Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 22 / Хўжалик юритиш қоидалари

«Қайта ташкил этиш» операцияси

 

«А» шуъба корхонаси «Б» ШКни ўзига қўшиб оляпти. Уларнинг ҳар бири ягона муассисга эга (Франция резидентлари). Иккаласи 90-йилларда рўйхатдан ўтказилган, уставларида ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилмаган. Бироқ ушбу корхоналар ўз фаолиятларидаги масалаларни ҳал этишда «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун қоидаларига амал қиладилар.

Битта ШК муассислари турли шахслар бўлганда бошқасини қўшиб олишга ҳақлими? Уларнинг давлатлари ҳукуматидан қандайдир ҳужжатлар олиниши зарурми? Қўшиб олиш жараёнини батафсил баён этсангиз ва бунинг учун зарур ҳужжатлар рўйхатини келтирсангиз.

Е.Р.

 

Ҳа, ҳақли1. Битта ШК бошқасига қўшиб олиниши мумкин. Бунинг учун иккала ШК муассислари давлатининг ҳукумат муассасаларидан ҳеч қандай ҳужжатлар талаб этилмайди.

 

Ўтган йилларда, айниқса 90-йилларда тижорат ташкилотлари рўйхатга олиниши амалиётини ўргансак, ҳақиқатан ҳам ўшанда кўпгина фирмалар (аввало ШК) таъсис ҳужжатларида ташкилий-ҳуқуқий шакли (бундан кейин – ТҲШ) кўрсатилмай рўйхатдан ўтказилганлигига гувоҳ бўламиз. Аслида ФКда ҳам, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ШК ТҲШ сифатида белгиланмаган. Сўнгги йилларда рўйхатдан ўтказувчи органлар янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслардан таъсис ҳужжатларида аниқ ТҲШни албатта кўрсатишни талаб қилиб, бунга эътибор бера бошладилар.

Модомики уставларида ТҲШ кўрсатилмаган «А» ва «Б» ШКдаги барча муҳим қарорлар, ёзганингиздек, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) қоидаларини ҳисобга олиб қабул қилинар экан, қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этиш жараёнининг айни МЧЖга нисбатан қўлланишини баён этамиз. Айни у энг кенг тарқалган ташкилий-ҳуқуқий шакллардан бири ҳисобланади.

2017 йил 1 апрелда Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 9.02.2017 йилдаги 66-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – Низом) кучга кирди. Шуни ҳисобга олиб, кўриб чиқилаётган саволга ФК, МЧЖ тўғрисидаги Қонун ва 23-сон БҲМС «Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш» (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1484-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қоидалари билан боғлаган ҳолда унинг нормаларига мувофиқ жавоб берамиз.

 

Қўшиб олиш якунлари юзасидан савол туғилади: «А» фирмасини шартнома тарафи дея «Б» фирмасининг амалдаги барча шартномаларини қайта расмийлаштириш зарурми? Қўшиб олишда универсал ҳуқуқий ворислик далили қонун ҳужжатлари билан белгиланганлиги сабабли муайян мажбуриятга нисбатан уни қўшимча равишда расмийлаштириш талаб этилмайди.

Топшириш далолатномаси ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Шунга қарамай, ишбилармонлик амалиётида «қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этиш муносабати билан» (ушбу битимлар шундай асосланади) қўшиб олаётганга қўшиб олинаётган фирманинг шартномасига ўзгартириш киритилиши тўғрисида қўшимча битим тузиш қабул қилинган. Агар бундай битим тузилмаса, бироқ қайта ташкил этишдан кейин амалдаги шартномага қайта ташкил этиш билан боғлиқ бўлмаган қандайдир ўзгартиришлар киритиш зарур бўлса, энди бу ҳақдаги битим қўшиб олаётган фирма номидан тузилади.

 

Шартномадан ташқари талаблар ва мажбуриятлар бўйича (масалан, қўйилган, бироқ тўланмаган счётлар, юкхатлар, далолатномалар асосида; асоссиз бойишдан; даъво аризалари ва ижро иши юритилиши асосида юзага келган) ҳам тўлиқ ҳуқуқий ворислик рўй беради. Тегишли шахслар ва давлат органларига кўриб чиқилган қайта ташкил этиш шаклини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади.

 

«Б» фирмасининг алоҳида бўлинмалари (масалан, «А» фирмасига тегишлилиги сабабли солиқ ҳисобига қайтадан қўйиш); «А» фирмасининг солиқ солиш тизими (айтайлик, соддалаштирилган тизимдан умумбелгиланган тизимга); «Б» фирмаси, унинг алоҳида бўлинмаларининг банкдаги счётлари (агар ёпилмай, иккиламчи счётлар сифатида қолса); шунингдек унинг кўчмас мулки, транспорти ва интеллектуал мулк объектлари, ходимлари (уларни асосий МЧЖга ўтказиш йўли билан) ва ҳ.к. қайта расмийлаштирилиши ёки бошқача тарзда ўзгартирилиши мумкин.

Бир юридик шахснинг бошқасига қўшиб юборилиши билан боғлиқ тегишли хатти-ҳаракатларни амалга ошириш (топшириш далолатномасини тузиш, активларни баҳолаш ва ҳ.к.) зарурати ҳақидаги батафсил ахборотни 23-сон БҲМСдан топишингиз мумкин.

 

Камол Музаффаров,

«Norma Online» етакчи эксперти.

 

Қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этишда хатти-ҳаракатлар алгоритми

 

Қўшиб олинаётган ШК

1-қадам. Топшириш далолатномаси лойиҳасини тузиш олдидан корхона активлари ва мажбуриятларини инвентаризация қилиш зарур. Далолатнома уларнинг тўғрилигини (мавжудлиги, ҳолати ва баҳосини) тасдиқлайди (23-сон БҲМСнинг ­10-банди «б» кичик банди).

2-қадам. Топшириш далолатномаси лойиҳасини тайёрланг (унда «А» фирмаси қўшиб олинаётган «Б» фирмасининг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан барча мажбуриятлари, шу жумладан баҳслашилаётган мажбуриятлар бўйича ҳуқуқий ворислиги тўғрисидаги қоидани кўрсатинг) (ФКнинг 51-моддаси 1-қисми; Низомнинг 21-банди 11-хатбошиси). Топшириш далолатномасини ҳисобот даври (йил) охирида тузган маъқул. Айни шу пайтда қайта ташкил этилаётган корхонанинг берилаётган активлари ва мажбуриятларини реал баҳолаш имкони юзага келади (23-сон БҲМСнинг ­13-банди).

3-қадам. Ягона муассис2 қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиши, қўшиб олиш ҳақидаги шартнома ва топшириш далолатномасини тасдиқлаши керак (ФКнинг 51-моддаси 2-қисми; МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 49-моддаси 2-қисми).

4-қадам. Қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмай барча кредиторларни бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилиш шарт (ФКнинг 52-моддаси 1-қисми; МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 49-моддаси 6-қисми).

5-қадам. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида кредиторлар танишиб чиқишлари учун қайта ташкил этиш тўғрисида хабарни эълон қилиш зарур (Низомга 10-илова). Бунда ушбу хабарни босма ОАВда эълон қилиш талаб этилмайди3.

 

Қўшиб олаётган ШК

1-қадам. «А» фирмасининг ягона муассиси «Б» фирмасини қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилади ва қўшиб олиш тўғрисидаги шартномани тасдиқлайди.

2-қадам. МЧЖ шаклидаги ТҲШни кўрсатган ҳолда таъсис шартномасини тузиш (зеро унинг иштирокчилари таркиби камида 2 шахсдан иборат бўлади); иштирокчиларининг таркиби янгиланиши, уларнинг улушлари белгиланиши; қўшиб олиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган бошқа ўзгартиришлар киритилиши, шунингдек зарурат туғилганда бошқа масалалар, шу жумладан қўшиб олаётган МЧЖ органларини сайлаш тўғрисидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиниши билан боғлиқ ўзгартиришларни унинг уставига киритиш учун «А» ва «Б» фирмалари иштирокчиларининг қўшма умумий йиғилишини ўтказиш зарур.

3-қадам. Қайта рўйхатдан ўтказиш учун давлат божини тўлаши.

