Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 22 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Апельсин ўрнига картошка

 

Бухгалтерларнинг ҳаммасига Юридик шахслар томонидан касса операцияларини юритиш қоидалари яхши маълум: ташкилотлар ўз пул маблағларини банкларда сақлашлари шарт. Албатта, улар ўз кассаларида иш куни охирида қолган нақд пулларини сақлашлари мумкин, бироқ улар фақат белгиланган лимит доирасида бўлиши керак. Бунда ташкилотга тегишли бўлмаган нақд пул ва бошқа қимматликларни кассада сақлаш тақиқланади. Ташкилотларда барча пуллар ва бошқа қимматликлар ёнмайдиган металл жавонларда (сейфларда) сақланади. Иш куни тугаши билан улар калит билан қулфланади ва кассир муҳри билан сурғучланади. Муҳр шикастланган, қулф, эшик ва панжаралар бузилган тақдирда кассир дарҳол бундан ташкилот раҳбарини хабардор қилиши шарт. У эса ўз навбатида юз берган воқеа ҳақида ички ишлар органларига маълум қилиши ва милиция ходимлари келишигача кассани қўриқлаш чораларини кўриши керак.

Бироқ, амалиётнинг кўрсатишича, агар қоидалар бузилган бўлса, демак бу кимгадир керак бўлганидан дарак беради...

 

Ҳатто менинг узоқ давом этмаган терговчилик фаолиятимда қўлга тушган ёш бола – ўғри турли дўконларда тунлари содир этган ўғирликлари тўғрисида чин дилдан кўрсатмалар берган ҳоллар бўлган. Гап шундаки, ўғри бола озиқ-овқат маҳсулотларини ўғирлаган, касса қутичаларида пул қолган бўлса, уларни ҳам бегона қилмаган. Ҳолбуки, тунда кассаларда пул қолмаслиги керак эди.

 

Ўғирланган сейфда нима бор эди?

Шунга ўхшаган воқеа Қарағандада кўп йиллар аввал юз берган. Ўшанда прокуратура терговчиси З.И.Кравченкога аввал вояга етмаганлар П. ва Л. томонидан ДОСААФ хонасидан иккита пневматик милтиқ ўғирланганлиги тўғрисидаги иш топширилди. Ушланган болалар ўғирлик қилганликларига дарҳол иқрор бўлишди ва дастлабки сўроқлардаёқ ўз кўрсатмаларини тасдиқлашди.

Терговчи ўсмирлар шахси тўғрисидаги маълумотларни тўпларкан, тавсифномаларни сўраб олиш билан чекланмади. Зоя Ивановна гувоҳлар билан суҳбатлашаркан, болаларнинг хатти-ҳаракатлари сабабларини ва уларни жиноят қилишга ундаган ҳолатларни тушунишга ҳаракат қилди. Олинган маълумотлардан у айбланувчиларни сўроқ қилишларда фойдаланди. Ўсмирлар терговчига нисбатан самимий бўлишди ва ундан ҳеч нарсани яширишмади. Улар ўзлари содир этган бошқа жиноят – Қозоғистон темир йўли Қарағанда бўлими ишчилар таъминоти бўлинмасининг сабзавот омбори идорасидан стол сейфини ўғирлаганликлари тўғрисида ҳам айтиб беришди.

Ўғирланган сейфда улар 4 минг сўм топишган. Бу пуллар дарҳол сарфлана бошланганди: магнитофонлар, мопедлар, транзистор приёмниклар ва бошқа қимматбаҳо ашёлар сотиб ола бошлашди. Улар ҳеч қаерда ишламасалар-да, бўш вақтларини кафеда ўтказа бошлашди, шаҳар ичида таксида юра бошлашди.

Зоя Ивановна ҳикоя қилинаётган воқеалардан ярим йил аввал сабзавот омбори идорасидан ҳақиқатан ҳам стол сейфи ўғирланганлигини аниқлади. Ушбу ўғирлик далили бўйича жиноят иши қўзғатиш рад этилиши тўғрисидаги қарорда кўрсатилишича, сейфни шахси аниқланмаган жиноятчилар ўғирлаганлар, бироқ уларни қидириш мақсадга мувофиқ эмас. Зеро давлатга ҳеч қандай зарар етказилмаган. Омбор мудири К.нинг тушунтиришича, сейфда пул ҳам, қимматликлар ҳам бўлмаган. Унда бор-йўғи бир нечта фактурагина бўлиб, улар муқобил ҳужжатлар асосида тикланган. Бўм-бўш сейф кўп ўтмай канализация қудуғидан топилган.

Терговчида болаларга ишонмаслик учун асос йўқлиги боис жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор бекор қилинди ва Зоя Ивановна ушбу воқеани текширишга киришди.

Омбор мудири К.ни дарҳол сўроқ қилишнинг иложи бўлмади – у Сочида дам олган, кейин Рига соҳилига жўнаган. Бироқ терговчи шу заҳотиёқ унинг фаолияти билан таниша бошлади.

Ўрганилган ҳужжатларга қараганда, К.нинг омборида яхши натижалар берган тафтишлар мунтазам ўтказиб келинган. Бироқ Зоя Ивановна ўсмирларга ишонади ва барибир сейфда қанча пул бўлганлиги, улар қайси манбадан олинганлигини аниқлашга қарор қилади. Омбор мудирининг жиноят ишини қўзғатишни рад этишга асос бўлган ёзма тушунтиришлари у сейфда нима борлиги тўғрисидаги ҳақиқатни яширган деб тахмин қилишга асос бўлди.

 

Ортиқча маҳсулотлар қаердан келди?

Тезкор тергов йўли билан у омбордан кўп миқдорда сабзавот ва мевани нақд пулга сотганлиги тўғрисида маълумотларни топишга муваффақ бўлинди. Таътилдан қайтган К. ушбу ҳолатни инкор этиб ўтирмади. «Ҳа, ҳақиқатан ҳам, – дадил жавоб берди, у – бундай ҳоллар бўлиб ўтган». Бироқ сотишдан олинган пулларни у дарҳол дўконларнинг сотувчилари О. ва К. га топширган, улар буни товарсиз юкхатлар билан расмийлаштирганлар. Сотувчилар ушбу кўрсатмаларни тасдиқлашди.

Терговчи омбор бўйича ҳужжатлар тафтишини тайинлади. Тафтишчилар билан биргаликда терговчи истисносиз барча бухгалтерия ҳужжатларини кўриб чиқишни белгилади. Ушбу иш муваффақиятли бўлди. Аниқланишича, ойларнинг бирида жамғарма қайдномасига қайд этиш тўғри қилинган, саҳифалардаги якунлар ҳам тўғри ҳисобланган, бироқ суммалар жамғарма қайдномасидан оборот қайдномасига кўчириш чоғида нотўғри ёзув киритилган: сарф қилиш 10 тонна картошка, 10 тонна тарвуз ва 10 тонна олмага кўпайтирилган.

Бошланғич ҳужжатларнинг ҳаммасини текшириб, унинг арифметик хато эмаслигига ишонч ҳосил қилишди. База бухгалтери Т. айнан шу тарзда сабзавот омбори бўйича ортиқча сабзавот ва мева бўлишини юзага келтирган.

Омборда ортиқча маҳсулот ҳосил бўлишининг бошқа усуллари ҳам аниқланган. Масалан, тўлақонли сабзавот – картошка, карам билан бирга алоҳида карточкаларда ва нархсиз ҳисобга олиниши керак бўлган тупроқ ва карам барги келиб тушган. Шунингдек улар айни омбор мудири К.нинг ҳисоботидан ҳисобдан чиқарилиши керак эди. Бухгалтер эса уларни кирим қилмасдан ва алоҳида кирим карточкалари бўйича уларнинг миқдорини товаршунос далолатномаларига биноан чакана нархларга кўра К.нинг ҳисоботидан ҳисобдан чиқармаган, яъни амалда тўлақонли сабзавотлар ҳисобдан чиқарилган, натижада омбор бўйича ортиқча маҳсулотлар ҳосил бўлган.

Тафтиш 3 йил ичида сунъий равишда 55 минг сўмликдан зиёд ортиқча сабзавот ва мева ҳосил қилинганлигини аниқлади.

К. унга фош қилувчи ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин омбордаги ортиқча маҳсулотларни бухгалтер Т. ҳосил қилганлигини тан олди. Бироқ буни қандай амалга оширганлигини билмайди, чунки ҳисоботларни унинг учун бухгалтернинг ўзи тузган. Т. билан тил бириктириб, биргаликда талон-торож қилиш билан шуғулланган, омбордан сотилган сабзавот учун пулларни ўзлаштирган. Ўғирланган 55 минг сўмдан бухгалтерга тахминан 12–14 мингини берган.

 

Оддий бухгалтернинг шоҳона ҳаёти

Бухгалтер Т. тергов бошланишига қадар Краснодар ўлкасига кўчиб кетган, у ерда 10 минг сўмга уй, шунингдек қимматбаҳо мебель сотиб олган эди. Бошқа шаҳарда яшайдиган қизи учун кооператив квартира, мебель, машина, гиламлар харид қилган. Терговчининг чақирувларига Т. келмаган.

Терговчининг топшириғига кўра милиция ходимлари Т. Қарағандадаги танишлари уйида яширинганлиги ва ўз алоқалари орқали тергов қилинаётган ишнинг ҳолатларини аниқлашга уринганлигини аниқладилар. Бироқ кўп ўтмай уни ушлашган ва сўроқ қилишга муваффақ бўлинди.

Терговнинг кўрсатишича, Т. малакали бухгалтер бўлган, йиллар давомида савдо ташкилотларида ишлаган. Тергов вақтида у тафтишчилар билан биргаликда ҳар бир бухгалтерия ҳужжатини қайтадан текширди, тафтиш якунларини синчиклаб ҳисоблаб чиқди ва маҳоратли мутахассисгина у ғоятда пухталик билан бажарган бухгалтерия проводкаларини фош эта олишлигини афсус билан тан олди. Бунда, чиндан ҳам, тафтишчининг хизмати катта бўлди.

 

Омбор мудири нима билан ва қандай савдо қилган

Терговчи К.нинг пулларни муомаладан чиқариб олиш бўйича жиноий ҳаракатларини фош қилишда жуда кўп қийналди. Гарчи тергов у омборда сабзавот ва мевани сотганлиги тўғрисида ўнлаб ҳужжатли кўрсатмаларга эга бўлса-да, уларни 50 минг сўмга сотиш амалда мумкин эмаслиги равшан эди. Бунинг устига юзлаб тонна картошка, помидор, бодринг ва бошқа маҳсулотлар ортиқча эди. Омбор мудирининг ўзи эса шаксиз исботланган нарсаларнигина тан олди.

Ушбу ортиқча маҳсулотларни омбордан сотиш йўлларини топиш керак эди. Ана шу мақсадда терговчи яна сабзавот дўконлари сотувчиларини сўроқ қила бошлади. Сотувчи О. май ойида товарсиз юкхат бўйича сотган апельсинлари учун 1 минг сўмдан кўп пул олганлигини кўрсатди. Бу эса омбор мудирининг омбордан сабзавот сотганлари учун сотувчиларга пул берилганлиги тўғрисидаги аввалги кўрсатмаларини тасдиқлагандек эди.

О. ишлаган дўкон бухгалтериясида терговчи у май ойида топширган тушум тўғрисидаги квитанцияни текширди. Маълум бўлишича, апрель–июнь ойлари учун дўконнинг тушуми бор-йўғи 30–50 сўмга тенг бўлган, чунки апельсин сотиладиган мавсум эмас эди. Тушум топширилганлиги ва ушбу даврда сотувда апельсин бўлмаганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни олиб ҳамда сўроқ қилишга пухта тайёрланиб, терговчи О.ни чақирди. Ҳужжатлар орқали фош этилган сотувчи омбор мудири К. унга пул ўрнига картошка, помидор ва бодринг бериб, ўзида апельсин камомади аниқланганлиги, бироқ картошка ва сабзавот ортиқча бўлиб чиққанлигини тушунтирганлигини тан олган.

О.нинг дўкони бўйича ҳужжатлар тафтиши 6 минг сўмдан зиёд ортиқча картошка ва сабзавот борлигини тасдиқлади.

Терговчининг омади келди: гарчи дўконда ҳисоб ялпи тарзда юритилса-да, бироқ, чакана савдодан ташқари, О. кўп муассасалар: мактаблар, болалар боғчалари, касалхоналарга ҳам товарлар берган – булар ҳужжатда акс этган. Уларга қараб ортиқча маҳсулотларни аниқлашга ҳам муваффақ бўлинди. Сотувчи О.нинг айтишича, унинг дўконига апельсин ва мандаринларни беришга доир барча юкхатлар товарсиз бўлган. 20 минг сўмлик суммага у фактуралаган цитрус мевалари ўрнига К. омбордан картошка, помидор ва бодринг берган, уларни сотувчи дўконда сотган, цитрус меваларини эса К.нинг ўзи омбордан сотган. Омбор мудирининг ортиқча маҳсулотларни сотиш усули шу тарзда аниқланди.

 

Хотима

Омбор мудири К., бухгалтер Т. ва талон-торож бошқа иштирокчилари жиноий жавобгарликка тортилди ва турли жазо чоралари белгиланди.

К. эгалик қилган мол-мулкка (3 та мебель гарнитураси, телевизор, совуткич ва бошқалар) ва Т.нинг мол-мулкига (уй, кооператив квартира, қимматбаҳо ашёлар) банд солинди. Зарар қопланишини таъминлашга (мол-мулк бандидан ташқари) жами 28 минг сўмдан ортиқ суммада қимматликлар олиб қўйилган.

Тергов давомида жиноят содир этишга имкон берган сабаб ва шароитлар аниқланган – талон-торожлар ҳужжатлар етарлича таҳлил қилинмай, тафтишлар юзаки ўтказилиши туфайли ўз вақтида очилмаган. Тафтишчиларнинг ҳеч бири энг оддий ишни қилмаган: жамғарма қайдномаси якунларини текшира бориб, улар оборот қайдномага тўғри киритилганлигини солиштирмаган. Ўз вазифаларини бажаришда жинояткорона – совуққонликка йўл қўйган тўрт тафтишчи ҳам жиноий жавобгарликка тортилган.

 

Ольга Маршанская.

Прочитано: 1607 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика