Пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида «Олтин қалам» XII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Медиа соҳага кўрсатилаётган алоҳида эътибор самарасида оммавий ахборот воситаларининг сони ортиб бормоқда. Мавжуд босма нашрларнинг 53 фоизини, телерадиоканалларнинг 85 фоизини нодавлат оммавий ахборот воситалари ташкил этади. 330 дан зиёд веб-сайтлар оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг аксарияти нодавлат сектор улушига тўғри келмоқда. Медиа тузилмалар бугунги кунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган миллат ва элатларнинг 7 тилида фаолият олиб боради. Ахборотлар ва телерадиомаҳсулотлар қатор хорижий тилларда ҳам тарқатилмоқда.
«Олтин қалам» Миллий мукофоти учун халқаро танлов журналистларни янада фаол, изланувчан бўлишга, воқеликка теран нигоҳ, катта масъулият билан қарашга даъват этмоқда.
Ўтган йиллар мобайнида унинг доирасида 5 минг 500 дан ортиқ журналистнинг 80 мингга яқин ижодий иши кўриб чиқилди. 237 нафар ҳамкасбимиз мазкур танловнинг ғолиби бўлди. Шу билан бирга, 70 дан ортиқ ижодкор халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари томонидан таъсис этилган мукофотлар билан тақдирланди.
Бу йилги «Олтин қалам» танловида 520 журналист 9 минг 500 га яқин материали билан қатнашди. Телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ўтказилган ушбу танловда битта бош мукофот, ҳар бир йўналиш бўйича учтадан мукофот ҳамда «Энг яхши фоторепортаж учун» ва «Энг яхши матбуот хизмати» рағбатлантирувчи номинациялари таъсис этилган. Бу йилдан жорий этилган «Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун» ҳамда «ОАВда китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун» номинацияси бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Бош Миллий мукофотга «Тафаккур» журнали таҳририяти сазовор бўлди.
ЎзА материали асосида.
Қувонарли жиҳати шундаки, танловнинг «Энг яхши матбуот хизмати» номинациясида ғолиблик Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматига насиб этди. Таҳририятимиз ҳамкор ҳамкасабаларни ушбу мукофот билан қизғин қутлайди!