Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 09 / Божхона

Кашанданинг «андишаси»

ёки чекиб олинг, ёқимли иштаҳа!

 

Тасаввур қилинг, сизга тушлик овқатингиз учун қўлингизга «Хот ланч» ярим тайёр угра маҳсулотини тутқазишса-ю, уни очиб қараганингизда ичидан бир неча қути сигареталар чиқса. «Тошкент–Истанбул» рейси бўйича парвозга отланган Ш.Каримова ва унинг қизи Ш.Фазлиддинованинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) қўл юклари божхоначилар томонидан текширилганда угранинг ўрнига 787 қути кашанда товарлари «бўй кўрсатди». 

 

Бу ҳам етмагандек, контрабандачи она-бола эгнидаги қишки кийимларининг ички қисмига-да сигареталарни жойлаб чиқишган экан. Йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида «андиша қилиб» айтилмаган мазкур тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати 4 млн сўмдан ошади.

Амалдаги тартиб-қоидаларга мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар ўзлари билан олиб ўтаётган товарлар ҳақида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўровлари пайтида маълум қилишлари шарт. Бу талаб тамаки маҳсулотларига ҳам тааллуқли. Қолаверса, товарларни хорижга экспорт қилиш фақат юридик шахслар томонидан ташқи савдо шартномалари асосида амалга оширилади.

Юқоридаги рейс бўйича бир кунда парвозга отланган самарқандлик опа-сингил Аҳматовалар ҳам ҳамроҳлари Д.Абдуалиева ва Р.Сайфиддинов Туркияга «қуруқ қўл» билан боришни ўзларига эп кўришмаган чоғи, текширувда улар томонидан 1 360 қути «KENT HD» сигареталари йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаганлиги аниқланди. Хорижда пуллаш учун кўзланган мазкур тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати 7,3 млн сўмни ташкил қилар экан.

 Яна ўша рейс, яна ўша манзил, яна ўша номдаги тамаки маҳсулоти! Бу гал божхоначилар Т.Исомовни қинғир қилмиши устида фош қилишди: у багажига яширган ҳолда қиймати салкам 1,6 млн сўмлик 300 қути сигареталарни божхона назоратидан четлаб олиб чиқишга уринган эди.

Унинг ҳамшаҳри Ш.Ибодов эса манзилнинг ҳам, мўлжалнинг ҳам каттароғини танлади. У 2,8 млн сўмдан ортиқ бўлган 570 қути сигареталарни «Нима бизга Америка!» деганча океан орти мамлакатига олиб ўтмоқчи бўлган эди, «Тошкент–Нью-Йорк» рейси бўйича парвози олдидан «Тошкент-Аэро» ИБК божхоначилари бу режани чиппакка чиқаришди.

Кишини таажжубга соладиган жиҳати шундаки, айрим мамлакатларга кўп миқдордаги тамаки маҳсулотларини олиб киришнинг ўзи амалда мумкин эмас. Масалан, жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш меъёрларига кўра, АҚШга фақатгина 10 қути сигареталарни олиб киришга рухсат этилади.

Кўриниб турибдики, юқоридаги ҳолатларда «тадбиркор экспортчилар» ўз фаолиятларига доир ҳам мамлакатимиз қонунчилигидан, ҳам бошқа давлат қонунчилигидан бехабар эканликлари маълум бўлмоқда. Уларнинг йўли тўсилиши оқибатида эса юртдошларимизнинг бошқа давлатларда ҳам божхона қоидабузарликларини содир этганликлари учун жавобгарликка тортилишларининг олди олинди. Энг муҳими, хорижий давлатларда мамлакатимизнинг обрў-эътиборига путур етиши бартараф этилиб, юртимиз шаъни ҳимоя қилинди.

Шундай экан, хорижий давлатларга йўл олаётган юртдошларимиз нафақат мамлакатимизнинг, балки ўзлари йўл олган давлатнинг ҳам божхона қоидаларини билишлари ва уларга қатъий риоя қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

2016 йилда «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан аниқланган 100 та божхона қоидабузарлиги ҳолатида 234 млн сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

 

Ҳусен ТАНГРИЕВ,

«Тошкент-Аэро» ИБК

Ахборот хизмати катта инспектори.

Прочитано: 1363 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика