Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 22 / Ҳуқуқ майдонида

Божхона интеллектуал мулк ҳимоясида

 

Интеллектуал мулк борган сари умумжаҳон бозорида аҳамиятли товарга айланмоқда. Товар ва хизматларда мужассам топган интеллектуал мулк объектлари уларнинг сифати, нархи ва рақобатбардошлигини ошириб, бу билан уларнинг эгаларига бир талай афзалликлар беришга қодир. Шу билан бирга ушбу объектларнинг ҳуқуқий ҳимояланмаганлиги борган сари яққол кўзга ташланмоқда, бу хил товар ва хизматларга доир мутлақ ҳуқуқлар эгасининг ижозати ва розилигисиз улардан осонгина нусха кўчириляпти, кўпайтириляпти ҳамда тарқатилмоқдаки, натижада улар эгасини қонуний даромадлардан маҳрум этяпти.

Бундай нохушликларга йўл қўймаслик учун нафақат ўз интеллектуал мулк объектининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш, балки ўз ҳуқуқларини пухталик билан ҳимоя қилиш ҳам жуда муҳим.

Ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларидан бири интеллектуал мулк объектларини Давлат божхона қўмитаси мазкур товарларни Ўзбекистон божхона чегаралари орқали олиб ўтишнинг божхона назоратини амалга ошириш учун юритадиган Реестрда рўйхатдан ўтказишдир.

ДБҚда интеллектуал мулк (ИМ) объектларининг ҳуқуқ эгалари, импортчилар, божхона брокерлари ва ОАВ вакиллари билан ўтказилган учрашувда интеллектуал мулк божхона назоратининг ушбу ва бошқа жиҳатлари ҳақида сўз борди.

 

Божхона чегаралари орқали интеллектуал мулк объектлари ҳисобланган товарлар борган сари кўпроқ олиб ўтиляпти, бундай мулк улар қийматининг салмоқли қисмини ташкил этади. Баъзи баҳоларга қараганда жаҳон савдосининг 80% улар ҳиссасига тўғри келади.

Интеллектуал мулк объектлари ҳисобланган товарлар билан халқаро савдо биринчи навбатда халқаро ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинади, – деб таъкидлади Марказий божхона лабораторияси бошлиғи Бахтиёр Абдуғаниев.

1967 йил 14 июлдаги конвенция билан Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ) таъсис этилди, у 1974 йилдан бошлаб БМТнинг ихтисослашган органи ҳисобланади. ЖИМТ мақсадларидан бири – бутун дунёда интеллектуал мулк муҳофазасига кўмаклашиш. Ўзбекистон 1991 йилдан бошлаб ЖИМТ аъзоси ҳисобланади ва энг муҳим халқаро битимлар шартларига риоя этадиган давлатлар жумласига киради.

 

Халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунчилик

Мамлакатимиз қуйидаги халқаро ҳужжатларнинг иштирокчиси ҳисобланади:

Саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенцияси (1991 й.);

Белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Мадрид битимига баённома (2006 й);

Патент кооперацияси тўғрисидаги шартнома (РСТ) (1991 й.);

Товар белгилари тўғрисидаги қонунлар ҳақида шартнома (TLT) (1998 й.);

Патент ҳуқуқи тўғрисидаги шартнома (PLT) (2006 й.);

Патент таомили мақсадлари учун микроорганизмларни депонентлашнинг халқаро эътирофи тўғрисидаги Будапешт шартномаси (2001 й.);

Белгиларни рўйхатдан ўтказиш учун товарлар ва хизматларнинг халқаро таснифи тўғрисидаги Ницца битими (2001 й.);

Халқаро патент таснифи тўғрисидаги Страсбург битими (2001 й.);

Саноат намуналарининг халқаро таснифи тўғрисидаги Локарно битими (2006 й.);

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг божхона хизматлари ўртасида интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум (Бишкек, 5.12.2012 й.).

 

Интеллектуал мулк объектларига доир ҳуқуқлар ҳимояси ЎзР Конституцияси, Фуқаролик, Солиқ, Жиноят, Божхона ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда, шунингдек «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида», «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида», «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида», «Селекция ютуқлари тўғрисида», «Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида», «Фирма номлари тўғрисида», «Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунларда назарда тутилган.

 

Назоратсиз қолдирилмайди

Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш масалаларини тартибга солиш, шунингдек товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилган пайтда қонунчилик бузилишини аниқлаш ва унинг оқибатларини бартараф этишнинг ҳуқуқий асоси 2016 йилда амалиётга киритилган ЎзР Божхона кодексига киритилган.

Божхона органлари божхона ҳудудига олиб кириладиган ва божхона назорати остида бўладиган интеллектуал мулк объектларига доир ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида чора кўрадилар. Ҳимоя қилишни таъминлаш учун улар ҳуқуқларнинг бузилганлик белгиларига эга бўлган товарларни чиқаришни тўхтатиб қўйишлари мумкин. Тегишли тадбирлар натижалари бўйича эса тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қила оладилар (БКнинг 382-моддаси).

 

Маълумот учун. Ушбу чоралар божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган қуйидаги товарларга нисбатан қўлланмайди:

1) жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадлари учун олиб ўтиладиган, шу жумладан улар манзилига халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган;

2) божхона транзити божхона режимига мувофиқ олиб ўтиладиган;

3) чет эл давлатларининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, бошқа расмий ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар, ушбу ваколатхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ходимлари томонидан расмий тарзда ва шахсан фойдаланиш учун олиб ўтиладиган;

4) инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмак сифатида олиб ўтиладиган.

 

Божхона органлари ИМ объектларига доир ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича кўрадиган чоралар ҳуқуқ эгасига ЎзР қонунчилигига мувофиқ ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг бошқа воситаларидан фойдаланишига тўсқинлик қилмайди.

 

Ҳуқуқ эгаларининг манфаатларини ҳимоя қилиш дастаги

Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрини юритишни тартибга соладиган нормалар божхона қонунчилигидаги янгилик ҳисобланади. ДБҚ Реестрга ҳимоя қилиш чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган интеллектуал мулк объектларини киритади. Қўмита Реестрни ўзининг расмий веб-сайтида (customs.uz) юритади ва вақти-вақти билан эълон қилади, уни доимий тарзда янгилаб боради. Бугунги кунда Божхона реестрида 86 товар белгиси рўйхатдан ўтказилган. Ахборотнинг ҳаммаси очиқ ҳисобланади.

 

Маълумот учун. ИМ объектлари Божхона реестридан қуйидаги ҳолларда чиқарилади: ҳуқуқ эгаси ёки унинг вакили мурожаат қилганда; божхона органи БКнинг 385-моддасида кўрсатилган ҳужжатларда ишончсиз маълумотларни аниқлаганда; объектнинг ҳуқуқий муҳофазаси белгиланган тартибда бекор қилинганда; объект Реестрга киритилган кундан бошлаб 3 йил ўтганда; Интеллектуал мулк агентлиги Апелляция кенгашининг қарори бўлганда.

Ушбу ҳолларда ДБҚ 3 иш куни мобайнида ҳуқуқ эгаси ёки унинг вакилини ИМ объектларини Божхона реестридан чиқариш тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши керак.

 

Реестрга қандай киритилади

ИМ объектлари Реестрга киритилиши учун ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили ДБҚга ариза бериши керак (БКнинг 385-моддаси). Унда ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили тўғрисида қуйидаги маълумотларни кўрсатиши керак: унинг номи, реквизитлари, шунингдек (агар бўлса) электрон почта манзили; ваколатли орган берган ИМ объектига доир ҳуқуқларнинг амал қилиш муддати; унинг ишлаб чиқарувчиси; ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар; объект Божхона реестрига киритиладиган муддат (кўпи билан 3 йил). Аризада ҳуқуқ эгаси ёки унинг вакили ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган ИМ объекти ҳамда ҳимоя қилиниши учун ариза бериладиган ИМ объектларини ўз ичига оладиган товарларнинг тавсифи (буюмларнинг фотосуратлари, расмлари, чизмалари, паспортлари ва бошқа маълумотлар) ҳам келтирилиши керак. Аризага ИМ объектига доир ҳуқуқларнинг борлиги ва мансублигини тасдиқлайдиган мавжуд ҳужжатларнинг (патент, гувоҳнома, лицензия шартномаси ёки бошқа ҳужжатлар) ҳуқуқ эгаси томонидан тасдиқланган нусхалари илова қилиниши керак.

ДБҚ аризани у келиб тушган кундан бошлаб 10 кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқади ва Божхона реестрига киритиш ёки киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилади. Бу ҳақда божхона идораси ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакилини хабардор қилиши, рад этган тақдирда – унинг сабабларини асослаши шарт.

Тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигини текшириш учун Қўмита ваколатли органлардан сўралган маълумотларни тасдиқлаш учун қўшимча ахборот ва ҳужжатларни талаб қилиб олишга ҳақли.

 

Расмиятчилик жиҳатлари

Реестрга киритилгандан кейингина ҳуқуқ эгаси ёки унинг вакили ИМ объектларига доир ҳуқуқларни ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида божхона назорати остидаги товарлар чиқарилишини тўхтатиб қўйиш чораларини кўриш учун божхона органларига ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Унда ҳимоя қилиш учун ариза берилаётган ИМ объектлари ҳисобланган товарларнинг тавсифи бўлиши керак. Шунингдек, ҳуқуқ эгасининг фикрича, унинг ИМ объектига доир ҳуқуқларини бузадиган товарларнинг тавсифи бўлиши лозим. Агар ҳуқуқ эгаси (унинг вакили) бундай маълумотларга эга бўлса, божхона органлари ушбу товарларни аниқлай олишлари учун улар етарлича батафсил бўлишлари керак. Аризада тахмин қилинаётган ҳуқуқбузарликни аниқлашга имкон берадиган ҳар қандай бошқа ахборот кўрсатилиши лозим (ишлаб чиқарувчи, экспортчи, импортчи ёки юкни олувчи, товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишнинг эҳтимолий жойи ва санаси, ташиш хусусиятлари ва ўраб-жойлаш тури, товар турган жой ёки режалаштирилган тайинлаш пункти тўғрисидаги маълумотлар).

 

Маълумот учун. Ариза билан бирга ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили декларантга товарлар чиқарилишини тўхтатиб қўйиш муносабати билан етказилиши мумкин бўлган мулкий зарарни қоплаш тўғрисида ёзма мажбурият тақдим этиши шарт.

 

ДБҚ ИМ объектларига доир ҳуқуқларни ҳимоя қилиш чораларини кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқади ва 3 иш куни мобайнида товарлар чиқарилишини тўхтатиб қўйиш ёки асосланган сабабларни кўрсатган ҳолда рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва бундан ариза берувчини хабардор қилади. 

 

Махсус таомил

БКнинг 385 ва 388-моддаларида назарда тутилган шартларга риоя этган ҳолда божхона органлари, ҳуқуқ эгаси ёки унинг вакили судга мурожаат қилиши ва божхона органларига суд муҳокамасига ишни тайинлаш тўғрисида суд ажримини тақдим этиши учун, ИМ объектларига доир ҳуқуқларнинг бузилиш аломатларига эга бўлган товарлар чиқарилишини тўхтатиб қўйиш таомилини қўллайдилар.

Божхона органи декларант ва ҳуқуқ эгасини (унинг вакилини) товарларнинг чиқарилишини тўхтатиб қўйиш ва унинг муддатлари тўғрисида дарҳол хабардор қилиши шарт.

Агар суд интеллектуал мулк объектларига доир ҳуқуқларнинг бузилганлиги тўғрисида қарор қабул қилмаса, ҳуқуқ эгаси (унинг вакили) товарлар чиқарилишини тўхтатиб қўйиш натижасида декларантга етказилган зарар учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

Маълумот учун. Ҳуқуқ эгаси, унинг вакили ёки декларант чиқаришни тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинган ИМ объектлари ҳисобланган товарларнинг намуналарини божхона назорати остида олишлари, шунингдек кўздан кечиришлари, суратга олишлари ёки бундай товарларни бошқача тарзда қайд этишлари мумкин.

 

Ҳуқуқ эгаси ёки унинг вакилининг аризасига кўра божхона органлари интеллектуал мулк объектлари ҳисобланган товарлар чиқарилишини кўпи билан 10 иш кунига тўхтатиб қўядилар.

Агар ҳуқуқ эгаси ёки унинг вакили божхона органларига ишни суд муҳокамасига тайинлаш тўғрисидаги суд ажримини тақдим этса, унинг сўровига биноан муддат узайтирилиши мумкин, бироқ узайтириш 10 иш кунидан кўп бўлмайди.

Ушбу муддатга товарларни олиб қўйиш, хатлаш ёки даъвони таъминлашнинг бошқа чораларини қўллаш тўғрисида суд ажрими (ҳал қилув қарори) олинганда товарларни чиқариш суднинг ажрими (ҳал қилув қарори)га мувофиқ тўхтатиб қўйилади.

