Иккинчи жаҳон урушида Буюк ғалабага эришган аждодлар ҳақида ғамхўрлик қилиш доимо давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келган. Ушбу май кунларида ҳам фахрийларнинг ҳар бирига ҳурмат ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Ғалабанинг 72-йиллигини республикамизнинг барча вилоятларидан келган фахрийлар пойтахтда кутиб олишади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушининг 1 615 иштирокчиси ва ўша вақтда фронт ортида меҳнат қилган 45 мингдан зиёд киши яшамоқда.
Ҳар йили уруш иштирокчилари ва ногиронлари Президент фармонларига биноан бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар. Агар аввалги йилларда тўловлар суммаси босқичма-босқич ошиб борган бўлса, жорий йилда ҳар бир иштирокчига 2 млн сўм топширилди.
Бундан ташқари «GM Uzbekistan» АЖдан фахрийлар мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган хоҳлаган автомобилларни сотиб олишга сертификат олдилар. Имтиёзли шартлар 3 йил мобайнида уларга бепул техник хизмат кўрсатиш имконини беради.
Фахрийлар ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси ғамхўрлик билан йўғрилган. Хусусан, «Нуроний», «Маҳалла» жамғармаларининг вакиллари уруш иштирокчиларининг хонадонларини бирма-бир айланиб чиқиб, кимлар нимага муҳтожлигини аниқладилар.
Чунончи, 476 нафар уруш иштирокчисининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш лозим. Уларнинг 14 нафари ноқулай шароитларда яшаяпти, энди улар намунавий лойиҳалар асосида қурилган янги уйларга кўчиб ўтадилар. Шаҳарда яшайдиган фахрийларга квартира берилади.
174 фахрийнинг уйи таъмирланади. Шунингдек зарур майда таъмирлаш ишлари қилинади, уларнинг уйларида санузеллар ўрнатилади.
288 киши ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари, санаторийларга йўлланмалар, даволанишга ордерлар, турли маиший техника, шунингдек мебель олади. Масалан, Сирдарё вилоятида фахрийлар учун каравотлар ва ётоқ-тўшак анжомлари сотиб олинди.
Фахрийларнинг эҳтиёжларини қондиришга 5 млрд сўм ажратилган.
Жорий йилда ҳажга бориши мумкин бўлган уруш иштирокчиларининг рўйхати тузилганлиги ҳам қувонарли. Бунда улар чуқурлаштирилган тиббий комиссиядан ўтишлари керак.
Биринчи марта пойтахтда республиканинг барча вилоятларидан таклиф қилинган 600 фахрийни қарши олишади. Бу ерда улар бепул овқатланадилар, яшаб ҳордиқ чиқарадилар.
Озиқ-овқат тўпламлари анъанавий совғага айланган. Жорий йилда улар орасида 21 турдаги товарлар бор. Рўйхатга қуруқ мевалар, асал, баргак, ёнғоқ қўшилган.
Яқинлари ва қариндошлари мустақиллик йилларида давлатимиз хавфсизлигини муҳофаза қилиш бўйича бурчини бажараётганда ҳалок бўлган оилаларга ҳам алоҳида эътибор берилаётганлигини таъкидлаш керак. Уларга ҳам, уруш фахрийлари каби, барча ҳадялар улашилади.
Ҳулкар ФАЙЗУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси бош мутахассиси.
Суратда: Зайфин бобо Ҳасанов 90 ёшда, Самарқанд вилоятида истиқомат қилади. Меҳнат фронтининг қатнашчиси бугунги байрам кунларини Тошкентда ўтказмоқда. Бу ерга у Чинобод санаториясида дам олиш ва соғлиғини тиклаш учун келган.