Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 19 / Божхона

Божхона ва бизнес: фойдали мулоқот

 

Божхона хизмати тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиш, сайёр учрашувлар уюштириш орқали ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофликни намоён қилиб бормоқда. Бундай мулоқотларда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кўплаб маслаҳатлар берилмоқда, тадбиркорларни ўйлантираётган муаммо ва саволлар ўз вақтида ечимини топмоқда.

 

Янгиерда сайёр қабул

Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳар ҳокимлигида ўтказилган сайёр учрашувда ҳам Сирдарё вилоятида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз томонидан қабул қилинган «Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида кичик саноат зонасини барпо этиш тўғрисида»ги қарорнинг (30.03.2017 йилдаги ПҚ-2860-сон) аҳамиятига асосий эътибор қаратилди. Учрашувда Давлат божхона қўмитасининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Ҳотамов мазкур қарор билан кичик тадбиркорлик субъектлари фаолияти рағбатлантирилиши хусусида гапирди.

Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича, кичик саноат зонаси ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар, шунингдек, металл конструкциялар ва қурилиш материаллари учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод қилинди.

Мазкур имтиёзлар 3 йил муддатга берилади, бунда кичик саноат зонасининг қатнашчилари ЭКИҲининг камида 2 000 баравари миқдоридаги ҳажмда инвестициялар киритиши шартлиги белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, кичик саноат зонаси қатнашчисининг йиллик тушуми ЭКИҲ миқдорининг 1 000 бараваридан камроқни ташкил этган тақдирда, ушбу имтиёзлар бекор қилинади ҳамда тегишли ҳисобот йили учун уларни тўлаш бўйича мажбуриятлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта тикланади.

Божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда олиб келинган ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар, металл конструкциялар ва қурилиш материаллари олиб кирилган пайтдан бошлаб 3 йил ичида сотилган ёки бепул бериб юборилган тақдирда, божхона тўловлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда ундирилади.

Учрашув якунида вилоят божхона бошқармаси ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

 

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

«Ҳуқуқбузарлик профилактикаси тўғрисида»ги Қонун ҳамда Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан бу йўналишда қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш ва уларни қўллаш механизмлари билан аҳолини яқиндан таништириш мақсадида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан «Сайхун» ТИФ божхона постида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда, шунингдек, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларга Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ДБҚнинг АВ томонидан 10.05.2016 йилда 2784-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) мазмун-моҳияти юзасидан ҳам батафсил тушунтиришлар берилди.

Бунда божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга асосий эътибор қаратилди ва уларга нисбатан қўлланилаётган жазо чоралари ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш учун рухсат бериш, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисни ўқитиш, унинг малакасини ошириш, шунингдек божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестатини бериш, уни қайта расмийлаштириш (унинг амал қилиш муддатини узайтириш), тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш, божхона юк декларациясини тўлдириш тартиблари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

 

Маҳалла – халқ турмушидан хабардор макон

Сирдарё туман ҳокимлигида жамиятимизга хавф туғдириши мумкин бўлган терроризм, диний экстремизм, одам савдоси сингари долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Дарҳақиқат, маҳалла одамларнинг турмуш тарзи, саъй-ҳаракат ва ўй-фикрларидан яқиндан хабардор масканлардан ҳисобланади. Тадбирда иштирок этган тумандаги маҳаллалар фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар эътибор бериши лозим бўлган муҳим жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Хусусан, айрим шахслар томонидан қўл телефони, ноутбук ва бошқа ахборот ташувчи воситаларда миллий қадриятларимизга зид келувчи ва инсон онгига салбий таъсир кўрсатувчи, ҳеч қандай бадиий қимматга эга бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши ва тарқатилиши тақиқланган порнографик мазмундаги видеолавҳалар, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи материалларнинг кириб келиши ҳолатлари қайд этилмоқда. Бундай салбий ҳолатлар натижасида ҳаётий тажрибаси кам ёшлар маъмурий ва жиноий жавобгарликнинг беихтиёр қурбонига айланиб қолмоқдалар. Улар билан суҳбатлашганда амалдаги тартиб-қоидалардан хабардор эмасликлари туфайли жиноят йўлига кириб қолаётганлари маълум бўлади.

 

Инсон баъзида жиноятни билмасдан, унинг оқибатини англамасдан содир этади. Жойларда одамлар билан ўтказилаётган ана шундай мулоқот ва учрашувлар келгусида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олишда ҳам аҳамиятлидир. Учрашувларда божхона хизмати мутасаддилари божхона постларида кўп учрайдиган ҳуқуқбузарликлар ва қўлланиладиган тегишли жазо чоралари ҳақида тушунчалар бериб боришмоқда.

 

Сирдарё вилоят божхона бошқармаси Ахборот хизмати.

Прочитано: 1669 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика