Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги «Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори* мамлакатимизда ҳайдовчи ва пиёдаларга қулайлик яратиш борасида навбатдаги амалий қадам бўлди.
Қарорга мувофиқ Ўзбекистон ҳудудида 2017 йил 1 октябрдан бошлаб тегишли равишда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини (кейинги ўринларда – гувоҳнома) расмийлаштиришда гувоҳноманинг, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналари берилиши йўлга қўйилади. |
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Холматжон САЙДАЛИЕВ ушбу янгилик ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Гувоҳнома 1968 йил 8 ноябрдаги Йўл ҳаракати тўғрисидаги Вена конвенцияси тавсияларига мувофиқликни таъминлаш, гувоҳномаларни ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш тизимига замонавий АКТни жорий этишни самарали ташкил этиш мақсадида тайёрланган. Унда конвенция талабларида белгиланган мажбурий маълумотлар лотин алифбосида ўзбек тилида ёзилган.
Ўзбекистон Республикасининг номи давлат тилида, рус ва инглиз тилларида ёзилган гувоҳнома пластикдан тайёрланади. Гувоҳнома ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади, қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи мустаҳкам ва мукаммал ҳимоя воситаларига эга.
Гувоҳноманинг ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг пластик шаклда тайёрланадиган янги намуналари босқичма-босқич жорий этилади.
Янги намунадаги гувоҳнома 10 йил муддатга берилади.
Қарорда фуқаролар 2017 йил 1 октябрдан 2018 йилнинг 31 декабригача эски намунадаги гувоҳномаларни янгисига, уларнинг берилган санасидан қатъи назар, эгасининг ёзма аризасига кўра ихтиёрий равишда алмаштириб берилади. |
2019 йил 1 январдан 2020 йил 31 декабрга қадар эски намунадаги барча гувоҳномалар, берилган санасидан қатъи назар, мажбурий тартибда янгисига алмаштирилади. 2021 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас, деб топилади.
Янги гувоҳнома жорий йилнинг 1 октябридан ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларини тамомлаганларга назарий ва амалий имтиҳонлардан ўтганидан сўнг берила бошланади. Бирор сабаб билан эскирган, яроқсиз ҳолга келиб қолган, йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони янгисига йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатга олиш ва имтиҳон бўлимларида ҳайдовчилар томонидан зарур ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг алмаштириб берилади. |
Эски нусхадаги гувоҳнома ва унинг талонини алмаштириш учун ҳайдовчилар ўқув ташкилотини тамомлаганлиги тўғрисидаги имтиҳон варақасини, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини, тиббий кўрик маълумотномасини, тўлов чиптасини, транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини ёки ишончномани ва шахсий паспорти, корхона ёки ташкилотларда ҳайдовчи бўлиб ишловчилар иш жойларидан маълумотномани тақдим этишлари лозим. |
Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ҳам янгиланди. Бу гувоҳноманинг ўлчами ҳам 54х86 миллиметр бўлиб, пластикдан тайёрланади.
Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномани янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш ишлари 2017–2020 йиллар мобайнида босқичма-босқич амалга оширилади. Ҳайдовчилар автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишга тақдим этганларида эски намунадаги автомототранспорт воситасини қайд этиш гувоҳномалари янгисига алмаштириб берилади. Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги эски намунадаги гувоҳномалар ҳам 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади. |
Янги нусхадаги пластик гувоҳномаларда автомототранспорт воситаси техник кўрикдан ўтганини акс эттирувчи белги қўйиладиган жой йўқ. Шуни инобатга олган ҳолда, автомототранспорт воситаси техник кўрикдан ўтгани тўғрисидаги талон ҳам жорий этилди. Кўрик натижаси ана шу талонда акс этади.
Жорий этилаётган мазкур янгиликлар мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
ЎзА материали асосида тайёрланди.
*Қарор матни «СБХ»нинг мазкур сони ҳужжатлар пакетида чоп этилмоқда.