4-қадам. Рўйхатдан ўтказувчи органга қуйидагиларни тақдим этиши:

1) белгиланган шаклдаги қайта рўйхатдан ўтказишга ариза (Низомга 9-илова);

2) ҳар бир ШКнинг қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарори;

3) иккала ШК иштирокчилари қўшма умумий йиғилишининг қўшиб олаётган МЧЖ таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори;

4) таъсис шартномаси;

5) МЧЖ уставининг янги таҳрири;

6) давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ёки белгиланган давлат божи миқдори тўланганлиги тўғрисида банк тўлов ҳужжатининг нусхаси (ариза берувчи шахсан мурожаат этганда) (Низомнинг 32-банди);

7) топшириш далолатномаси;

8) асосий МЧЖ ваколатли органининг таъсис ҳужжатларида кўрсатилган устав фонди миқдори (у кўпайтирилганда) шакллантирилганлиги ҳақидаги ҳужжати;

9) қўшимча ҳиссалар тўлиқ миқдорда киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (УФ миқдори кўпайтирилганда).

Қайта рўйхатдан ўтказиш ЯИДХП орқали ёки ўзи келган ҳолда амалга оширилади (Низомнинг 4-банди). Интернет орқали қайта рўйхатдан ўтказганда (яъни 1 ЭКИҲнинг 25%и) ўзи келгандагига (худди шу ставканинг 50%и) қараганда 2 баравар кам давлат божи тўланади (Низомга ­2-илованинг 23-банди).

5-қадам. «Б» фирмаси контрагентларига қўшиб олиш юз берганлиги ҳақида хабарномалар йўллаш лозим. Бу қонун ҳужжатларида белгиланмаган, бироқ контрагентлар билан ўзаро муносабатларда ана шундай зарурат келиб чиқади. Улар ҳам ўз ҳужжатлар оборотига (шартномавий, ҳисобот, тўлов ҳужжатлари ва ҳ.к.) тегишли ўзгартиришларни тезкор равишда киритишлари керак.

 

1Агар тегишли битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ЭКИҲнинг 100 000 баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёки уларнинг қўшиб юборилган ёки қўшиб олинган йилдан олдинги охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми ушбу миқдордан ортиқ бўлса ёхуд улардан бири товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса, хўжалик юритувчи субъектларни товар бозорида қўшиб юбориш ва қўшиб олиш учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олиниши зарур. Агар хўжалик юритувчи субъектлар активларининг жами баланс қиймати ВМ томонидан белгиланган миқдордан ортиб кетса ёки ушбу хўжалик юритувчи субъектлардан бири устун мавқени эгаллаб турган бўлса, уларни молия бозорида қўшиб юбориш ва қўшиб олиш учун мазкур органнинг олдиндан розилиги олиниши зарур («Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси 2, 3-қисмлари).

Молия бозорида – қўшиб юборишга, қўшиб олишга олдиндан розилик бериш тўғрисида ариза бериш санасида тегишли ҳаракатларни содир этишда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати эквивалентдаги миқдордан ортиқ бўлса (банкларга нисбатан – 450 млн АҚШ доллари, суғурта компанияларига нисбатан – 25 млн АҚШ доллари, лизинг компанияларига нисбатан – 3 млн АҚШ доллари ва банк бўлмаган кредит ташкилотларига, қимматли қоғозлар бозори профессионал қатнашчиларига нисбатан – 400 минг АҚШ доллари) ёхуд битим қатнашчиларидан бири молия бозорида устун мавқеини эгаллаб турган бўлса (Низомнинг 4-банди ­3-хатбошиси, ВМнинг 27.12.2013 йилдаги 344-сон қарорига 1-илова).

2Бир иштирокчидан таркиб топган жамиятда жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ваколатлари жумласига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар жамиятнинг ягона иштирокчиси томонидан якка тартибда қабул қилинади ва ёзма равишда расмийлаштирилади (МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 37-моддаси).

3Аслида мазкур норма ушбу материални тайёрлаш чоғида амалда бўлган қайта ташкил этиш ҳақидаги хабарни ОАВда эълон қилишни талаб этувчи айрим қонун ҳужжатлари қоидаларига (масалан, МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 49-моддаси 6-қисмига) зид келади.

Прочитано: 1830 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика