Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 22 / Хўжалик юритиш қоидалари

Қандай қилиб ваколатхона очиш мумкин

 

1. Ваколатхона фаолиятини қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тартибга солади?

2. Ваколатхона қаерда рўйхатдан ўтказилади ва бунинг учун қандай ҳужжатлар керак бўлади?

О.Князева.

 

 

1

Ваколатхоналар фаолиятини тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилардир:

1) Фуқаролик кодекси;

2) «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонун;

3) Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги низом (ВМнинг 23.10.2000 йилдаги 410-сон қарорига 1-илова);

4) Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони (31.03.2017 йилдаги ПФ-4996-сон);

5) Вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ундириладиган хорижий валютадаги божлар ставкалари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган бошқа тўловларнинг тарифлари (ВМнинг 19.08.1993 йилдаги 423-сон қарорига 2-илова).

 

2

Ваколатхоналарни очиш уларни ЎзР Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида (бундан кейин – аккредитация қилувчи орган) аккредитация қилиш йўли билан амалга оширилади.

Республика ҳудудида ўз ваколатхонасини очиш учун аккредитация қилувчи органга ёзма ариза бериш зарур, унда қуйидагилар кўрсатилади:

а) хорижий фирма фаолияти тўғрисида маълумотлар;

б) Ўзбекистон Республикаси корхоналари ва ташкилотлари билан амалий ва бошқа турдаги алоқалар, бажарилишига ваколатхона кўмаклашадиган тузилган шартномалар ва битимлар тўғрисида муфассал маълумотлар;

в) ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари;

г) ваколатхонани очишга рухсатнома сўраладиган муддат (410-сон Низомнинг 10-банди).

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) хорижий фирма рўйхатдан ўтказилган давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ хорижий фирманинг таъсис ҳужжатлари;

б) хорижий фирма жойлашган мамлакатда унинг расмий равишда рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи, тегишли давлат органи томонидан берилган ҳужжат (давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки савдо реестридан кўчирма);

в) ваколатхона бошлиғига хорижий фирма томонидан берилган, паспорти маълумотлари ва унга берилаётган ваколатлар тўлиқ кўрсатилган ҳолдаги ишончнома;

г) хорижий фирма раҳбарияти томонидан тасдиқланган ва фирма муҳри билан муҳрланган ваколатхона тўғрисидаги низом.

Юқорида кўрсатилган ҳужжатлар хорижий фирма рўйхатдан ўтказилган мамлакатдаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасасида белгиланган тартибда легаллаштирилиши керак. У мавжуд бўлмаган тақдирда эса, хорижий фирма рўйхатдан ўтказилган давлатнинг Ташқи ишлар вазирлигида, мазкур мамлакатнинг Ўзбекистондаги консуллик муассасасида ёки дипломатик ваколатхонасида белгиланган тартибда легаллаштирилиши, кейинчалик ЎзР ТИВнинг консуллик бошқармасида тасдиқланиши керак.

Ҳужжатлар нотариал тасдиқланган давлат ёки рус тилидаги таржимаси билан тақдим этилади. Агар ҳужжатларга апостиль қўйилган бўлса, легаллаштириш талаб этилмайди.

Агар юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатларнинг бир қисми хорижий фирма мамлакатининг қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган бўлса, у аккредитация қилувчи органга Ташқи ишлар вазирлигининг ёхуд хорижий фирма таъсис этилган мамлакатнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхонасининг тасдиқномасини тақдим этади;

д) турар жой бўлмаган бино эгаси бўлган Ўзбекистон Республикаси юридик ёки жисмоний шахсининг мазкур бинони ваколатхонага ижарага беришга ёки сотишга тайёрлигини тасдиқловчи (ижарага бериш ёки сотиш шартлари ва муддати кўрсатилган) кафолат хати. Агар кўрсатилган шахслар берилаётган бинонинг ёлловчилари ҳисобланса, у ҳолда кафолат хати ушбу бинонинг эгаси билан келишилган бўлиши керак ­(410-сон Низомнинг 11-банди).

Шу билан бирга ваколатхона аккредитация қилиш тўғрисидаги сертификат олингандан кейин 10 кун муддатда:

► аккредитация қилувчи органга ўзининг почта манзили тўғрисида ёзма билдиришнома тақдим этишга;

ваколатхона жойлашган жойдаги солиқ органларида ҳисобда туришга ва унинг ҳисобга қўйилгани тўғрисида аккредитация қилган органга маълумотнома тақдим этишга мажбурдир (410-сон Низомнинг 18-банди).

Ваколатхонани аккредитация қилиш учун эркин алмаштириладиган валютада 1 200 АҚШ доллари миқдорида тўлов ундирилади, у хорижий фирма томонидан аккредитация қилувчи орган ҳисобрақамига ўтказилади (410-сон Низомнинг 12-банди; 423-сон Ставкаларнинг X бўлими).

 

Жўрабек Муротов,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2382 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика