Корхонанинг асосий фаолияти – товар бетони ва қурилиш қоришмасини ишлаб чиқариш. Фаолият давомида тузилган шартномаларга кўра қисман буюртмачининг материалларидан (яъни буюртмачи цемент беради, қум ва шағал эса ўзимиздан) товар бетони (100-марка) ишлаб чиқарамиз. Шартнома предмети – 100-маркали товар бетони ишлаб чиқариш учун қайта ишлашга берилган (давал) хом ашёни қайта ишлаш.
1. Ҳисобварақ-фактурада нимани акс эттириш керак – «Товар бетони» ёки бетон давал хом ашёдан ишлаб чиқарилганда «Товар бетони ишлаб чиқариш учун давал хом ашёни қайта ишлаш» дебми?
2. Қайта ишлов берувчи бетон маркасини кўрсатиши шартми?
Р.Расулов,
бухгалтер.
1 |
Ҳисобварақ-фактуранинг 1-устунидаги товарлар (ишлар, хизматлар) номи шартнома предметига мувофиқ келиши керак.
Хўжалик шартномасини тузишда «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган талаблар бажарилиши керак.
Хўжалик шартномаси шартнома предметини, етказиб бериладиган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) миқдори, сифати, ассортименти ва баҳосини, шартноманинг бажарилиш муддатларини, ҳисоб-китоб қилиш тартибини, тарафларнинг мажбуриятларини, шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлигини, низоларни ҳал этиш тартибини ҳамда тарафларнинг реквизитларини, шартнома тузилган сана ва жойни, шунингдек бундай турдаги шартномалар учун қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа муҳим шартларни назарда тутиши керак (Қонуннинг 10-моддаси).
Агар корхона тайёр маҳсулот – товар бетонини ўз материалларидан тайёрласа, унинг таннархидаги харажатлар ҳисобини юритса, харидорлар билан тайёр маҳсулотни сотиш шартномасини тузса, сотиш чоғида ҳисобварақ-фактурада «Товар бетони»ни кўрсатади.
Агар давал хом ашёни қайта ишлаш шартномаси тузилса, Қайта ишлашга берилган хом ашё билан боғлиқ операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 15.03.2010 йилда 2086-сон билан рўйхатдан ўтказилган) амал қилиш лозим. Бу ҳолда буюртмачи қабул қилиш-топшириш далолатномаси ёки юкхат бўйича хом ашёни қайта ишлашга беради. Давал хом ашё ва ундан тайёрланган маҳсулотга эгалик қилиш ҳуқуқи буюртмачида қолади. Қайта ишлов берувчидаги давал хом ашё ҳисоби балансдан ташқари ҳисобварақда юритилади. Қайта ишлов берувчи бажарилган ишлар бўйича харажатлар ҳисобини юритади. Қайта ишлов берувчи ўз хом ашёсидан (қум, шағал) фойдаланганда, унинг қиймати бажарилган ишлар таннархига киритилади.
Давал хом ашёни қайта ишлашдан олинган маҳсулот буюртмачига қайтариб берилганда, давал хом ашёни қайта ишлаш бўйича ишларнинг ҳақиқатда бажарилганлигини тасдиқловчи ҳисобварақ-фактура ҳамда Давал хом ашёни қайта ишлашдан олинган маҳсулотни қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва Давал хом ашёнинг ишлатилиши тўғрисида ҳисобот ёзиб берилади (Низомнинг 20-банди). Бунда ҳисобварақ-фактурада «Давал хом ашёни қайта ишлаш бўйича бажарилган ишлар» кўрсатилади.
2 |
Бетон маркаси шартнома предметида кўрсатилган экан, қайта ишлов берувчи уни қайд этишга мажбур.
Шартномада бетон маркаси – М100 кўрсатилганда тайёрланаётган маҳсулотнинг сифат тавсифлари белгиланган. Қандайдир алоҳида аломатлари ҳам шартномада қайд этилган бўлиши лозим.
Бетонга қурилиш нормалари, стандартлари ҳамда уларга тенглаштирилган норматив-техник ҳужжатлар (СНҚ, ШНҚ, ДСТ) татбиқ этилади. ДСТ 25192-82 га мувофиқ, бетонлар қуйидаги аломатлари: асосий вазифаси, бириктирувчи модда турлари, тўлдиргичлари, таркиби бўйича таснифланади. Муайян тоифадаги бетонни тайёрлаш учун муайян маркали – тавсия этиладиган ва йўл қўйиладиган цемент зарур. Хом ашё сарфи нормалари, цемент маркаси, тўлдиргичлар таркиби ва турлари ва ҳ.к. бетон маркасига боғлиқ.
Юқоридагилардан келиб чиқилса, шартнома предметида марка қайд этилганлиги боис қайта ишлов берувчи уни кўрсатиши шарт.
Қабул қилиш-топшириш далолатномасида ҳам бетон маркасини кўрсатишни тавсия этамиз.
Анжелика НАМ, «Norma Online» эксперти.