Norma.uz

Ҳаммаси кузатув остида

 

Пойтахтимизда жорий йилнинг март ойидан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқариш ва жамоатчилик тартибини муҳофаза қилишнинг компьютерлаштирилган тизими ишламоқда. Шаҳарнинг 115 та чорраҳасида турли мўлжалдаги 1 144 та видеокамера ўрнатилган. Автомобилчилар – «Норма маслаҳатчи» ўқувчиларининг саволларини Ўзбекистон Республикаси ИИВ ДЙҲХБ матбуот хизматига йўлладик.

 

– Камералар Йўл ҳаракати қоидаларининг қандай бузилишларини қайд этадилар?

– Ҳозирча биринчи босқичда тизимда Йўл ҳаракати қоидаларининг 2 турдаги бузилишини автоматик қайд этиш функцияси йўлга қўйилган. Булар – автотранспорт ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракатланиш тезлигини ошириши ва светофорнинг тақиқловчи белгисида ўтиши. Келгусида камералар ЙҲҚнинг барча бузилишларини, шу жумладан уяли алоқа телефонидан фойдаланганлик ва хавфсизлик камарини тақмаганликни ҳам қайд этади.

– Камералар қоидабузарликни қайд этганда жарималар ёзиш тизими қандай ишлайди?

– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 309-1-моддасига мувофиқ, махсус фото ва видео қайд этиш воситалари орқали қайд этилган ЙҲҚ бузилганлиги бўйича жарима солиш тўғрисидаги қарор ҳуқуқбузарнинг иштирокисиз чиқарилади.

Қайд этиш материаллари илова қилинган жарима солиш тўғрисидаги қарор юридик кучга эга бўлган электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилади ҳамда уни тузган ваколатли шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси материаллар илова қилинган ҳолда у чиқарилган кундан эътиборан 3 кун ичида буюртма почта жўнатмаси тарзида ҳуқуқбузарга юборилади. Ҳайдовчи жаримани 60 кун ичида тўлаши керак бўлади.

– Агар автомобилни унинг соҳиби бошқармаган бўлса, камералар орқали қоидабузарлик қайд этилганда ЙҲҚни бузганлик учун ким жавобгар бўлади?

– МЖТКнинг 17-1-моддасига мувофиқ, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилади.

Агар машина хусусий эмас, балки юридик шахсга тегишли бўлса, ундан фойдаланиш учун масъул бўлган шахс жавобгарликка тортилади.

– Агар ҳайдовчи бир кунда ЙҲҚни бир неча марта бузган ва камералар буни қайд этган бўлса, қоидабузар қандай жаримага тортилади?

– Агар ҳайдовчи бир кунда бир неча хил ЙҲҚни бузган бўлса, ҳар бир қоидабузарлик учун алоҳида жарима ёзилади ва тўланади.

– Тошкентда яшамайдиган автомобиль соҳиби, унинг транспортини ишончнома асосида бошқа киши бошқараётган бўлса, «жарима мактубини» қандай олади?

– Қарор солинган хат автомобиль рўйхатдан ўтказилган манзилга йўлланади. Агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш жараёнида ушбу автомобилга ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда эгалик қилган шахс аниқланса ёхуд мазкур автомобиль бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида мулкдорнинг эгалигидан чиқиб кетганлиги (олиб қочилганлиги ва ҳ.к.) аниқланса, мулкдор қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

– ЙҲҚ бузилишини видео орқали қайд этиш жорий этилганлиги муносабати билан энди Тошкент йўлларида ЙПХ ходимлари сони камаядими?

– Тизим жорий этилиши муносабати билан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ қисқартирилган штат бирликлари ундан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш лавозимларига ўзгартирилди.

Йўл-патруль хизмати ходимларининг бир қисми ҳозирча тизим билан қамраб олинмаган шаҳар ҳудудларига, шунингдек аҳоли билан тушунтириш-профилактика ишларини кучайтириш учун қайта йўналтирилади.

– Ҳайдовчилар онлайн режимида ЙҲҚни бузганликлари ҳақида ахборот олишлари мумкин бўлган, қайд этилган қоидабузарликларнинг ягона интернет-портали мавжудми?

– Айни пайтда комплекс автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилмоқда, у ҳуқуқбузарларни қоидабузарлик қайд этилгани ҳақида автоматик хабардор қилиш функциясини, шунингдек биллинг тизими орқали жарималар тўлаш тизимини ўз ичига олади.

– Видеокамералар қайд этаётган қоидабузарликлар учун жарималарнинг миқдори жуда катталигини инобатга олиб, уларнинг миқдорини камайтириш режалаштирилаяптими?

– Видео орқали бир нечта ҳуқуқбузарликлар қайд этилганда жарима санкцияларини белгилашда жарималар миқдорлари камайишига олиб келувчи уларнинг такрорийлиги ҳисобга олинмайди.

Масалан, автомобиль ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтса, у ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида жарима тўлайди.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этса, энди ЭКИҲнинг 5 баравари миқдорида жарима тўлашига тўғри келади.

Видео орқали қайд этишда ЙҲҚ бузилишининг такрорийлиги ҳисобга олинмайди, бинобарин, у фақат 4 ЭКИҲ – ҳар битта ҳуқуқбузарлик учун 2 ЭКИҲдан тўлайди.

 

Маълумот учун!

Светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ЎТГАНЛИК учун ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида жарима солинади.

Прочитано: 1468 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика