Сиз пенсияга чиқдингиз. Пенсия учун ҳужжатларни расмийлаштириш ташвишлари ортда қолди. Бироқ бундан кейин ҳам янгиликлардан бохабар бўлиб турмоқ лозим. Сабаби пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўпчилик учун қизиқарли ўзгартишлар киритилмоқда. «Норма маслаҳатчи»ни ўқисангиз, ушбу саволларга жавоб топасиз: энди қаердан пенсия олиш мумкин? Пенсионер оилавий корхона муассиси бўлгани ўринлими? ПЖнинг янги интерактив хизмати қандай қулайлик яратади, ундан қандай фойдаланиш мумкин?
Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.
Қонунчиликдаги янгилик
Пенсия учун – фуқаролар йиғинига
Президентнинг «Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (13.03.2017 йилдаги ПҚ-2826-сон) мувофиқ республиканинг барча ҳудудларида пенсиялар ва нафақаларни тўлаш бўйича акциядорлик-тижорат Халқ банки ягона ваколатли банк ҳисобланади.
2017 йилнинг июлига қадар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан молияланадиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни нақд шаклда тўлаш «Ўзбекистон почтаси» АЖдан Халқ банки бўлинмаларига босқичма-босқич ўтказилади. Янги механизм Президентнинг «Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори (2.02.2017 йилдаги ПҚ-2753-сон) ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаши лозим.
Ҳудудий ижроия органлари пенсиялар ва нафақаларни нақд пулда бериш бўйича махсус кассалар ишини ташкил этиш учун фуқаролар йиғинлари биноларида ва пенсионерларнинг маблағларни олиши учун қулай бўлган бошқа маъмурий биноларда банк бўлинмаларини алоҳида хоналар билан таъминлаши лозим. Бунда мустақил ҳаракатланиш ҳамда уларни махсус кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган шахсларга пенсиялар ва нафақалар Халқ банки томонидан бевосита улар яшайдиган жойга етказиб берилади.
Марказий банк томонидан Халқ банки буюртманомаларига мувофиқ пенсиялар ва нафақалар ўз вақтида ва узлуксиз берилиши учун нақд пул маблағлари билан зарур ҳажмда таъминланади. Бунда барча тўловлар ҳар ойнинг 27-кунигача тугалланиши лозим. Халқ банки кассирлар ва назоратчилар сони кўпайишини, марказий аппаратда ва филиаллардаги мутахассисларнинг зарур сони бутланишини таъминлайди. Инвентарь ва компьютер техникаси сотиб олинади. Нақд маблағларнинг махсус кассаларгача етказиб берилишини ташкил этиш учун 590 та «Дамас» маркали инкассаторлик машиналари сотиб олинади. Марказий банк билан ҳамкорликда Халқ банкининг ўз инкассация хизмати ташкил этилади.
Пенсия жамғармаси Халқ банки билан биргаликда пенсия ва бошқа тўловларни олаётганларга СМС орқали хабардор қилишни жорий этган ҳолда аҳолига пенсиялар ва нафақалар тўлашни он-лайн режимида ҳисобга олиш ва назорат қилишни автоматлаштириш мақсадида тегишли маълумотлар базалари интеграция қилинишини таъминлайди.
Расмий жавоб
Айбдорларни қаердан излайлик?
Онам 1999 йилда тиббиёт ходими сифатида имтиёзли пенсияга чиққан. Умумий иш стажи – 41 йил, пенсияга чиқишига қадар стажи – 32 йил. Ўтган йили унинг пенсиясини камайтирдилар ва 3 726 000 сўм тўлаш мажбуриятини юкладилар. Пенсия жамғармасининг туман бўлимига расмий сўровимизга қуйидагича жавоб олдик: «Пенсияни қайта кўриб чиқишда... Қонунга шарҳ ва Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилмаган бошқа услубий кўрсатмаларга асосланилган».
Пенсия жамғармаси туман бўлимининг пенсияни қисқартириш бўйича хатти-ҳаракатлари тўғрими?
А.Шейнов.
Тошкент ш.
– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 12-моддасининг 2011 йил 1 январгача амал қилган «л» бандига мувофиқ, шифокорлар ва бошқа тиббий ходимлар махсус иш стажи қишлоқ жойда камида 25 йил ва шаҳарларда камида 30 йил бўлган тақдирда (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган 3-сон Рўйхатнинг VIII қисми) умумбелгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганлар (Қонуннинг 7-моддаси).
Қонуннинг 47-моддаси «а» бандида белгиланганидек, ёшга доир пенсиялар умрбод тайинланади. Яъни уларни тайинлаш шартлари қайта кўриб чиқилмайди.
Бироқ пенсияни қайта ҳисоблаш:
► пенсионер пенсия миқдорига таъсир кўрсатувчи (пенсия тайинланишигача бўлган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги ҳамда бошқа) қўшимча ҳужжатларни тақдим этган тақдирда;
► ногиронлик гуруҳи ўзгарганда;
► боқувчисини йўқотганлик пенсияси оладиган оила аъзолари сони ўзгарганда;
► энг кам ойлик иш ҳақи миқдорлари ўзгарган тақдирда;
► даромадлар индексация қилинган тақдирда амалга оширилади (Қонуннинг 49-моддаси).
Юқоридагилардан кўриниб турганидек, пенсияни қайта ҳисоблаш ҳоллари рўйхатида пенсионер ёшга доир пенсияга чиқиш учун умумбелгиланган ёшга ёки 54 ёшга тўлгани муносабати билан ёшга доир имтиёзли пенсияни қайта ҳисоблаш тартиби назарда тутилмаган.
Онангизга умумбелгиланган пенсия ёшига (55 ёшга) тўлганидан кейин ёки 54 ёшида талаб этиладиган стажни нотўғри белгилаган кўринадилар. 30 йил ўрнига умумий асосларга кўра ёшга доир ёки 54 ёшдан пенсияни тайинлаш учун аёлларга етарли стаж сифатида 20 йилни кўрсатгандирлар. Натижада пенсияни тайинлаш учун талаб этиладиган йиллар орасида фарқ юзага келган (30 – 20 = 10), бу пенсиянинг таянч миқдори 10%га ошишига олиб келган (Қонуннинг 26-моддаси): талаб этиладиганидан ортиқча иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили (30 ёки 20 йил) учун 1%га оширилади (Қонуннинг 27-моддаси).
Бу хато текширув натижасида аниқланган ва Пенсия жамғармаси бўлими ҳақиқатда талаб этиладиган иш стажини 30 йил этиб белгилаб, пенсияни қайта ҳисоблаган. Тегишинча, пенсия миқдори пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 10%ига камайган. Ортиқча тўланган сумма эса ушлаб қолиниши лозим.
Пенсиялардан чегирмалар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорларига биноан пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қилиниши мумкин (Қонуннинг 65-моддаси «б» банди).
Техник хато деб дастурий таъминотга маълумотларни нотўғри киритиш билан боғлиқ хато эътироф этилади. Бундай хато деб, шунингдек пенсия таъминотига оид имтиёзларни қўллашда нотўғри шарҳлаш (услубий китоб, қўлланма ва кўрсатма хатлар фойдаланган ҳолда), пенсия ҳисоблаш учун қўлланиладиган иш ҳақини қайта ҳисоблашда коэффициентларни нотўғри танлаш, пенсия ва нафақаларни ҳисоблаш учун бошланғич маълумотларни нотўғри кўрсатиш, пенсия ва нафақаларни икки маротаба ўтказиб юбориш, бир давр учун бир нечта асосларга кўра тўлашни амалга ошириш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисоб-китоб қоидаларига риоя этмаслик ҳам тушунилади (АВ томонидан 26.10.2016 йилда 2835-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома).
Шуни ҳисобга олган ҳолда Пенсия жамғармаси бўлими ўз қарорлари асосида ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолишга ҳақли, сабаби юқорида тилга олинган пенсияни ҳисоблаш (қайта ҳисоблаш) чоғида техник хатога йўл қўйилган.
Маълумот учун!
Бошқа оила аъзоларига (васийлиги остидагига) боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи ИШЛОВЧИ фуқароларга (васийларга) ПЕНСИЯ ТЎЛИҚ МИҚДОРДА тўланади.
Пенсияни сақлаб қолмоқчиман
Мамлакатимизда улкан тажрибага эга бўлган пенсионерлар кўп, улар ўз билимларини ёш мутахассислар билан баҳам кўришлари мумкин, бунга куч ва соғлиқлари етарли, асосийси эса – уларда жамиятга наф келтириш истаги бор. Бироқ пенсиянинг 50%и ушлаб қолиниши сабабли уйда ўтиришга ва ишламасликка мажбурлар. Яқинда Президентимиз маърузасида Ҳукуматимиз пенсионерларни қўллаб-қувватлаётганлиги ҳақида гапирди.
Ишловчи пенсионерлар 100% пенсия ва тўлиқ иш ҳақини олиши хусусида қонунчиликка ўзгартиришлар киритилдими? Агар киритилмаган бўлса, бу масала қачон ҳал этилади?
Т.Т.
– Сўнгги вақтда Президентнинг ишловчи пенсионерларга пенсия тўланишини тартибга солувчи 3 та фармони* қабул қилинди. Чунончи, мазкур ҳужжатларга мувофиқ:
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари;
пенсионерлар – Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси марказий аппарати ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг ходимлари тўлиқ миқдорда пенсия олиш ҳуқуқини олдилар.
2017 йил 1 апрелдан бошлаб қуйидаги пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади:
а) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг:
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси, олий ҳарбий таълим муассасалари ўқитувчилари ва илмий ходимлари;
ҳарбий-академик лицейлар раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва ўқитувчилари, шунингдек республика академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг бошланғич ҳарбий тайёргарлик бўйича раҳбарлари;
ҳарбий-саноат комплексининг таркибига кирувчи корхоналарнинг бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимлари жумласига кирадиган мутахассислари сифатида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳарбий хизматчиларига;
б) ИИВ, ФВВ, МХХ ва ДБҚнинг:
Миллий хавфсизлик хизмати институти, Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби, Махсус тайёргарлик ўқув маркази, Радиоэлектрон тизимлар ва ахборот технологиялари маркази, шунингдек Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси институти, аҳоли ва раҳбар ходимларни тайёрлаш ҳудудий марказлари ва бошқа олий ҳарбий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва илмий ходимлари;
республика академик лицейлари ва касб-ҳунар коллежлари маънавият ва маърифат ишлари бўйича раҳбар ўринбосарлари ва тарбиячилари;
ҳарбий-саноат комплексининг таркибига кирувчи корхоналарнинг бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимлари жумласига кирадиган мутахассислари сифатида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳарбий хизматчилари ва ходимларига.
Пенсияларни тўлаш тўлиқ миқдорда, агар юқорида кўрсатиб ўтилган фаолият ҳарбий пенсионернинг ягона иш жойи бўлган тақдирда амалга оширилади.
*«Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» (28.12.2016 йилдаги ПФ-4906-сон); «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» (3.02.2017 йилдаги ПФ-4944-сон); «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари пенсионерларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» (17.02.2017 йилдаги ПФ-4960-сон).
Бажариб бўлмайдиган талаб
Пенсия учун ҳужжатларни расмийлаштираётганимда Пенсия жамғармасидагилар мен тақдим эта олмайдиган ФҲДЁ маълумотномасини сўрадилар. Гап шундаки, ҳужжатларимда декрет таътили ҳақида ёзув бор. Бироқ, афсуски, болам туғруқ пайтида ўлган. ФҲДЁда туғилганлик ёки ўлим тўғрисида ҳеч қандай ёзув қайд этилмаган. Пенсия жамғармаси ходимлари мендан ушбу маълумотномани талаб қилишлари тўғрими, бу ҳолда нима қилсам бўлади?
Наталья И.
Тошкент ш.
– Пенсия жамғармаси бўлимлари умумий иш стажини ҳисоблашда инобатга олинадиган болалар 2 (3) ёшга тўлгунига қадар уларни парваришлаш таътилларида бўлган даврни аниқлаш учун бола туғилганлиги тўғрисидаги ФҲДЁ маълумотномасини талаб қиладилар.
Мазкур ҳолда Пенсия жамғармаси бўлимида бола туғруқ пайтида ўлганлиги муносабати билан у 2 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилида бўлмаганлигингиз ҳақида ариза ёзишингиз зарур.
Хорижда ишлаган пайтим ҳисобга олинадими?
Шу йил май ойида пенсия ёшига етаман. 1986 йил сентябрдан 1996 йил майгача Тожикистонда ишлаганман. Шу йилларнинг қайси бири пенсия учун ҳисобга олинади?
Кашаров.
Тошкент ш.
– Ишлаган йилларингиз, хусусан, 1986 йил сентябрдан 1992 йил мартгача Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги битим (Москва, 13.03.1992 йил) асосида ҳисобга олинади. Унга мувофиқ, ушбу Битимга аъзо давлатлар (шу жумладан Ўзбекистон ва Тожикистон) фуқаролари ва улар оила аъзоларининг пенсия таъминоти улар ҳудудида яшаётган давлат қонунчилиги бўйича амалга оширилади (Битимнинг 1-моддаси). Бунда ушбу давлатлардан исталганининг ҳудудида, шунингдек собиқ Иттифоқ ҳудудида эга бўлган иш стажи мазкур Битим кучга киргунча, яъни 1992 йил 13 мартгача бўлган вақт учун ҳисобга олинади (Битимнинг 6-моддаси).
Кейингиси (сизнинг ҳолатда – 1992 йилдан кейин то 1996 йил майгача ишланган давр) Қонуннинг 40-моддаси билан тартибга солинади, унга кўра чет элда ишланган даврлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.
Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахслар бошқа давлатда ишлаган ҳар бир ойи учун Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлашлари мумкин (Низом, ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова).
Улар пенсия билан таъминланиш миқдоридан келиб чиқиб суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда, бироқ ҳар ой учун уларни тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган ЭКИҲнинг 1 баробаридан кам бўлмаган миқдорда белгилашлари мумкин.
Маълумот учун!
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо ДАВЛАТЛАР бир-бирларини ўз давлатларида амал қилаётган ПЕНСИЯ ҚОНУНЧИЛИГИ, ундаги кейинги ўзгартиришлар тўғрисида ХАБАРДОР ҚИЛИШЛАРИ ШАРТ. Пенсияга бўлган ҲУҚУҚ белгиланишига ва унинг миқдорига таъсир кўрсатувчи ҳолатларни аниқлаш учун зарур чора-тадбирларни КЎРИШЛАРИ керак.
Ишловчилар тоифасига киради
Оилавий корхонанинг 3 нафар иштирокчиси (муассиси) бор: ота (пенсионер), она (пенсионер), ўғил. Битта ходим – оилавий корхона раҳбари (ўғил). Ота-она оилавий корхона билан меҳнат муносабатларида эмас, улардан бири мол-мулкни устав фондига киритган. Барча иштирокчиларга фойдадан дивидендлар ҳисобланади. Уставга кўра оилавий корхона иштирокчилари ҳисобланган, бироқ у билан меҳнат муносабатларида бўлмаган пенсионерларнинг пенсиясидан 50% ушлаб қолинадими?
Э.Миркамолов.
Тошкент ш.
– Оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланади («Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси 1-қисми). Оилавий корхона иштирокчиларининг шахсий меҳнатини амалга ошириш шартлари улар ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Уларнинг меҳнат ҳақи тарафларнинг келишувига кўра, лекин қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлмаган миқдорда белгиланади (Қонуннинг 21-моддаси 2-қисми). Оилавий корхона иштирокчилари унинг устав фондига таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда ўзлари киритадиган мол-мулкни мустақил равишда белгилайди (Қонуннинг 11-моддаси).
Баён этилганлардан кўринганидек, корхона устав фондини шакллантиришда иштирок этган оилавий корхона иштирокчилари меҳнат фаолиятини амалга оширадилар. Шу сабабли иштирокчи пенсионерлар ишловчилар тоифасига киритилади ва уларга нисбатан ишловчи пенсионерлар учун пенсия тўлаш шартлари қўлланилади.
Оилавий тадбиркорлик унинг иштирокчилари ихтиёрига асосланиши ҳисобга олинса, улар корхона таркибига кириш (ундан чиқиш) ҳуқуқига эгалар.
Бу ҳолда оилавий корхонани давлат томонидан қайта рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди. Фақат таъсис шартномасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарур бўлади.
Зафаржон Хўжаев,
ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия
аппаратининг пенсияларни тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.
_______________________________________________________________________________________
Барча турдаги пенсиялар учун тартиб
Ёшим 56 да. Соғлиғим ҳолатига кўра ишдан кетишга мажбурман. Ҳозир узоқ даволанишим ва ногиронликни расмийлаштиришим керак.
54 ёшдан пенсияни расмийлаштиришга ҳужжатларни тўплай бошлаганимда стажимнинг бир қисмини (умумий стаж – 25 йил) архив маълумотномалари билан (7 йилдан ортиқ) тасдиқлаб бўлмаслиги маълум бўлди.
Ногиронлик пенсияси тайинланиши учун қандай стаж бўлиши зарур? Тасдиқланган 18 йиллик стажга эга бўлган ҳолда ногиронлик пенсиясини расмийлаштира оламанми? Бунда у қандай ҳисобланади?
Татьяна А.
Тошкент ш.
– Фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 37-моддаси).
Меҳнат дафтарчасида зарур ёзувлар бўлмаган ёки меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда, иш стажини тасдиқлаш учун (банд шахснинг иш стажидан ташқари) маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлари ва иш ҳақи бериш учун ведомостлар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади.
Иш стажи тўғрисида ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврлари суднинг қарори билан белгиланади (Низом, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – 252-сон Низом).
Стажни тасдиқлашнинг кўрсатилган тартиби Қонун асосида тайинланадиган барча турдаги пенсияларга, шу жумладан ногиронлик пенсиясига ҳам тааллуқлидир.
Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, ногиронлик пенсиялари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларга тайинланади.
Ногиронлик пенсиялари ногиронлик бошланган пайтга қадар ёшга қараб талаб этиладиган стаж бўлган тақдирда тайинланади.
Ёш
|
Иш стажи (йилларда)
|
23 ёшга қадар
|
2
|
23 ёшдан 26 ёшга қадар
|
3
|
26 ёшдан 31 ёшга қадар
|
5
|
31 ёшдан 36 ёшга қадар
|
7
|
36 ёшдан 41 ёшга қадар
|
9
|
41 ёшдан 46 ёшга қадар
|
11
|
46 ёшдан 51 ёшга қадар
|
14
|
51 ёшдан 56 ёшга қадар
|
17
|
56 ёш ва ундан ошганда
|
20
|
Пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган умумий касаллик туфайли I ва II гуруҳ ногиронларига (Қонуннинг 17-моддаси) ногиронлик пенсияси бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади (Қонуннинг 29-моддаси).
Шунингдек ногиронлик пенсиялари:
пенсиянинг таянч миқдори;
иш стажи учун пенсиянинг оширилиши;
пенсияга устама ҳақлардан ҳам таркиб топади.
I ва II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсияларининг таянч миқдорлари – пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55%и, лекин ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 100%и миқдорида белгиланади (Қонуннинг 26-моддаси).
Пенсия тайинлашда талаб этиладиганидан ортиқча иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун ногиронлик пенсияларининг таянч миқдорлари пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1%и миқдорида оширилади (Қонуннинг 27-моддаси).
Абдурашид Исмоилов,
Тошкент шаҳар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Бошқармасининг пенсия ва
нафақаларни тайинлашни таҳлил ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи.
АКТ амалда
Пенсия жамғармаси хабар қилади
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси «SMS-Pensiya»* янги интерактив хизматини ишга туширди.
Пенсионерлар ва ижтимоий нафақалар олувчилар эндиликда тўловлар билан боғлиқ барча хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги ахборотни СМС-хабарлар орқали билиб олишлари мумкин. Масалан, пенсия миқдорлари ошганлиги, Пенсия жамғармаси бўлимига бориш зарурати тўғрисида ва ҳатто Пенсия жамғармаси раҳбарияти билан очиқ мажлислар ўтказилиши ҳақида хабар оладилар.
Ушбу хизматдан фойдаланиш учун уяли алоқа телефонига шахсий счёти рақамини бириктириб олиш зарур. Буни Пенсия жамғармаси бўлимида ёки 10711 рақамига шахсий счёти рақами, рўйхатга олиш белгиси рақамини жўнатиб ва хабарларни қайси тилда олмоқчи эканлигини кўрсатиб, мустақил равишда амалга ошириш мумкин. Барча маълумотлар «юлдузча» қўйиб киритилади, сатр охирига «катакча» белгиси қўйилади.
МИСОЛ. *шахсий счёт рақами*1*uz# ёки ru# – *70000007*ru#. Агар тил кўрсатилмаган бўлса, ахборот ўз-ўзидан давлат тилида берилади.
Нотўғри терилганда (счёт рақами нотўғри бўлганда, символлар кўрсатилмаганда ва ҳ.к.) уяли алоқа телефонига хатога йўл қўйилгани ҳақида хабар жўнатилади. Бу ҳолда уринишни такрорлаш ёки Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилиш керак.
Битта телефон рақамига бир нечта, бироқ 5 тадан ортиқ бўлмаган счётни бириктириш мумкин. Битта шахсий счётга бир нечта телефонни бириктириб бўлмайди.
Агар муайян сабабларга кўра пенсионер СМС-хабарлар олишини қайта рўйхатдан ўтказиш зарур бўлиб қолса, бунинг учун яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига ариза билан мурожаат қилиш лозим. Ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиши мажбурий.
Хабарларни нафақат автоматик режимда, балки индивидуал сўровнома бўйича ҳам олиш мумкин. Кейинги ҳолатда махсус кодлардан фойдаланилади, улар ҳақида pfru.uz сайтидан билиб олиш мумкин («SMS-Pensiya» интерактив хизматини тақдим этиш регламентига 2-илова).
Тизим ўтган, бироқ 3 ойдан ошмайдиган вақт учун тўловлар ҳақида ҳам билиб олиш имконини беради. Бунинг учун *шахсий счёт рақами*сўровнома коди*ўтган давр# (*7000000*61*112016#) терилади.
Фойдаланувчи хизматни рад этиши мумкин. 10711 рақамига *шахсий счёт рақами*0# (*7000000*0#) жўнатишнинг ўзи кифоя.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ташкилий кўмаги, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг молиявий кўмаги, шунингдек «Mobi Tel Inform» МЧЖ контент-провайдерининг ташкилий-техник кўмаги туфайли интерактив хизматни жорий этишга эришилди.
Хизмат бепул.
*Президентнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» давлат дастури тўғрисида»ги қарори (18.02.2015 йилдаги ПҚ-2302-сон); ВМнинг 1.03.2016 йилдаги 165-Ф-сон фармойиши.
Билиб қўйган яхши
Зарарланган зонада
Чернобиль ҳалокати оқибатида зиён кўрган фуқаролар тоифасига кирувчи шахслар.
1. Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолганлардан:
а) Чернобиль АЭСда ишлаган ёки ҳалокат натижасида зарарланган зонада ҳалокат оқибатларини тугатиш ишларида иштирок этган (шу жумладан, вақтинча ишга юборилган ёки хизмат сафарига жўнатилган) шахслар;
б) махсус йиғинларга чақирилган ва ҳалокат оқибатларини тугатиш билан боғлиқ зарарланган зонадаги ишларни бажаришга жалб этилган ҳарбий хизматчилар* ва ҳарбий мажбуриятли шахслар.
2. 1986–1987 йилларда Чернобиль ҳалокати оқибатларини тугатиш бўйича зарарланган зонада ишлаган ёки шу йиллар давомида АЭСдан фойдаланиш ва бошқа юмушларни бажарган (шу жумладан, вақтинча ишга юборилган ёки хизмат сафарига жўнатилган) шахслар.
3. 1988–1989 йилларда Чернобиль ҳалокати оқибатларини тугатиш бўйича зарарланган зонада ишлаган ёки шу йиллар давомида АЭСдан фойдаланиш ва бошқа юмушларни бажарган (шу жумладан, вақтинча ишга юборилган ёки хизмат сафарига жўнатилган) шахслар.
4. Жойлашиш ўрни ва бажараётган вазифасидан қатъи назар, махсус йиғинларга чақирилган ва ҳалокат оқибатларини тугатиш билан боғлиқ бу даврдаги ишларни бажаришга жалб қилинган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий мажбуриятли шахслар, шунингдек, 2, 3-бандларда кўрсатилган зарарланган зонада хизмат вазифасини ўтаган ички ишлар органларининг бошлиқлар ва оддий составидаги шахслар.
*Ушбу тоифага қуйидагилар киради: собиқ Иттифоқ Қуролли Кучлари, собиқ Иттифоқ Давлат хавфсизлиги қўмитаси қўшинлари ва органлари, ички ва темир йўл қўшинлари ҳамда бошқа ҳарбий қўшинларда ҳақиқий муддатли хизматни ўтаётган офицерлар состави, прапоршчиклар, мичманлар, белгиланган муддатни адо этиб яна ҳарбий хизматда қолган ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматчи аёллар, сержантлар ва оддий аскарлар состави (Олий Кенгаш Раёсати ва ВМнинг 6.04.1992 йилдаги 170-сон қарори билан тасдиқланган Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларга бериладиган ҳақ-ҳуқуқлар, пул компенсациялари ва имтиёзлар рўйxати).
P.S.
Ўзингизни текширинг
Сиз газетамизнинг қанчалик синчков ўқувчиси эканлигингизни текшириш вақти келди. Ҳатто бирор-бир нарсани эслай олмасангиз ҳам ташвиш чекманг. «Норма маслаҳатчи» газетасини очиб, ҳар доим билимларингизни янгилашингиз мумкин. Омад ёр бўлсин!
1. Уй бекаси кейинчалик пенсия олиши учун Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари суммасини тўлаши мумкинми?
а Ҳа, мумкин. Бунинг учун яшаш жойидаги солиқ инспекциясига мурожаат қилиш лозим.
б Йўқ, мумкин эмас. Уй бекалари (ишламайдиган) ихтиёрий асосда суғурта бадаллари тўлайдиган фуқаролар тоифасига кирмайди.
в Мумкин, фақат унда камида 7 йиллик иш стажи бўлган ҳолда.
2. Пенсияни расмийлаштираётганда ФҲДЁнинг никоҳдан ўтганлик тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этиш керакми?
а Ҳа, агар никоҳдан ўтаётганда фамилияси ўзгарган бўлса.
б Никоҳдан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома нусхасини тақдим этиш лозим.
в Йўқ, керак эмас. ФҲДЁнинг маълумотномаси пенсия тайинлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхатида қайд этилмаган.
3. Пенсияни ҳисоблаётганда якуний мукофотлар иш ҳақига кирадими?
а Ҳа, киради, чунки якуний (ой, чорак, ярим йил, йил учун) мукофотларни ҳисобга киритишнинг асосий шарти – суғурта бадалларини тўлаш.
б Ушбу мукофотлар камида 5 ЭКИҲни ташкил этган тақдирда киради.
в Йўқ, кирмайди.
4. Ходимнинг меҳнатга қобилиятсизлик даврлари стажга киритиладими?
а Агар меҳнатга қобилиятсизлик даври 22 иш кунидан кам бўлса, ҳисобга киритилмайди.
б Ҳисобга олинади, агар ушбу давр учун суғурта бадаллари тўланган бўлса.
в Меҳнатга қобилиятсизлик вақти ҳисобга олинади, агар ходим III гуруҳ ногирони бўлса.
5. Доимий яшаш жойига кўчаётганда пенсионерга пенсия йиғмажилди бериладими?
а Йўқ, берилмайди. Унинг кўчирма нусхаси берилади.
б Берилади, агар пенсионер пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузилган давлатларга доимий яшаш учун кўчаётган бўлса.
в Йиғмажилд ҳам, унинг кўчирма нусхаси ҳам берилмайди.
6. Якка тартибдаги тадбиркор суғурта бадалларини тўлашдан озод этилган, бироқ унга стаж ҳисобланадиган вақт даврлари мавжудми?
а Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирдагина иш даврлари якка тартибдаги тадбиркорнинг иш стажига ҳисобланади.
б Ҳа, мавжуд. Агар унинг тадбиркорлик фаолияти эркин иқтисодий зонада («Жиззах», «Ангрен», «Навоий») рўйхатдан ўтказилган бўлса.
в Йўқ, бундай даврлар мавжуд эмас.
Тўғри жавоблар: 1б, 2в, 3а, 4б, 5б, 6а.
Натижалар
Ҳар битта тўғри жавоб учун – 1 балл.
Сизнинг натижангиз:
6 балл – аъло натижа. Сиз пенсия таъминоти масалаларини жуда яхши биласиз.
3–5 балл – сиз, шубҳасиз, кўп нарса биласиз. Бироқ тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун озгина билим етишмайди. «Норма маслаҳатчи»ни ўқиб боринг, шунда доим ҳуқуққа доир янгиликлардан хабардор бўласиз.
3 балл ва ундан кам – афсус, сиз жуда кам нарса биласиз. Куч – билимда эканлигини унутманг. Айниқса у пенсия ёшида халал бермайди. «Норма маслаҳатчи»ни мутолаа қилиб боришга ҳаракат қилинг, натижа бўлишини кафолатлаймиз.
Диққат! Ушбу саволларга батафсил жавоблар «Норма маслаҳатчи» газетасининг қуйидаги сонларида эълон қилинган: 8.11.2016 йилдаги 45-сон; 13.12.2016 йилдаги 50-сон; 21.02.2017 йилдаги 8-сон.
Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради.