Ташкилотимизда Туркманистон фуқароси меҳнат шартномасига асосан ишлайди, Солиқ кодексининг 182-моддасига мувофиқ унинг иш ҳақидан 20% миқдорида даромад солиғи ушлаб қолинади. У Афғонистон Республикасида вақтинча бўлган қўшинларнинг чекланган контингенти таркибида хизматни ўтаганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этди. Иккинчи ҳолат: ходим – у ҳам Туркманистон фуқароси, Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатиш қатнашчиси.
Солиқ кодексининг 180-моддасига мувофиқ норезидент ходимларнинг даромадларига имтиёзлар қўлланадими?
Б.Ибодуллаев,
бош бухгалтер.
– Солиқ кодекси билан белгиланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзларни норезидентларнинг даромадларига нисбатан қўллаб бўлмайди. Жисмоний шахснинг – Ўзбекистон норезидентининг Ўзбекистон Республикасидаги даромадлар манбаидан олинган даромадларига манбада чегирмаларсиз солиқ солинади (Солиқ кодексининг 182-моддаси).
Жисмоний шахснинг резидентлиги унинг кетма-кет 12 ойлик давр мобайнида Ўзбекистонда туриш вақтига боғлиқ. Агар жисмоний шахс жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида жами 183 кун ва ундан ортиқ муддат Ўзбекистонда турган бўлса, у ЎзР резиденти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 19-моддаси).
Башарти резидентлар имтиёз олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этсалар, уларга Солиқ кодексининг 179 ва 180-моддаларига мувофиқ ЖШДС бўйича имтиёзлар татбиқ этилади. Байналмилалчи жангчилар* учун имтиёз уруш қатнашчисининг тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлим ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси ёхуд имтиёз олиш ҳуқуқи ҳақидаги гувоҳнома асосида тақдим этилади (Низомнинг 20-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).
Чернобиль АЭСдаги авария оқибатида жабрланган жисмоний шахслар учун имтиёзга келсак, у 2014 йил 1 апрелдан бошлаб солиқ қонунчилигидан чиқариб ташланган. Бунда Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлари бўлган жисмоний шахслар Солиқ кодексининг 180-моддаси 2-қисми 5-бандига асосан солиқ бўйича имтиёзни қўллашлари мумкин.
______________________________
*Булар уруш қатнашчиларига тенглаштирилган, ҳарбий ҳаракатлар кетаётган мамлакатларда ўз байналмилал бурчларини адо этган, тинчлик ўрнатувчи кучлар таркибида иштирок этган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати органларининг бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахслардир (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова «к» кичик банди).
Лилия ХИСМАТОВА, «Norma Online» эксперти.