Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 09 / Қарор ва ижро

Харидорлар янада эътиборли бўлишлари – улар манфаатига хизмат қилади

 

Бугунгача баъзи чакана савдо ёки хизмат кўрсатиш шохобчаларида тўловни пластик карточка орқали тўлайман десангиз, «Бизда терминал йўқ» деган тайёр жавобни эшитар эдингиз. Энди тадбиркорлардан бундай важ қабул қилинмайди.

 

Гап шундаки, Президентимизнинг 2017 йил 15 февралдаги пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкалари орқали ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирларига доир ПҚ-2777-сон қарорига биноан 2017 йил 1 мартдан бошлаб чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик ­субъектлари, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолидан тўловларни банк пластик карточкалари орқали қабул қиладиган терминалларни ўрнатмасдан фаолиятини амалга оширишга ҳақли бўлмайдилар.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди. Қарор ижросига доир амалга оширилаётган ишлар хусусида гапирар экан, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ­М.Пардаев пойтахтимиздаги чакана савдо ва пуллик хизматлар кўрсатиш объектлари ҳисоб-китоб терминаллари мавжудлиги бўйича инвентаризациядан ўтказилган тўрт кун ичида 1 700 га яқин терминаллар етишмаслиги аниқланганини қайд этди.

– Бугун – инвентаризациянинг тўртинчи куни. Ўйлайманки, текширувлар сўнгига қадар камида 5 000–6 000 та терминал етишмаслиги аниқланади, – деди солиқ бошқармаси бошлиғи.

Анжуманда нақд пул ва банк пластик карточкалари орқали амалга ошириладиган тўловларни янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, маҳсулотлар нархини тўлов шаклига қараб оширадиган ёки пасайтирадиган, харидорга касса чекини бермасдан савдо қилаётган тадбиркорларга нисбатан қўлланиладиган жарима санкциялари ҳақида сўз юритилди. Бу борада Давлат солиқ қўмитаси томонидан тегишли текширувлар амалга оширилади.

Марказий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи Мажид Тоҳиров аҳолини нақд пул билан таъминлаш учун йил охиригача 1 000 дона банкомат ўрнатилишини маълум қилди. Унинг айтишича, бугунги кунда тижорат банклари тегишли қурилмаларни харид қилиш бўйича етказиб берувчилар билан музокаралар олиб бормоқда.

Мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти учун енгилликлар яратиш, сунъий тўсиқларни бартараф этиш, ўтказиладиган текширувлар сонини қисқартиришга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, амалга татбиқ этиб келинмоқда. Лекин тадбиркорлар ҳам бу имтиёз ва қулайликларга жавобан ўзларининг жамиятимиз олдидаги масъулиятини ҳис қилишлари, бизнесни ҳалол юритишлари лозимлиги эслатиб ўтилди. Хусусан, савдо-сотиқ фаолияти ва аҳолига пуллик хизмат кўрсатишда улар ўз олдидаги ижтимоий бурчга содиқ қолиши кераклиги таъкидланди.

Эндиликда чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари сотилаётган товарлар нархини ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ҳақини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлаш шаклига қараб уларни сунъий равишда оширган ёки пасайтирган тақдирда, бундай хатти-ҳаракатлар пластик карточкалар бўйича тўловларни қабул қилишда ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш борасида ўрнатилган тартибни бузиш ҳисобланади ва уларга нисбатан энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима солинади.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, НКМни, ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш, шунингдек ўрнатилган тартибда талон ва чеклар бериш, нақд тушумни ўз вақтида ва тўла ҳажмда инкассация қилиш масалалари юзасидан ўтказиладиган текширувлар, белгиланган тартибга мувофиқ, назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг махсус рухсатномасини талаб этадиган солиқ текшируви ҳисобланмайди.

Энг муҳим масала – бугунги кунда харидорларнинг янада эътиборли, зийрак бўлишлари. Агар харидорлар харид учун чек беришларини талаб қилсалар, улар нақд пул тушумини таъминлаш, тадбиркорлик субъектининг ноқонуний фаолият юритиши олдини олишга ўз ҳиссасини қўшган бўладилар.

 

Нодир АЛИМОВ,

ўз мухбиримиз.

Прочитано: 1908 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика