«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» доирасида Наманган вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти тадбиркорлар ҳузурига бевосита ташриф буюриб, уларнинг кундалик ҳаёти билан яқиндан танишишни яхши анъанага айлантирди.
Яқинда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи О.Ҳожиматов Наманган шаҳридаги «Ифтихор кийим саноати» МЧЖда корхона вакиллари билан сайёр учрашув ўтказиб, корхонанинг иш фаолияти, ишлаб чиқариш қувватлари билан яқиндан танишди. Болалар ва эркаклар кийим-кечаклари тайёрлашга ихтисослашган корхонанинг ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги фабрика бунёд этиш бўйича яқин истиқболдаги лойиҳаларини ўрганди. Шу аснода ёпиқ турдаги божхона омборини ташкил этиш мақсадида корхона ҳудудидан ажратилган бино ва майдон кўздан кечирилди.
Бундай омборни ташкил этиш Божхона омбори фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом (ВМнинг 20.11.2003 йилдаги 523-сон қарорига 1-илова) талаблари асосида амалга оширилиши, божхона омбори эгаси ҳамда жойлашган жойга, унинг жиҳозланишига ва асбоб-ускуналарига қўйиладиган талаблар, божхона омбори эгасининг жавобгарлиги ҳамда божхона тўловлари тўланишини таъминлаш масалалари тушунтирилди.
Товарларни республика божхона ҳудудида қайта ишлаш тартиботлари, корхона фаолияти асосан экспортга йўналтирилганини инобатга олиб, валюта тушумини мажбурий сотиш тартибига киритилган ўзгартиришлар юзасидан ахборотлар берилди.
Корхона раҳбари А.Добрих бугунги кунда давлатимиз раҳбарияти томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат, хусусан, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишдаги кенг имкониятлар натижасида ҳозирда корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 60 фоизи Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Испания ва Франция давлатларига экспортга чиқарилаётгани ва бу борада божхона хизмати органларининг ўрни катта эканини таъкидлаб ўтди.
Наманган вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.