ҳар йили тасдиқланиши шарт. Бу солиқ таваккалчиликларини истисно этади ва солиқ агентига хорижий ҳамкорининг даромадларидан фойда солиғини ушлаб қолмаслик ёки уни пасайтирилган ставкада ушлаб қолиш имконини беради.
Аванс тўлаш: сертификат керакми ёки йўқми
Қонун ҳужжатларида импорт шартномалари бўйича норезидент фойдасига аванс тўловлари юзасидан чекловлар белгиланмаган. Улар шартнома шартларида назарда тутилган миқдорларда ва муддатларда амалга оширилиши мумкин.
Аванс тўлови 100% ўтказилганда резидент норезидентнинг инсофсиз хатти-ҳаракатидан азият чекиши мумкин. Амалиётда кўп учрайдиган вазиятни кўриб чиқамиз. Норезидентга 100% аванс тўланди. Бажарилган ишлар (хизматлар) далолатномаси имзолангандан кейин у резидентга тўлов манбаида солиқни ушлаб қолмаслик имконини берувчи ҳужжатни тақдим этмади. Бу ҳолда резидент солиқнинг ушлаб қолинмаган суммасини ўз ҳисобидан бюджетга киритиши шарт (Солиқ кодексининг 165-моддаси).
Шу сабабли юқорида кўрсатилган таваккалчиликларга йўл қўймаслик учун, халқаро битим қоидаларини қўллаш мақсадида резидентлик сертификати мавжуд бўлганда тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш тавсия этилади.
Солиқ тўланган бўлса...
Халқаро шартноманинг солиқ солиш соҳасига доир қоидалари фақат резидентлик сертификати мавжуд бўлганда қўлланади. Бинобарин, агар норезидент даромадни тўлаш пайтида ушбу ҳужжатни тақдим этмаса, у билан муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидалари қўлланади.
Яъни норезидентга тўловларни тўлаётганда солиқ агенти унинг даромадидан Солиқ кодексида белгиланган ставкаларда солиқни ушлаб қолиши ва уни бюджетга тўлаши шарт. Агар солиқ тўлангандан кейин сертификат тақдим этилса, норезидент тегишли халқаро шартнома қоидаларига мувофиқ тўланган солиқни қайтариш ҳуқуқига эга бўлади (Солиқ кодексининг 155-моддаси).
Бунинг учун у Ўзбекистон солиқ органларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:
√ белгиланган шаклдаги солиқни қайтариш учун ариза (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 1-илова);
√ резидентликка эга бўлганлигини тасдиқловчи, тегишли чет давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган сертификат;
√ норезидентга қайси контракт ёки бошқа ҳужжатга мувофиқ даромад тўланган бўлса, ўша контракт ёки бошқа ҳужжатнинг нусхалари;
√ даромаднинг тўланганлигини ва қайтарилиши лозим бўлган, солиқ ушлаб қолинган ва бюджетга ўтказилганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатларининг нусхалари.
Бунда норезидент Солиқ кодексининг 38-моддасида белгиланган солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати, яъни 5 йил ичида тўланган солиқни бюджетдан қайтариш ҳуқуқига эга.
Преференциялар олиш ҳуқуқи
Ўзбекистон иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида қандай мамлакатлар билан халқаро битимларни расмийлаштирган? Бугунги кунда бундай давлатлар – 52 та.
Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги амалдаги халқаро шартномалар рўйхати:
Т/р
|
Мамлакат
|
Ҳужжатнинг номи ва санаси
|
Кучга кирган санаси
|
1
|
Австрия Республикаси
|
14.06.2000 йилдаги Конвенция
|
1.08.2001 й.
|
2
|
Озарбайжон Республикаси
|
27.05.1996 йилдаги Битим
|
2.11.1996 й.
|
3
|
Баҳрайн Қироллиги
|
5.06.2009 йилдаги Битим
|
14.10.2010 й.
|
4
|
Беларусь Республикаси
|
22.12.1994 йилдаги Битим
|
11.01.1997 й.
|
5
|
Бельгия Қироллиги
|
14.11.1996 йилдаги Конвенция
|
8.07.1999 й.
|
6
|
Болгария Республикаси
|
24.11.2003 йилдаги Конвенция
|
21.10.2004 й.
|
7
|
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги
|
15.10.1993 йилдаги Конвенция
|
10.06.1994 й.
|
8
|
Венгрия Республикаси
|
17.04.2008 йилдаги Конвенция
|
29.01.2009 й.
|
9
|
Вьетнам Социалистик Республикаси
|
28.03.1996 йилдаги Битим
|
16.08.1996 й.
|
10
|
Германия Федератив Республикаси
|
7.09.1999 йилдаги Битим
|
14.12.2001 й.
|
11
|
Греция Республикаси
|
1.04.1997 йилдаги Конвенция
|
15.01.1999 й.
|
12
|
Грузия
|
28.05.1996 йилдаги Конвенция
|
20.10.1997 й.
|
13
|
Исроил давлати
|
15.09.1998 йилдаги Конвенция
|
9.03.1999 й.
|
14
|
Ҳиндистон Республикаси
|
29.07.1993 йилдаги Битим
|
25.01.1994 й.
|
15
|
Индонезия Республикаси
|
27.08.1996 йилдаги Битим
|
11.11.1998 й.
|
16
|
Иордания Ҳошимийлар Қироллиги
|
23.11.2010 йилдаги Битим
|
13.07.2011 й.
|
17
|
Эрон Ислом Республикаси
|
26.04.2002 йилдаги Битим
|
18.01.2005 й.
|
18
|
Ирландия Республикаси
|
11.07.2012 йилдаги Конвенция
|
17.04.2013 й.
|
19
|
Испания Қироллиги
|
8.07.2013 йилдаги Конвенция
|
19.09.2015 й.
|
20
|
Италия Республикаси
|
21.11.2000 йилдаги Конвенция
|
26.05.2004 й.
|
21
|
Қозоғистон Республикаси
|
12.06.1996 йилдаги Битим
|
21.04.1997 й.
|
22
|
Канада
|
17.06.1999 йилдаги Конвенция
|
14.09.2000 й.
|
23
|
Хитой Халқ Республикаси
|
3.07.1996 йилдаги Битим
|
3.07.1996 й.
|
24
|
Корея Республикаси
|
11.02.1998 йилдаги Конвенцияси
|
25.12.1998 й.
|
25
|
Қувайт давлати
|
19.01.2004 йилдаги Битим
|
3.05.2006 й.
|
26
|
Қирғизистон Республикаси
|
24.12.1996 йилдаги Битим
|
17.03.2000 й.
|
27
|
Латвия Республикаси
|
3.07.1998 йилдаги Конвенция
|
23.10.1998 й.
|
28
|
Литва Республикаси
|
18.02.2002 йилдаги Конвенция
|
11.11.2002 й.
|
29
|
Люксембург Буюк Герцоглиги
|
2.07.1997 йилдаги Конвенция
|
2.09.2000 й.
|
30
|
Малайзия
|
6.10.1997 йилдаги Битим
|
10.08.1999 й.
|
31
|
Молдова Республикаси
|
30.03.1995 йилдаги Битим
|
28.11.1995 й.
|
32
|
Нидерландия Қироллиги
|
18.10.2001 йилдаги Конвенция
|
27.05.2002 й.
|
33
|
Бирлашган Араб Амирликлари
|
26.10.2007 йилдаги Битим
|
25.02.2011 й.
|
34
|
Уммон Султонлиги
|
30.03.2009 йилдаги Битим
|
20.06.2009 й.
|
35
|
Покистон Ислом Республикаси
|
22.05.1995 йилдаги Конвенция
|
12.09.1996 й.
|
36
|
Польша Республикаси
|
11.01.1995 йилдаги Битим
|
29.04.1995 й.
|
37
|
Россия Федерацияси
|
2.03.1994 йилдаги Битим
|
27.07.1995 й.
|
38
|
Руминия
|
6.06.1996 йилдаги Конвенция
|
17.10.1997 й.
|
39
|
Саудия Арабистони Қироллиги
|
18.11.2008 йилдаги Конвенция
|
1.11.2010 й.
|
40
|
Сингапур Республикаси
|
24.07.2008 йилдаги Битим
|
28.11.2008 й.
|
41
|
Словакия Республикаси
|
6.03.2003 йилдаги Битим
|
20.10.2003 й.
|
42
|
Словения Республикаси
|
11.02.2013 йилдаги Битим
|
8.11.2013 й.
|
43
|
Таиланд Қироллиги
|
23.04.1999 йилдаги Конвенция
|
21.07.1999 й.
|
44
|
Туркманистон
|
16.01.1996 йилдаги Битим
|
27.11.1996 й.
|
45
|
Туркия Республикаси
|
8.05.1996 йилдаги Битим
|
30.09.1997 й.
|
46
|
Украина
|
10.11.1994 йилдаги Битим
|
13.07.1995 й.
|
47
|
Финляндия Республикаси
|
9.04.1998 йилдаги Битим
|
7.02.1999 й.
|
48
|
Франция Республикаси
|
22.04.1996 йилдаги Конвенция
|
1.10.2003 й.
|
49
|
Чехия Республикаси
|
2.03.2000 йилдаги Битим
|
15.01.2001 й.
|
50
|
Швейцария Федерал Кенгаши
|
3.04.2002 йилдаги Битим
|
15.08.2003 й.
|
51
|
Эстония Республикаси
|
28.09.2012 йилдаги Конвенция
|
23.12.2013 й.
|
52
|
Япония
|
18.01.1986 йилдаги Конвенция
|
27.11.1986 й.
|
«Norma. ЎзР қонунчилиги» АҚТ фойдаланувчилари «Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар» – «Халқаро алоқалар» папкасида, «СБХ» газетаси обуначилари эса – nrm.uz сайтида халқаро шартномалар мазмуни билан танишиб чиқишлари мумкин.