 

Маълумот учун. ИМ объектлари ҳисобланган товарларни чиқаришни тўхтатиб қўйиш қарори қуйидаги ҳолларда бекор қилинади: унинг муддати тугаганда; ДБҚга ҳуқуқ эгаси (унинг вакили)дан товарлар чиқарилишини тўхтатиб қўйиш қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза келиб тушганда; ИМ объекти БКнинг 387-моддани 3-қисмига мувофиқ Божхона реестридан чиқарилганда; товарларни олиб қўйиш, хатлаш ёки даъвони таъминлаш бошқа чоралари уларга нисбатан қўлланиши тўғрисида суд ажрими (ҳал қилув қарори) ўз муддатида тақдим этилмаганда.

 

Товарлар чиқарилишини тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги қарор бекор қилинган тақдирда улар Божхона кодексига мувофиқ чиқарилади.

 

Ўрганиш ва умумлаштириш борасида

Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, умумлаштириш ва синовдан ўтказишни тақозо этади. Шу мақсадда ДБҚ халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг ҳукуматлари билан биргаликда мавзувий семинарлар, давра суҳбатлари ва ИМ объектларини ҳимоя қилиш бобидаги бошқа тадбирларда иштирок этади ва уларни ўтказади.

2016 йил июнда ХХР ҳукумати билан биргаликда «Контрафакт ва қалбаки маҳсулотга қарши курашиш бўйича семинар» ўқув тренинги ўтказилди. Унинг ўтказилишини ИМ объектларини (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товарлар келиб чиқиш жойлари номлари), шунингдек кўрсатилган объектларни ўз ичига олган товарлар ва ҳужжатларни тадқиқ қилиш, ҳуқуқлар бузилиши масалаларини ҳал этиш, контрафакт, сохталаштирилган ва сифатсиз маҳсулотга қарши курашиш борасида қарорлар ишлаб чиқиш учун зарурати тақозо этди.

Ўша йил октябрда Боку шаҳрида Жаҳон божхона ташкилоти ва БМТнинг Марказий Осиёда наркотиклар ҳамда жиноятчилик бўйича бошқармаси (ЮНОДК) Минтақавий ваколатхонаси БМТ НЖБ*/ЖБТнинг Глобал дастури доирасида «Интеллектуал мулкка доир ҳуқуқларни таъминлаш» минтақавий тренингини ўтказдилар. Унинг мақсади – контрафакт маҳсулотга, муаллифлик ҳуқуқини бузишга қарши курашиш бобида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг кўникмаларини мустаҳкамлаш, шунингдек божхона назоратининг замонавий усулларидан фойдаланишни кенгайтириш бўлди.

Жорий йил апрелида АҚШ Халқаро ҳамкорлик агентлигининг (USAID) «Савдо ва даромадлар» лойиҳаси билан биргаликда «Интеллектуал мулк объектларига доир ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича божхона чоралари» 5 кунлик семинари ўтказилди. Унинг иштирокчиларини ИМ объектларига доир ҳуқуқларни ҳимоя қилиш борасидаги энг яхши халқаро божхона амалиёти, муаллифлик ҳуқуқи, патентлар ва товар белгиларига эътиборни кучайтирган ҳолда ИМ билан таништирдилар. Шунингдек семинарда ЎзР Божхона кодексининг ИМ тўғрисидаги қоидаларини амалиётда қўллашнинг энг мақбул ва замонавий усуллари белгиланди.

Божхона ИМ объектларидан ғайриқонуний фойдаланиш ва қароқчилик, қалбаки маҳсулотни тарқатишга қарши курашда тажриба орттиряпти, ўз салоҳиятини оширмоқда. Ушбу соҳада ишлаш шакллари ва усуллари ишлаб чиқиляпти. Шу сабабли интеллектуал мулк объектлари ҳисобланган товарларни божхона ҳудудига олиб киришда импортчилар божхона органлари ИМ объектларига доир ҳуқуқларни ҳимоя қилиш чораларини кўришлари мумкинлигини эътиборга олишлари керак. Ҳуқуқ эгасининг бундай товарларни олиб киришга розилик бериши божхона операцияларини содир этиш пайтида муаммоларга йўл қўймаслик имконини беради.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

 


*Наркотиклар ва жиноятлар бўйича бошқарма.

Прочитано: 2155 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика