Ҳукуматимизнинг Ўзбекистоннинг ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишга доир қарорига (26.11.2014 йилдаги 322-сон) асосан 2015 йилдан бошлаб республикамиз ҳудудига учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланган.
Олиб кирилиши тақиқланган бундай қурилмалар қаторига учувчисиз учиш имкониятига эга бўлган, масофадан туриб бошқарилувчи самолёт, вертолёт каби болалар ўйинчоқлари ҳам киради. Бундан ташқари портатив лазерли нур тарқатгичларни ҳам юртимизга олиб кириш мумкин эмас.
Бу ҳақдаги эслатмалар божхона чегараларини кесиб ўтиш давомида жисмоний шахслар томонидан тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясида ҳам мавжуд. Лекин...
● Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси «Даут ата» чегара божхона пости ходимлари шовотлик К.А. томонидан 1 дона учувчисиз бошқариладиган учиш қурилмасининг ноқонуний олиб кирилиши олдини олишди.
● Бухоролик Ш.Х. ҳам мазкур пост орқали кириб келар экан, йўловчи божхона декларациясида ҳамда божхона ходимларининг оғзаки суриштирувлари пайтида маълум қилмасдан 2 дона учувчисиз учиш қурилмаси, 29 дона Laser Led Pen номли лазерли нур тарқатгич ручкаларни олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
● «Бейнеў Нукус» йўловчи поезди амалдаги тартибларга мувофиқ божхона кўригидан ўтказилганда, йўловчи Р.А. 1 дона учувчисиз бошқариладиган учиш қурилмасини яширинча олиб кирмоқчи бўлганда фош этилди.
● Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари 2016 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган тадбирларида салкам 4,5 млн сўмлик 9 та ана шундай учувчисиз учиш қурилмаларининг республикамизга олиб кирилишининг олдини олишди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.