Агар корхона АВни қайта баҳоламаган бўлса, солиқ соҳасидаги ёхуд бошқа қандай оқибатлар унга таҳдид солиши мумкин?
С.Ҳабибуллаева,
АФ бош бухгалтери.
– Корхонанинг асосий воситаларни қайта баҳоламаслиги салбий оқибатларга олиб келиши тайин.
Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш
1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолашни ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг (АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган) амал қилиши мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар ЎзРдаги барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларга татбиқ этилади.
Шу тариқа, АВни қайта баҳоламаслик далили бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тузиш тартибини бузиш сифатида талқин этилиши мумкин. Бу мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – ЭКИҲнинг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 175-1-моддаси).
Статистик ҳисоботларни бузиб кўрсатиш
Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритишдаги хатоликлар статистик ҳисобот бузиб кўрсатилишига олиб келади, бу ЭКИҲнинг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилгани учун ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 215-моддаси).
Солиқ оқибатлари
АВни қайта баҳоламаслик солиқ оқибатларига ҳам олиб келиши мумкин. Масалан, АВ чиқиб кетишида уларни қайта баҳолаш бўйича жамғарилган сальдо чиқиб кетишдан кўрилган молиявий натижага таъсир кўрсатади. Агар белгиланган муддатда АВ қайта баҳоланмаган бўлса, уларнинг чиқиб кетишидан кўрилган натижа нотўғри ҳисобланади. Бу солиқ солиш тизимига боғлиқ ҳолда фойда солиғи ёки ЯСТни ҳисоблашда кўрсаткичлар бузиб кўрсатилишига олиб келади.
Шунингдек АВни қайта баҳоламаслик юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган база – унинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати нотўғри белгиланишига олиб келади. Оқибатда – бюджетга тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғи суммаси камаяди.
Молиявий санкциялар солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик чораси бўлиб, пул ундириш (жарималар ва пеня) тарзида қўлланилади (Солиқ кодексининг 112-моддаси).
Фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёхуд бундай ҳисобни белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб бориш, башарти бу ҳаракатлар тўланиши лозим бўлган солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларнинг суммасини камайтиришга олиб келса, ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – ЭКИҲнинг 3 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 175-моддаси).
Жавобгарликни истисно этувчи ҳолат
Агар мансабдор шахслар ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган, ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кунлик муддатда йўл қўйилган бузилишларни ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлсалар, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим (МЖТКнинг 271-моддаси).
Анжелика НАМ, «Norma Online» эксперти.