Мен бир корхонани (МЧЖни) юргизиш учун олдим. Корхонанинг қарзлари кўп – қарздорлик устав капиталидан ошиб кетган.
Мен корхона қарзларини узиш ва уни самарали бошқариш учун қандай хатти-ҳаракатларни амалга оширишим керак?
– Сизнинг кредиторлик қарзингиз хусусида батафсил билмай туриб, уни сўндиришга, бинобарин, корхонанинг рентабелликка эришишига қаратилган аниқ ҳаракатлар мажмуасини тавсия қилишимиз мушкул.
Бироқ, эътиборингизни бизнингча муҳим бўлган айрим ҳуқуқий нормаларга қаратамиз.
Биринчи навбатда корхонангизнинг актив ва пассив (мажбуриятлар ва хусусий капитал1)ларини аниқлашдан, шу жумладан асосий воситалар, номоддий активлар, молиявий қўйилмалар, товар-моддий бойликлар, ҳисоб-китобларни (масалан, бюджет, банклар, харидорлар, мол етказиб берувчилар, ҳисобдор шахслар, ходимлар, бошқа дебитор ва кредиторлар билан) ва ҳоказоларни инвентарлашдан бошланг (19-сон БҲМС, АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Агар фирмангизнинг иккинчи ёки ундан кейинги молия йили тугаганидан кейин соф активлари қиймати устав капиталидан кам бўлиб чиқса, фирма ўзининг устав капиталини соф активлари қийматидан ошмайдиган миқдоргача камайтириш тўғрисида қарор қабул қилиб, бундай камайтиришни рўйхатдан ўтказиши шарт («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 19-моддасининг 5-қисми).
МИСОЛ. Фирма (МЧЖ) 2012 йилда 10 млн сўм миқдоридаги устав капитали билан ташкил этилган. 2016 йил якунлари бўйича фирма соф активларининг қиймати 4,3 млн сўмни ташкил этиб, тегишинча, у фирма устав капитали миқдоридан кам бўлиб қолган.
Мазкур ҳолда фирма устав капитали миқдори 4,3 млн сўмдан ошмайдиган миқдоргача камайтирилганлигини эълон қилиб, бундай камайтириш (уни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни тақдим этиш йўли билан) давлат рўйхатидан ўтказувчи органда қайта рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Агар ўша (иккинчи ёки ундан кейинги) молия йили тугаганидан кейин фирмангиз соф активларининг қиймати унинг давлат рўйхатидан ўтказилиши санасидаги ҳолатга кўра устав капиталининг минимал миқдоридан (ЭКИҲнинг 40 бараваридан) кам бўлиб қолса, фирмангиз тугатилиши керак (МЧЖ тўғрисидаги Қонун 19-моддасининг 6-қисми).
МИСОЛ. Фирма 20.01.2012 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган. Ўша кунги ҳолатга кўра ЭКИҲ миқдори 62 920 сўмга, унинг 40 баравари эса 2 516 800 сўмга тенг бўлган. 2016 йил якунлари бўйича фирма соф активларининг қиймати қонунда белгиланган устав капиталининг минимал миқдоридан кам бўлиб, айтайлик, 150 500 сўмни ташкил қилган. Бу ҳолда фирма тугатилиши керак.
Бундан ташқари, янги таҳрирдаги «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг (бундан кейин – Қонун) тегишли қоидаларини ҳам эътиборга олишингиз керак. Хусусан:
- қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва/ёки тўловлар мажбурияти2 юзага келган кундан эътиборан 3 ой давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, унинг банкротлик аломатлари деб эътироф этилади (4-модда);
- бундай иш банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар ЭКИҲ миқдорининг камида 500 каррасини ташкил этадиган бўлса, суд томонидан қўзғатилиши мумкин, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (5-модданинг 2-қисми);
- қарздор, агар унинг 3 ойлик муддатда мажбуриятларни бажаришга қодир эмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, ўзини банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат этишга ҳақли (7-модданинг 1-қисми);
- қуйидаги ҳолларда улар юзага келган пайтдан эътиборан 1 ойдан кечиктирмай қарздорнинг раҳбари судга ариза билан мурожаат этиши шарт:
- бир ёки бир нечта кредиторларнинг талабларини қондириш қарздорнинг бошқа кредиторлар олдидаги мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажаришини имконсиз қилиб қўйишга олиб келадиган бўлса;
- ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратилганда бундай ундирув қарздорнинг хўжалик фаолиятини имконсиз қилиб қўяди деб ҳисоблашга асослар бўлса (8-модданинг 1 ва 3-қисмлари).
Шу билан бирга «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг II бобида судгача санация қилиш назарда тутилган. У банкротлик тўғрисида иш қўзғатилгунга қадар амалга оширилади (30-модда) ҳамда корхонанинг тўлов қобилиятини, иқтисодий қувватини тиклаш ва келгусида унинг фаолияти самарали бўлишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.
Банкротликнинг олдини олиш мақсадида фирмангизнинг иштирокчилари ҳамда директори юқорида айтилган ариза судга берилгунга қадар уни молиявий жиҳатдан соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни кўриши лозим. Бундай чоралар сиз билан тузилган битимга асосан кредиторлар ёки бошқа шахслар томонидан ҳам кўрилиши мумкин (30-модданинг 3-қисми).
Судгача санация қилишнинг асосий чора-тадбирлари хусусан қуйидагилардир:
- тўлов муддати ўтказиб юборилган қарзларни тўла ёки қисман сотиб олиш;
- қарздорнинг тўлов қобилияти тикланиши ҳамда фаолиятини давом эттиришидан манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан молиявий ёрдам кўрсатилиши (масалан, пулли ёки товарли қарз шартномасига асосан);
- қарздорнинг фаолиятни давом эттириши учун қарздор билан кредиторлар ўртасида кредиторларга тўланадиган тўловлар муддатини кечиктириш ва/ёки уни бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд қарзлардан сийлов бериш тўғрисида аҳдлашувга эришишга қаратилган битим (32-модда).
Камол МУЗАФФАРОВ,
«Norma Online» етакчи эксперти.
1Хусусий капитал устав капиталидан, қўшилган, захира капиталидан ва тақсимланмаган фойдадан таркиб топади (янги таҳрирдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси 1-қисми).
2Қарздорнинг пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича мажбурияти бундан кейин қисқача «мажбуриятлар» деб аталади.