Давлат мактаби ўқитувчилари учун таътиллар давомийлиги қандай белгиланади ва қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади?
А.Умаров.
– Мактаблар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртлари, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларининг муаллимлар таркибига биринчи иш йилида йиллик таътил уларнинг мазкур ўқув юртига ишга кирган вақтидан қатъи назар ҳақиқий ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда ёзги таътил даврида тўлиқ берилади (МКнинг 143-моддаси 4-қисми).
Мактаблар ва педагогика ўқув юртлари директорлари (мудирлари), ўқув қисми мудирлари, ўқитувчилари, ҳарбий раҳбарлари, пионерлар йўлбошчилари ва мактаб инспекторларига 48 иш куни давом этадиган таътиллар белгиланган (Собиқ ССР Иттифоқи Министрлар Кенгашининг 21.04.1949 йилдаги 1577-сон қарори 6-банди).
ЎзР Олий Кенгашининг «Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги тўғрисидаги Битимни ва Протоколни ратификация қилиш ҳақида»ги қарори (4.01.1992 йилдаги 481-XII-сон) 2-банди ва ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг «Собиқ ССР Иттифоқининг қонунга оид ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори (29.04.1992 йилдаги 210-сон) 1-банди билан белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлари қабул қилингунга қадар собиқ ССР Иттифоқининг қонунлари ва қонунга оид ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунчилигига зид бўлмаган қисмларининг амал қилиши давом этади.
Шу тариқа, мактаблар ўқитувчиларига таътил давомийлиги 48 иш куни этиб белгиланган.