Пойтахтимизда МЧЖ шаклидаги маҳаллий тадбиркор номига Латвиядан юборилган 20 тоннадан ортиқ юк божхоначилар томонидан кўрикдан ўтказилганда контейнерда салкам 5,8 тонналик шоколад ва сақичларнинг истеъмол муддати деярли 3 йил олдин тугаганлиги маълум бўлди. 830 килограммдан ортиқ картошка чипслари эса атиги 1 ойдан кейин истеъмолга яроқсиз бўлиб қолар экан.
Ваҳоланки республикамизда жорий этилган тартибларга мувофиқ, яроқлилик муддати ва ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган дори-дармон, озиқ-овқат ва маиший кимё воситаларининг реализация қилиниши ман этилади, қолаверса, истеъмол муддати тугашига 60 кундан кам қолган товарлар божхона омборига жойлаштирилмаслиги керак. Қолаверса, хориждан озиқ-овқат маҳсулотларини келтиришда санитария-эпидемиологик хулоса ва мувофиқлик сертификатлари талаб этилади.
Шунга қарамай, тадбиркорликнинг ғирром йўлини афзал билган айрим устомонлар божхона назоратидан яширин равишда сифати кафолатланмаган ва истеъмол муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб ўтишга уриниб, бу билан энг аввало юртдошларимиз саломатлигини хавф остига қўйишмоқда. Юқоридаги контрафакт ҳолат ҳам пойтахтимиздаги «Тошкент-товар» ТИФ божхона пости ходимлари темир йўл контейнерларидан бирини ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказишганда аниқланган. Бундан ташқари мазкур товарлар Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (13.05.2013 йилдаги 127-сон) мувофиқ белгиланган тартибда давлат тилида маркировка ҳам қилинмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идора вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган салкам 2 800 та қонунбузарлик ҳолатида 6,4 млрд сўмдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар божхона бошқармасида узлуксиз фаолият юритувчи 120-76-76 рақамли «ишонч телефони» орқали хабар бериш мумкин.
Бу божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши, шунингдек, мансабдор шахслар ва божхона ходимлари томонидан коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олади, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Тошкент шаҳар
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.