Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 09 / Амалий бухгалтерия

Текинга бериш қандай расмийлаштирилади?

 

Бизнинг МЧЖ компью­терни (1 дона) бошқа МЧЖга ноль даражали қолдиқ қиймат бўйича текинга беришга қарор қилди. Бошланғич қиймати – 1 000 000 сўм.

1. Тўлиқ эскирган компьютер текинга берилганда ­ҳадя шартномаси расмийлаштириладими?

2. Ҳадя шартномасида қайси суммани кўрсатиш лозим? Ушбу компьютерга 100 фоизли амортизация ҳисобланганини шартномада кўрсатиш керакми?

3. Баҳоловчи компанияда мол-мулкни ноль даражали қолдиқ билан баҳолаш мажбурийми?

4. Мазкур вазиятда ҳисобварақ-фактура (4, 5 ва 9-устунлар) қандай тўлдирилади? Ҳадя шартномаси бўйича берилган компьютерга ҚҚС солинадими?

Х.Набиев,

МЧЖ бош бухгалтерининг ўринбосари.

 

1

Мол-мулк текинга берилганда ҳадя шартномаси расмийлаштирилади (ФКнинг 502-моддаси). Кўчар мулкни ҳадя қилиш шартномаси ҳадя қилувчи юридик шахс бўлганида оддий ёзма шаклда тузилиши лозим (ФКнинг 504-моддаси 3-қисми).

Мол-мулк қандай қийматда, муайян нархда ёки ноль даражали қолдиқ қиймат бўйича берилишидан қатъи назар, бу қоида барча битимларга татбиқ этилади.

Битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади (ФКнинг 109-моддаси 3-қисми).

 

2

Шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади, тегишли шартнинг мазмуни қонун ҳужжатларида кўрсатиб қўйилган ҳоллар бундан мустасно (ФКнинг 354-моддаси).

Сизнинг ҳолатда ҳадя шартномасида текинга берилаётган мол-мулкнинг бошланғич ва қолдиқ қийматини акс эттиришингиз мумкин. Масалан, бошланғич қиймати – 1 000 000 сўм, қолдиқ қиймати – 0 сўм, эскириш – 100%.

Мол-мулкнинг бозор қиймати ҳужжатлар билан ёки баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи билан тасдиқланади. Ҳужжатлар билан тасдиқлаш деб жўнатиш, етказиб бериш ёки топшириш ҳужжатлари, етказиб берувчиларнинг нархларга оид маълумотлари (прайс-варақлар), ОАВдан олинган маълумотлар, биржа маълумотлари, давлат статистикаси органларининг маълумотлари эътироф этилади (Солиқ кодексининг 135-моддаси 3-қисми).

 

3

Баҳолашни ўтказиш давлатга тўла ёки умумий мулк ҳуқуқида қисман қарашли баҳолаш объектлари битим тузишга жалб этилган тақдирда мажбурийдир («Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси).

Агар сизнинг МЧЖ устав фондида давлат улуши бўлмаса, берилаётган мол-мулкни баҳоловчи компанияни жалб этган ҳолда баҳолашга мажбур эмассиз.

 

4

Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибига (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-илова) мувофиқ, асосий воситаларни реализация қилишда ҳисобварақ-фактурада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

4-устун «Нархи»да – асосий воситаларнинг қолдиқ қиймати;

5-устун «Етказиб бериш қиймати»да – ҚҚС суммасини унга киритган ҳолда реализация қилиш нархи;

9-устунда – ҚҚС суммаси. Бунда, агар солиқ солинадиган база нолдан кичик ёки унга тенг бўлса, яъни 4-устун суммаси 5-устунда кўрсатилган суммадан катта ёки унга тенг бўлса, 9-устун тўлдирилмайди.

Асосий воситалар текинга берилганда ҳисобварақ-фактура шунга ўхшаш тартибда тўлдирилади. Тартибда мол-мулк ноль даражали қолдиқ қиймат бўйича берилаётганда ҳисобварақ-фактураларни тўлдиришда муайян истиснолар ёки ўзига хос хусусиятлар назарда тутилмаган.

Тегишинча, сизнинг ҳолатда компьютер ноль даражали қолдиқ қиймат бўйича текинга берилаётганда ҳисобварақ-фактуранинг 4 ва 5-устунларида «0» қайд этилади, 9-устун эса тўлдирилмайди.

Асосий воситаларни бепул асосда бериш товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти бўлмайди. Тегишинча, уларнинг қийматига ҚҚС ҳисоблаб ёзилмайди (Солиқ кодексининг 199-моддаси 2-қисми 6-банди).

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2197 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика