Меҳнат шартномаси бекор қилинганда фойдаланилмаган меҳнат таътили кунлари учун компенсацияда қўшимча таътилларни (масалан, нефть-газ соҳасидаги иш стажи учун) ҳисобга олиш зарурми?
Д.Нурмуҳамедова,
кадрлар бўйича мутахассис.
– Албатта.
Умумий қоидага кўра йиллик асосий таътиллардан (15 иш куни) ортиқча қўшимча таътиллар берилади. Яъни ҳақ тўланадиган йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга қўшиб жамланади (МКнинг 140-моддаси).
Қўшимча таътил – айрим ходимларга белгиланган асосий таътилдан ортиқча тақдим этиладиган меҳнат таътилининг бир тури. Уларни тақдим этиш муддати ва тартиби меҳнат тўғрисидаги қонунлар, бошқа норматив ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасининг шартларида белгиланади (МКнинг 136-моддаси).
Шу тариқа, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади (МКнинг 151-моддаси 1-қисми, 275-моддаси 2-қисми).
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.