Марказий банк бошқарувининг қарори (АВ томонидан 19.04.2017 йилда 1850-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга ўзгартиришлар киритилди.
Эслатиб ўтамиз, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда белгиланишича, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг барча ишлаб чиқариш харажатларининг ўрни қопланиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромади (фойда) эркин тасарруф этилади.
Қарорда белгиланишича, якка тартибдаги тадбиркор банк карталаридан ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш, ишларни бажариш фаолияти билан боғлиқ бўлган, шунингдек бошқа ҳар қандай харажатлар учун тўловларни амалга ошириши мумкин.
Бу нормадан келиб чиқиб, энди якка тартибдаги тадбиркорлар пластик карталар орқали нафақат ишлаб чиқариш эҳтиёжлари билан боғлиқ, балки товарлар харид қилиш ва турли хизматларга ҳақ тўлашга доир тўловларни ҳам амалга оширишлари мумкин.
Илгари якка тартибдаги тадбиркорлар жорий фаолият билан боғлиқ қуйидаги харажатларнигина тўлашлари мумкин бўлган:
хом ашё ва материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар, фурнитуралар, ускуналар хариди;
коммунал тўловлар;
ижара тўловлари;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;
аҳолига нақд ҳисоб-китоб билан реализация қилинадиган товарларни харид қилиш (чакана савдо билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркор томонидан);
бошқа харажатлар.
Шу муносабат билан энди сотувчи ва банк картаси сақловчиси (якка тартибдаги тадбиркор) ўртасида тегишли шартноманинг тузилиши мажбурий бўлмайди. Бунда тўловни терминал орқали қабул қилган хизматчининг имзоси ва «Тўланди» муҳри қўйилган счётлар, квитанциялар ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳужжатларнинг мавжудлигининг ўзи кифоя.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 24.04.2017 йилдаги 16 (776)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.
Сардор ЖУМАШОВ,
«Norma Online» эксперти.