Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 22 / Парламент хабарлари

Сенатнинг Х ялпи мажлиси бўлиб ўтди

 

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг X ялпи мажлисида сенаторлар қуйидаги қонунларни кўриб чиқдилар ва маъқулладилар:

 

► «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)»ги. Қонун суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифатини ошириш, судьялар лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини кучайтириш вазифаларини рўёбга чиқаришга қаратилган принципиал қоидалардан иборатдир.

► «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги. Конституциявий қонунда судьялар ваколатларининг муддати ва судьяликка номзодларга қўйилган талаблар аниқ белгиланган, Конституциявий суд фаолиятининг ташкилий масалалари батафсил очиб берилмоқда.

► «Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги. Сенаторларнинг фикрича, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар суд ҳокимияти фаолиятининг самарадорлигини ва нуфузини оширишга кўмаклашади.

► «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги. Қонун 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш, шунингдек, мамлакатимиз Президентининг фармонлари ва қарорларини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонунга, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги, «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилаётган ўзгартишлар ерлардан хўжасизларча фойдаланганлик ёки уларни яроқсиз ҳолга келтирганлик, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини, сув захираларини муҳофаза қилиш қоидаларини, саноат, рўзғор чиқиндилари ва ўзга чиқиндиларни ташиш, жойлаштириш, утиллаштириш, кўмиб ташлаш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик, шу жумладан, ушбу ҳуқуқбузарликларни такроран содир этганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган.

Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурига мувофиқ «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги қонунга, Хўжалик процессуал кодексига, Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар давлат солиқ хизмати органлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни янада кенгайтиришга, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар йиғишга сарфланадиган харажатлар камайишини таъминлайдиган маъмуриятчилик ишларини такомиллаштиришга, масофавий (камерал) назоратни кенг жорий этишга ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, судлар ва жараён иштирокчилари ўртасида ҳужжатлар айирбошлаш механизмини соддалаштиришга ва тезкорлигини оширишга қаратилган.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб топилмоқда.

► бир қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунлар ҳам кўриб чиқилди. «Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасидаги ­Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани (Ашхобод, 2017 йил 6 март) ратификация қилиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо-давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи Шерикчилик ва Ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга икки томонлама тўқимачилик Шартномасининг амал муддати тугаганини ҳисобга олиб, Битим қоидаларини тўқимачилик маҳсулотларининг икки томонлама савдосига кенгроқ кўламда қўллаш мақсадида Битимга ўзгартириш киритиш тўғрисида Баённомани (Тошкент, 2011 йил 7 апрель) ратификация қилиш ҳақида»ги, ҳамда «Қайта тикланувчи энергия бўйича Халқаро Агентлик уставини (Бонн, 2009 йил 26 январь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Олий Мажлис Сенатининг

Ахборот хизмати материали асосида.

Прочитано: 1532 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика