Жамият (МЧЖ) солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллайди. Айни пайтда молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига, шу жумладан 2016 йилдан ўтаётган тендер савдолари асосида; тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга оширилаётган объектлар бўйича қурилиш-монтаж ишларини бажармоқда. Солиқ қонунчилигидаги ўзгартиришларга (27.12.2016 йилдаги ЎРҚ-417-сон) мувофиқ, кўрсатилган объектлар ҚҚС ҳисоблаб ёзилган ва тўланган ҳолда бухгалтерия ҳисобига олинади.
Ўтган йилдан ўтаётган объектлар бўйича амалдаги шартномаларга шартнома қиймати қисмида Солиқ кодексининг 349-моддасига тузатишлар киритилиши муносабати билан ҚҚС суммасига ўзгартиришлар киритилиши керакми?
Л.Ким.
– Тарафлар ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашлари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома шартларини аниқлашлари зарур (ФКнинг 1-моддаси 2-қисми). Қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас, яъни унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир (ФКнинг 113, 114, 116-моддалари).
Агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари бўйича келишувга эришилган бўлса, хўжалик шартномаси тузилган деб ҳисобланади («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси).
Қурилиш пудрати шартномасида шартлашилган нарх унинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади (ФКнинг 666-моддаси). Тарафларнинг бажариладиган ишлар нархини келишиш зарурати қурилиш пудрати шартномасининг элементи сифатида тўғридан-тўғри кўрсатилган, масалан, умумий пудрат шартномаси тушунчасида ушбу элемент мавжуд эмас (ФКнинг 631-моддаси).
Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби назарда тутилган солиқ тўловчилар учун ҳам тендер объектларида қурилиш-монтаж ишлари ҳақини тўлашда ҚҚСни тўлаш мажбурий бўлди (27.12.2016 йилдаги ЎРҚ-417-сон Қонун таҳриридаги Солиқ кодексининг 349-моддаси). ҚҚС тўловга киритилиши ва буюртмачи билан келишиш лозим бўлган шартнома нархини ўзгартириши сабабли шартномага ҳам тегишли ўзгартиришлар киритиш зарур деб ҳисоблаймиз.
Эркин ҲОСИЛОВ,
«Norma Online» эксперти.