Norma.uz

Нормадан ортиқ иш

 

Ишлаб чиқариш корхонасида баъзан ходимларни иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш зарурати юзага келади.

Меҳнат қонунчилиги иш кунининг белгиланган (8 соатлик) муддатидан ортиқ меҳнатдан фойдаланишга йўл қўядими? Бунда дам олиш ва пуллик компенсация варианти қандай бўлади?

Р.Имомов.

 

– Ташкилотлар ва корхоналарда кўпинча ишлаб чиқариш заруратига кўра ходимларни ишдан ташқари вақтда белгиланган нормадан ортиқча у ёки бу мажбуриятларни бажаришга жалб қилиш ҳолатлари юзага келади.

Меҳнат кодексида иш берувчининг фармойиши бўйича ходимларни:

► иш вақтидан ташқари (МКнинг 124, 125-моддалари);

► дам олиш ва байрам кунларида (МКнинг 130, ­132-моддалари) ишга жалб қилиш мумкинлиги ва тартиби назарда тутилган.

Иш вақтидан ташқари иш

Ходимни иш вақтидан ташқари ишга жалб қилишни тўғри расмийлаштириш учун МКнинг 2 та мажбурий талабини бажариш зарур:

1) ташаббус иш берувчидан чиқиши керак;

2) иш вақтидан ташқари ишга ходимнинг розилиги зарур.

Ходим ишни ўз ташаббусига кўра бажарса, у иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланмайди.

Иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.

Иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун сурункасига 2 кун давомида 4 соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда – 1 кунда 2 соатдан) ва йилига 120 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим.

Иш берувчи ҳар бир ходимнинг ҳақиқатда ишлаган иш вақтини, шу жумладан иш вақтидан ташқари ишлаган вақтини ўз вақтида аниқ ҳисобга олиб бориши шарт.

Дам олиш ва байрам кунларидаги иш

Умумий қоидага кўра дам олиш кунларида ишлатиш тақиқланади. Иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина МКнинг қуйидаги талабларини бажарганда йўл қўйилади (МКнинг 130, 132-моддалари):

1) жамоа шартномасида ходимларни бундай кунларда ишга жалб қилиш имконияти ва тартиби назарда тутилган бўлиши керак, агар у тузилмаган бўлса, бундай ҳолатлар касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади;

2) ташаббус иш берувчидан чиқиши керак;

3) дам олиш ва байрам кунларидаги ишга ходимнинг розилиги зарур.

Ходимни иш вақтидан ташқари ишга ёхуд дам олиш ёки байрам кунидаги ишга жалб қилиш учун иш берувчи иш турини бажариш таклифи билан ходимга ёзма мурожаат этиши, тўлов ва отгуллар бериш шартларини кўрсатиши тавсия қилинади, ходим эса ўз навбатида ўз розилигини ёзма равишда ифодалаши керак. Ходимнинг розилигини олибгина уни бундай ишга жалб қилиш тўғрисида буйруқ чиқариш мумкин. Унда ишлаб чиқариш заруратига кўра ва унинг розилиги билан ишга жалб қилинаётганлиги кўрсатилади. Шунингдек иш санаси ва вақти, меҳнатга ҳақ тўлаш, отгуллар бериш шартларини кўрсатиш зарур.

Иш вақтидан ташқари ишга ва дам олиш кунларидаги ишга жалб қилиш қуйидаги чекловларга риоя этган ҳолда амалга оширилади:

1) ногиронларни бундай ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади (МКнинг 220-моддаси 5-қисми);

2) ҳомиладор аёлларни ва 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз жалб қилишга йўл қўйилмайди (МКнинг ­228-моддаси);

3) 18 ёшга тўлмаган шахсларни жалб этиш тақиқланади (МКнинг 245-моддаси).

Иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, – иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади (МКнинг 157-моддаси).

Шунга эътибор қаратамизки, ходимларга иш вақтининг турлича муддати белгиланади, шу сабабли белгиланган нормадан ортиқ бажарилган иш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.

 

Масалан, бир ходимга 8 соатлик иш куни, бошқасига – 7 соатлик (зарарлилигига кўра), учинчисига – 4 соатлик (тўлиқсиз иш куни) этиб белгиланган. Бинобарин, кўрсатилган ходимларнинг ҳар бири учун тегишинча 8, 7 ёки 4 соатдан ортиқча иш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Байрамолди кунда корхонада байрамолди кун учун белгиланган режимдан (ходимларнинг барча тоифалари учун иш куни камида 1 соатга қисқартирилади) ортиқча иш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.

 

Кўпчилик ҳанузгача ходимларга меъёрланмаган иш куни белгилаш мумкин деб ҳисоблайди. Меҳнат кодексида бундай турдаги иш вақти назарда тутилмаган, шу сабабли нормадан ташқари иш кунини қўллаш амалиёти қонуний эмас.

 

Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.

Прочитано: 1929 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика