Турмуш тарзимизда энг кенг тарқалган буюмлардан бири алоқа воситалари бўлса, ажаб эмас. Бугун деярли ҳамманинг қўлида ё биттадан, ё иккитадан телефон бор. Лекин, аниқланишича, бу воситалар контрафакт бўлиши ҳам мумкин экан.
Бу далил Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг ноқонуний олиб ўтилишига қарши ўтказилаётган чора-тадбирларда аниқланмоқда.
● Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан «Москва-Тошкент» йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиларининг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, фуқаро С.Ниёзовнинг (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) қўл юклари орасида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда қайд этилмаган 2,5 млн сўмлик 240 дона муқаддам фойдаланилган турли хилдаги уяли алоқа воситалари борлиги маълум бўлди. Мазкур контрабанда товарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан давлат фойдасига мусодара қилиниб, айбдорларга нисбатан маъмурий жарима тайинланди.
● «Новосибирск-Тошкент» йўналишидаги поездда кириб келган Р.Норов қиймати салкам 8,5 млн сўмлик 282 та муқаддам ишлатилган уяли алоқа воситаларини йўловчи божхона декларациясида кўрсатишни ҳамда божхона ходимларининг оғзаки сўровида айтишни гуёки «унутиб» қўйибди.
● «Свердловск-Тошкент» йўналишидаги поездда келган Ғ.Кабировнинг божхона назоратидан яширган ҳолда олиб кирган 240 дона муқаддам ишлатилган уяли алоқа воситалари баҳолаш ҳисоботига кўра 4,5 млн сўмлик экан.
Суд қарорларига кўра ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилиб, вақтинча олиб қўйилган бу контрафакт товарлар хавфсизлик талабларига жавоб бермаганлиги сабабли белгиланган тартибда йўқ қилинган.
2016 йил давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган 24 та қонунбузарлик ҳолатида қиймати 16 млн сўмдан ортиқ бўлган салкам 900 та радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Шу ўринда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фуқаролардан божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-76 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини маълум қилади.
Қонун ҳужжатларига кўра
Республикамиз ҳудудига олиб кирилаётган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг божхона расмийлаштируви Ўзбекистон Республикаси ҳудудига радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни келтириш тўғрисидаги тартибга (АВ томонидан 9.11.1998 йилда 526-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) биноан фақат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг рухсати билан амалга оширилади. Уяли алоқа воситалари (телефонлар) ҳам шу рўйхатдан ўрин олган.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати.