Кўп квартирали уй ҳовлиси ҳудудидан чиқаётган автомобиль ҳайдовчиси кўлмакка яқинлашганда тезликни камайтирмаганлиги учун бошимдан оёғимгача лой сачратди. Бундай ҳолларда жазо чораларини қўлласа бўладими?
Р.Ермилова.
Тошкент ш.
– Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ёки йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслиги (МЖТКнинг 128-3, 128-5, 128-6 ва 130-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), одам ташиш, транспорт воситаларини қувиб ўтиш, йўналишли транспорт воситалари тўхтайдиган бекатлардан ёки пиёдалар ўтиш жойларидан юриш, ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиши, худди шунингдек йўловчиларга лойқа сачратиши сингари ҳуқуқбузарликлар 0,5 ЭКИҲ миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Агар ҳайдовчи худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этса, унга ЭКИҲнинг 1 баравари (149 775 сўм) миқдорида жарима солинади.
Ҳайдовчи 2 марта жазо қўлланилганидан кейин қоидаларга риоя этишни яна унутиб қўйса, жарима суммаси ЭКИҲнинг 3 бараваригача ошади.
Масъулиятни тушунмаган ҳайдовчиларнинг худди шундай ҳуқуқбузарликни мунтазам (3 марта ва ундан ортиқ) содир этиши ЭКИҲнинг 4 баравари миқдорида жарима солишгагина эмас, балки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 6 ой муддатга маҳрум этилишига ҳам олиб келиши мумкин (МЖТКнинг 128-моддаси).
«АвтоНорма» бўлимини мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради.