Norma.uz

Кадрларга оид мажбурий ҳужжатлар

 

Мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда, ходимларнинг сонидан қатъи назар, кадрларга оид ҳужжатлар албатта юритилиши керак. Бу ҳужжатлар Меҳнат кодексида тўғридан-тўғри ёхуд билвосита тилга олинган ва ҳар бир иш берувчида бўлиши шарт.

 

Раҳбар, хусусан, МКга мувофиқ ходимлар билан меҳнат шартномаларига эга бўлиши (МКнинг 1-моддаси 3-қисми, 72–75-моддалари), меҳнат дафтарчаларини юритиши (МКнинг 81-моддаси), ҳар бир ходимнинг ҳақиқатда ишлаган иш вақти табель ҳисобини, шу жумладан иш вақтидан ташқари ишлаган вақтини ҳисобга олиб бориши (МКнинг 125-моддаси 2-қисми), таътилларни бериш навбати жадвалини (МКнинг 144-моддаси), ички меҳнат тартиби қоидаларини тасдиқлаши (МКнинг 174-моддаси), меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари даражасига риоя этиши шарт (МКнинг 153-моддаси 2-қисми).

Кадрларга оид ҳужжатларни тузиш, расмийлаштириш ва юритишни қуйидаги тегишли қонунчилик ва бошқа норматив ҳужжатлар ҳам тартибга солади:

► «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун;

► Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 10.02.2006 йилдаги 20-сон қарори билан тасдиқланган);

► ВМнинг «Касаначиликни ташкил этишни такомиллаштириш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг уни ривожлантириш параметрлари бажарилиши юзасидан жавобгарлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (1.07.2008 йилдаги 146-сон);

► Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган);

► ОС Пленумининг «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида»ги қарори (17.04.1998 йилдаги 12-сон) ва ҳ.к.

Кўпгина ташкилотларда кадрлар хизмати алоҳида таркибий бўлинма ҳисобланади. Катта бўлмаган ташкилотларда кадрлар хизмати ишини, одатда, котиб ёки бухгалтер бажаради.

Кадрлар бўлимида албатта бўлиши керак бўлган ҳужжатлар:

 штат жадвали;

 меҳнат шартномаси (контракти);

 ходимларнинг лавозим йўриқномалари;

 бўлим тўғрисида низом;

 ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш, таътил бериш, меҳнат шартномасини (контрактини) бекор қилиш тўғрисидаги буйруқлар (фармойишлар);

 шахсий варақа (Т-2-сон шакл);

 таътиллар жадвали;

 иш вақтидан фойдаланишни ҳисобга олиш табели;

 ички меҳнат тартиби қоидалари;

 меҳнат дафтарчаси;

 меҳнатни муҳофаза қилишга доир локал ҳужжатлар;

 меҳнат дафтарчалари ҳисобини юритиш дафтарлари;

 ишга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар (МКнинг 80-моддаси);

 меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари тўғрисидаги низом.

Кадрларга оид ҳужжатларни шартли равишда бир нечта турга бўлиш мумкин:

ташкилий ҳужжатлар – кадрлар хизмати тўғрисидаги низом, ушбу хизмат ходимларининг лавозим йўриқномалари, ички меҳнат тартиби қоидалари, штат жадвали;

фармойиш берувчи ҳужжатлар – кадрлар билан ишлашни такомиллаштириш масалаларига доир буйруқлар, фармойишлар ва кўрсатмалар (корхонанинг асосий фаолиятига тааллуқли фармойиш берувчи ҳужжатлар) ҳамда кадрлар ҳаракати жараёни, уларни ҳисобга олиш, баҳолаш ва ҳ.к. аниқ бошқарув ҳолатларини акс эттирувчи шахсий таркибга доир буйруқлар (фармойишлар);

ахборот берувчи ҳужжатлар – аттестация комиссияларининг йиғилиш баённомалари, меҳнат интизоми бузилганлиги ҳақидаги далолатномалар, кадрлар билан ишлаш масалалари юзасидан ёзишмалар, хизмат ва тушунтириш хатлари, аризалар, таътиллар жадваллари ва ҳ.к.

Кадрлар ишини юритишда ходимларнинг меҳнат фаолиятини ҳужжатлаштириш мажбурий бўлиб, тузилиши ва расмийлаштирилиши қоидалари етарлича мураккаб бўлган кўп сонли ҳужжатларни талаб этади. Шунга қарамай, меҳнат фаолияти тўғрисидаги барча маълумотларни қайд этувчи ҳужжатлар ҳар бир ходим учун жуда муҳимдир.

Кадрларга оид ҳужжатларни, аввало шахсий таркиб бўйича буйруқларни тайёрлашда МК моддаларига амал қилиш зарур. Кодексда меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларни ҳужжатлаштириш зарурати тўғридан-тўғри кўрсатилган. Масалан: меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилади (МКнинг 74-моддаси); ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади. Буйруқ ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади (МКнинг 82-моддаси); иш берувчи корхонада 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт, ўриндошлик асосида ишловчилар бундан мустасно (МКнинг 81-моддаси) ва ҳ.к.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кадрларга оид ҳужжатларнинг аниқ турлари билан ишлашни тартибга солади. Чунончи, меҳнат дафтарчаларини юритиш, ҳисобга олиш ва бериш тартиби 402-сон Йўриқномада баён этилган. Кейинчалик унга: якка тартибдаги тадбиркорларга; хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига; ўриндошлик асосида ишга кираётган шахсларга; ходимларнинг аризасига кўра 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатга меҳнат дафтарчаларини беришга; талабалар, ўқувчилар, аспирантлар (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар), докторантлар (катта илмий ходим-изланувчилар) ва тиббиёт ординаторларига; ишсиз шахсларга тааллуқли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Корхона ходимлари ҳаракатини расмийлаштиришда кадрлар хизмати бажарадиган таомиллар тегишли ҳужжатларни тузишни талаб этади. Корхонада кадрлар ҳаракати жараёнларини кузатиб борувчи: қабул қилиш, ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш; таътиллар бериш; хизмат сафарига юборишга доир ҳужжатлар энг кўп сонли саналади.

 

Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.

Прочитано: 6321 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2017-08-16 08:18:16, Гость_Б.Ш.Бегматов:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика